Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Орол денгизи ҳавзасининг экотизими ва сув ресурслари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Хитой Фанлар академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Қозоғистон, Канада, Хитой давлатларидаги олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтларининг 30 нафардан зиёд олимлари ҳамда илмий тадқиқотчилари иштирок этди.
Конференцияда Қорақалпоқ давлат университети ректори А.Реймов, Хитой Фанлар академияси Синьцзян экология ва география институти директори ўринбосари И.Жанг, география фанлари ва табиий ресурсларни тадқиқ қилиш институти профессори Й.Луо, Ўзбекистон миллий университети профессори Р.Қулматов ва бошқалар сўзга чиқиб, Орол денгизи ҳавзасидаги экологик ҳолат, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши муаммолари, Жанубий Орол бўйидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг бугунги ҳолати масалаларига тўхталиб ўтишди.
Халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари Мўйноқ туманида бўлиб, бу ердаги вазият билан яқиндан танишди ва уч кун давомида дала экспедициясида иштирок этишди.