Қонун устуворлиги таъминланса адолат ҳукмрон бўлади


Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 27 йиллиги кенг нишонланаётган бир пайтда шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар энг аввало инсон, унинг қадр-қиммати ва шаънини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 2018 йилга Президентимиз ташаббуси билан «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб ном берилиши бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди десак, асло муболаға бўлмайди.

Бундан ташқари, мамлакатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қи­линди. Унда келгуси беш йил давомида амалга ошириладиган ислоҳотлар, асосий вазифа ва режалар белгилаб олинди. Мазкур ҳужжат қабул қилинганидан бошлаб то бугунги кунга қадар унинг ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар натижасида юртимиз ҳаётида туб бурилишлар бўлаётганига барчамиз гувоҳмиз. Бу ўзгаришларни нафақат мамлакат аҳолиси, балки жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.

Ушбу ислоҳотлар жараёнида прокуратура органларига ҳам қатор масъулиятли вазифалар юклатилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикасида қонунийлик ҳолати чуқур таҳлил этилиб борилмоқда. Оқсаётган соҳалар тўлиқ ўрганилиб уларга нисбатан прокуратуранинг муносабати билдирилиши лозим бўлган қонунчилик йўналишлари белгилаб олинган.

Ўтган давр мобайнида Қо­рақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасида ўтказилган тадбирлар натижасида 2475 та прокурор назорати ҳуж­жатлари қўлланилиб, 4214 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокурор протестлари асосида 291 та қонунга зид ҳуқу­қий ҳужжат бекор қилинди, 453 таси қонунга мувофиқлаштирилди, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан жойларга 527 та тақдимнома киритилиб, 2364 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, судларга 744 млн. сўмлик моддий зарарни ундириш ҳақида 99 та  ариза киритилиб, назорат тадбирлари ва дастлабки тергов давомида жами 5,9 млрд. сўмлик моддий зарар айбдор шахслардан ундирилди.

Бу жараёнда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга қатъий риоя қилинишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мурожаатларни кўриб чиқишга оид қонунлар ижроси прокуратуранинг доимий назоратида бўлиб келмокда. Йил бошидан буён прокуратура органларига жами 9688 та ариза ва шикоят келиб тушган бўлса, улардан 6279 таси, яъни 65 фоизи  прокуратура органлари томонидан текширилиб, ҳал қилинди.

Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этишда Республика прокуратураси ва Халқ қабулхоналари ўртасида доимий ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва сайёр қабуллар ташкил этилаётгани ўз самарасини бермоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, шу жумладан уйма-уй юриш ва аҳоли билан учрашиш асносида энг қуйи бўғинда — маҳаллада долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни жойида бартараф этишнинг барча чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан барча туман ва шаҳарларда сайёр қабуллар ўтказилиб, уларда 300 га яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинди. Қабуллар жараёнида 90 та мурожаат қаноатлантирилди, 100 таси бўйича тушунтириш берилди. Мисол учун, Тўрткўл туманида яшовчи С.Холмуродова ва Б.Жумабоеванинг, Беруний туманида яшовчи Ж.Қурбонниёзов, Х.Полвонов ва М.Матёқубовларнинг мурожаатлари жойида ҳал этилиб, уларга ногиронлик аравачалари топширилди. Тўрткўл туманида яшовчи Д.Садировга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун ер ажратилишида ёр­дам берилди.

Бундан ташқари, Тўрткўл тумани «Уллибоғ» овул фуқаролар йиғинида яшовчи М.Айитовнинг мурожаатини кўриб чиқиш натижасида унга чорвачилик билан шуғулланиши учун 17,2 млн. сўм, Элликқалъа тумани «Тозабоғ» овул фуқаролар йиғинида яшовчи С.Жалимбетовга тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиши учун 20 млн. сўм кредит имтиёзли шарт­ларда ажратилиши таъминланди.

Шунингдек, жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида асосан чекка ва марказдан узоқ ҳудудларда Қорақалпо­ғис­тон Республикаси прокуратураси органлари раҳбарияти ва масъул ходимлари уюштирган сайёр ва оммавий қабуллар жараёнида муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Мисол учун, Нукус шаҳар прокуратураси томонидан «Таслақ» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил қилинган қабулда Муса бахши кўчасида яшовчи фуқароларнинг ичимлик суви билан боғлиқ мурожаатига асосан 1100 метрлик сув қувури тортилиб, муаммо тўлиқ бартараф этилди. Мазкур кўчадаги электр симёғочлари ва симлар эса янгисига алмаштириб берилди.

Шунингдек, Тахиатош тумани прокуратураси томонидан ўтказилган сайёр қабулда фуқаро А.Мамутова ишга жойлаштириш масаласида бир неча маротаба туман бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилганлиги, лекин унга ўзига тўғри келадиган иш таклиф этилмаганлиги ҳақида мурожаат қилган. Мурожаатни кўриб чиқиш натижасида А.Мамутова ўз мутахассислиги бўйича 12-мактабгача таълим муассасасига ишга жойлаштирилди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ўтказилаётган учрашувларда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан бирга уларга янги қонун, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ҳам тушунтириб борилмоқда.

Ҳар қандай давлатда ёш­ларга мамлакат келажаги сифатида қаралади. Ёшлар эртанги кун эгаларидир. Улар мус­тақил ҳаётга қадам қўяр экан, ҳар хил муаммоларга дуч келиши, уларни енгиб ўтишда қийналиши табиий. Прокурорлар бошчилигидаги ишчи гуруҳлар ҳар бир хонадонга кириб, ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилишга кўмаклашиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Республика бўйича 500 нафардан ортиқ ёш­лар иш билан таъминланди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Соҳага оид қонунларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш ва мавжуд муаммоларни аниқлаш юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Тадбирларда 538 та тадбиркорлик субъектининг муаммолари ҳал қилинди. Жумладан, тадбиркорларга 21 млрд. 542 млн. сўм кредит, 545 гектар ер ажратилиши ва бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатилди. Прокуратуранинг ёрдами билан 244 та тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилган бўлса, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда тузилган ишчи гуруҳлар ёрдамида 256 та тадбиркорлик субъектининг ­фаолияти қайта тикланди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда бюрократик тўсиқ ва сансалорликка йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Соҳага оид қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган назорат ишлари давомида маҳаллий ҳокимликлар, назорат-текширув ва ­бошқа органларнинг 18 та ноқонуний қарори бекор қилиниб, 1150 нафарга яқин тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқ­лари тикланди. Натижада бу борада қонун бузилишига йўл қўйган 33 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. Мисол учун, «Kungrad Dilshoda servis» оилавий корхонасида Қорақалпоғистон Республикаси экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Қўнғирот тумани инс­пектори И.Юсупов ноқонуний текшириш ўтказиб, корхона раҳбари З.Султоновага маъмурий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилган. Ушбу қарорга прокурор про­тес­ти келтирилиб, И.Юсупов маъмурий жавобгарликка тортилди ва тадбиркорнинг ҳуқуқи тикланди.

Прокуратура органларининг эътиборидаги асосий масалалардан бири аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳисобланади. Шу жумладан, кўп болали, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва қарияларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга оид қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган тадбирларда 130 га яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланди, 103 нафар шахснинг маъмурий ва интизомий жавобгарлиги масаласи ҳал қилинди.

Республика прокуратураси органлари томонидан аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар юзасидан 170 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланди. Натижада ноқонуний ҳужжатларга нисбатан прокурор протести келтирилиб, 126 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.

Шунингдек, текширишларда бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан иш ўринлари ташкил қилинганлиги ҳақида ҳисоботларга қў­шиб ёзилганлиги аниқланиб, жавобгарлик масаласи ҳал қилинди.

Прокуратура органлари томонидан деҳқон-фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1700 гектар ер, 1,9 млрд. сўмлик банк кредити, 8 та юқори унумли ҳайдов трактори, 63,6 млн. сўмлик эҳтиёт қисмлар олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қиш­лоқ» дастури тўғрисида»ги Фармони билан тасдиқланган дастурда йил давомида Қорақалпоғистон Республикасининг 15 туманида 31 та овул, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш белгиланган эди.

Ушбу дастур асосида бугунги кунгача 589 та уй-жой таъмирланиб, 2,4 км. ичимлик суви ва 31,7 км. электр тармоғи тортилган. Табиий газ етиб бориши муаммо бўлган 404 та хонадонга суюлтирилган газ баллони етказиб берилиб, 16 км. ички ва хўжаликлараро йўллар таъмирланган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган замон барчамиздан унга мос равишда иш тутишни талаб қилади. Шундай экан, барчамиз давлат ва жамият олдидаги бурчимизни чин кўнгилдан бажариб, қонун талабларига сўзсиз риоя этмоғимиз лозим. Бу орқали мамлакатимиз ривожи, аҳоли фаровонлиги йўлида ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, барча давлат идораларининг асосий вазифаси ­халқнинг бугунги кунидан рози бўлиб, катта ишонч билан яшашига эришишдан иборат.

Рашид Раҳматов,

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори.