ОРОЛБЎЙИ МИНТАҚАСИДА ЭКОЛОГИК ҲОЛАТНИ ЯХШИЛАШ бўйича ҳамкорликка бағишланди


Жорий йил 27 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида “Орол бўйи минтақасида экологик ҳолатни яхшилаш масалалари ва ушбу жараёнда корейс диаспорасининг роли” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон корейс маданий марказлари ассоциацияси раиси Виктор Пак, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ бош котиби Пан Ги Мун, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Атажан Ҳамраев, Кореянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У сўзга чиқиб, ўтказилаётган халқаро форумнинг аҳамияти, Орол денгизининг қуриши билан юзага келган экологик муаммоларни бартараф қилиш бўйича Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида батафсил тўхталиб ўтдилар.

Ҳақиқатан ҳам сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Оролбўйи аҳолсининг турмуш шароити сезиларли даражада яхшиланди.

Бу борада 2018-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дас­турининг қабул қилиниши ҳудудда юзага келган муаммоларни босқичма-босқич ҳал қилиш имкониятини бермоқда. Бугунги кунда экологик инқироз маркази бўлган Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Юртимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб Жанубий Корея билан муносабатларимиз ҳар томонлама ривожланмоқда. Айниқса, бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг муаммосига айланган Орол инқирозини юмшатиш, ҳудудда яшовчи аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, саломатлигини сақлаш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Жанубий Корея билан республикамиз ўртасида товар айланмаси 34,3 миллион, шундан экспорт 6,2 миллион, импорт 28,1 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Республикамиз иқтисодига тўғридан-тўғри 36 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдорда корейс компанияларининг инвестициялари киритилди. Корея инвесторлари иштирокида республикамиз ҳудудида бир қатор қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Корейс маданий марказлари ассоциация­сининг ташаббуси билан ўтказилаётган халқаро форумга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ бош котиби Пан Ги Муннинг раҳбарлигидаги Жанубий Корея ҳукумати ва ижтимоий соҳа вакилларидан иборат делегациясининг иштироки Орол минтақасининг экологик ҳолатини яхшилашга, юзага келган муаммоларни юмшатиш борасидаги ишларнинг кўламини кенгайтириш ва сифатини оширишга, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга хизмат қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби лавозимида ишлаб юрган пайтида Пан Ги Мун Мўйноқ туманига келиб, ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитлари билан танишган ва одамлар билан суҳбатлашган эди. Орол денгизининг қуриб кетиши билан боғлиқ муаммоларни “ Дунёдаги энг оғир экологик мусибат” деб эълон қилиб, жаҳон ҳамжамиятининг, халқаро ташкилотларнинг эътиборини ушбу муаммонинг ечимига қаратган эди.

Халқаро форум доирасида бир қатор хайрия акциялари ҳам ўтказилди. Жумладан, Жанубий Кореяда билим олаётган ёшларимиз делегация аъзолари билан биргаликда Мўйноқ туманида бўлиб, мактаб ўқувчиларига ўқув қуроллари, ёрдамга муҳтож оилаларга дори-дармон тарқатилди ва аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилди.

— Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Орол фожеаси тасвирланган харитани кўрсатган ҳолда, денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф қилиш борасида халқаро кўламдаги саъй ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон корейс маданий марказлари ассоциацияси раиси Виктор Пак. — Бу борада ассоциациямиз қошидаги “Экология” секцияси олимлари томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Мақсадимиз, юзага келган экологик инқи­розни бартараф қилиш йўлидаги ҳаракатларни бирлаштириш ва унда корейс диаспорасининг фаол иштирокини таъминлашдан иборат.

Шу куни Нукус шаҳридаги “Турон” ўйингоҳида республикамиз олий ўқув юртлари талабалари билан Жанубий Кореянинг “Chung – Ahg University High School Soccer Team” ёшлар жамоаси орасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчиларига республикамиз ва Жанубий Корея санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.