ҚИЗИЛМИЯ ИЛДИЗИ БЕБАҲО БОЙЛИГИМИЗДИР


Қизилмия ўсимлиги республикамиз ўсимликлар дунёсининг бебаҳо хазиналаридан бири. Унинг илдизи хомашё сифатида кўплаб ишлаб чиқариш корхоналарида фойдаланилади. Баҳосига келадиган бўлсак, жаҳон бозорида қизилмия илдизининг ҳар бир тоннаси камида 700-1000 долларга сотилади. Айниқса, фармацевтика, кондитерлик маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган корхоналар учун қизилмия илдизи муҳим аҳамиятга эга.

Юртимизда қизилмия илдизидан халқ манфаати учун фойдаланиш, қизилмия плантацияларини кўпайтириш бўйича муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада, аҳолининг кўп қисми шу соҳада фаолият ­юритиб, юртимиз ривожига катта ҳисса қўшмоқда.

Бироқ “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, — ­деганидек, айрим фуқароларимиз фақат ўз манфаатини кўзлаб, бундай имкониятлардан нотўғри фойдаланмоқда. Улар ариқ ва каналлар бўйлари ва пахта, шоли дала майдонлари атрофида ўсиб турган қизилмия ўсимлиги ва унинг илдизларини 2,5-3 метр чуқурликгача қазиб, бутунлай олиб кетмоқда.

Аслида, қизилмия илдизини ярим метр чуқурликгача қазиб олиш белгиланган. Унинг илдизларини бутунлай олишга рухсат этилмайди. Негаки, унинг чуқур илдизи қайта ривожланиши ва кўпайиши учун муҳимдир.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг июнь ойига қадар республикамиз ҳудудида ўтказилган тезкор-тадбирлар давомида қизилмия илдизини ноқонуний қазиб олиб, сотиш билан шуғулланаётган бир неча фактлар аниқланган.

Жумладан, Ҳайвонот ва ўсимликлар ­дунёсини муҳофаза қилиш бўйича минтақавий Биоинспекция ходимлари томонидан қонунбузарлардан 23 минг 780 килограмм қизилмия илдизи олиб қўйилган.

Масалан, ўтган йил 18 январь куни Кегайли туманида яшовчи фуқаро М.К, 12 февралда эса шу ҳудудда яшовчи Б.А ларнинг тумандаги канал бўйларидан қизилмия илдизини ноқонуний қазиб олаётгани аниқланиб, М.К.дан 7200, Б.А.дан 11 килограмм қизилмия илдизи ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Шу каби ҳолатлар Қонликўл, Шуманай, Нукус туманларида ҳам кўплаб аниқланмоқда. Бундай қонунбузарликка йўл қўйган фуқароларга тегишли чоралар кўрилмоқда.

Қизилмия илдизини қазиб олиш билан шуғулланадиган фирма ва корхоналарга табиатни муҳофаза қилиш, қизилмия илдизини қазиб олишда белгиланган тартибларга, яъни илдизнинг ярим метрдан пастки қисмини қолдириш, илдиздан бўшаган майдонларга қайтадан қизилмия ўсимлигини экиш бўйича таклифлар берилган.

Айтмоқчимизки, қизилмия илдизини қазиб олишда белгиланган меъёрларга амал қилиб, бебаҳо бойлигимизни асраб авайлайлик!

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.