Қирғовулларни қандай кўпайтирамиз?


2019 йил 16 январда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг «Қорақалпоғистон  Республикаси ҳудудида қирғовулларни ҳимоя қилиш ва бош сонини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Қарорга мувофиқ, республикамиз ҳудудида 2019-2020 йилларда қирғовулларни овлаш ман этилди. Қирғовулларни ноқонуний овлашга йўл қўйган шахс­ларга амалдаги қонунлар асосида ва белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, овчилар ҳамда балиқчилар жамияти ва бош­қа тегишли идора ва ташкилотлар қирғовулларни қўриқлаш бўйича идоралар­аро назорат ва уларнинг яшаш шароитини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлими уларнинг бош сонини аниқлаш мақсадида тегишли органлар билан биргаликда йиллик ҳисобини юритиш ва биологик илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилади.

Ҳозирги вақтда ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлимининг Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот инс­титути олимлари томонидан республикамиз ҳудудида қирғовулларнинг экологиясини ва кўпайиш жараёнини ўрганиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Биз  қирғовулларнинг сони камайиб кетишига сабабчи бўлаётган омиллар хусусида маълумот олиш мақсадида ЎзРФА Қорақалпоғис­тон бўлимига мурожаат этдик. Маълумотларга кўра, республикамизда ҳозирги вақтда қушларнинг 246 тури рўйхатга олинган. Улар орасида энг ноёб қушлардан бири бу — қирғовул бўлиб ҳисобланади.

Қирғовуллар яшайдиган ерлардаги сўнгги йиллардаги қурғоқчиликлар, ичимлик сувининг камайиши, қирғовул тухумларидан жўжаларнинг кам чиқишига, кўпчилигининг аввал яшаб келаёт­ган ерларини ташлаб суви сероб, озуқага бой жойларни излаб дарё, ариқлар бўйларига, маданий ғалла далаларига кетиб қолишига сабаб бўлмоқда, — дейди ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлимининг қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари, биология фанлари доктори, профессор С.Мамбетуллаева. — Қирғовуллар асосан, одамлар томонидан овланиб, кўпчилиги майда йиртқичларга ем бўлмоқда.

Оролбўйи ҳудудидаги табиатнинг кейинги йиллардаги ўзгаришлари ва 2016-2018 йиллардаги тадқиқотларимизнинг натижасига асосланиб, биз қирғовуллар яшайдиган табиий мувозанатни сақлаб қолиш, уларнинг сонини кўпайтириш мақсадида, қиш мавсумида қўшимча озиқлантириш чораларини амалга оширишимиз лозим.

Уларнинг сонини кўпайтириш, доимий сақлаш мақсадида ўрмонзорларга, дарё, ариқлар бўйларига қирғовулларга озуқа бўладиган ўсимликларни экиш, уларнинг аввалдан яшаб келаёт­ган табиий ўсимликларга бой майдонларини сақлаб қолиш мақсадида камида йилига икки марта суғориш, уларнинг сув ичиш жойларини ташкил этиш зарур.

Бу ишларда фақат тегишли соҳа вакиллари эмас, барчамиз фаол иштирок этсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аслида қирғовулларга тегмасликнинг ўзи катта ёрдам.

Яқин икки йилликда ўтказилган тадқиқотларимиз давомида кўплаган маълумотларга эга бўлдик. Биздаги қирғовуллар Орол денгизининг жанубида, Амударёнинг қуйи қисми томонларида кўп учрайди. Кўпинча ўрмонларда, бутазорлар ва қамишзорлар орасида яшайди.

Қишда улар қалин қамишзорларга яширинади, баҳор келиши билан тарқала бошлайди. Март-апрель ойларида уй қуриб, 22-23 кун давомида 8 донадан 19 тагача тухум қўйиб, жўжалайди. Август ойларига келиб, жўжалари улғайиб, оналаридан ажралиб ўзлари яшай бошлайди. Улар майда ҳашоратлар, дала ўсимликларининг мевалари, барглари, уруғлар, жийда, жигилдиклар билан озиқланади. Ҳозирги вақтда қирғовуллар энг кўп учрайдиган жойлар бу Жалтирбош, Довуткўл, Кўктош кўлларининг атрофи ҳисобланади.

Бу ерларда ўрта ҳисоб билан олганда уларнинг тиғизлиги бир квадрат километр ерга баҳорда 5830 та, кузда 7650 тадан тўғри келади.

Қарорда кўрсатилган вазифалар тўлиқ бажарилса, республикамиздаги қирғовулларнинг сони 3-4 фоизга кўпаяди, деган ниятдамиз.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон  хабар агентлиги шарҳловчиси.