Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўптомонлама шериклик асосида Траст фонди фаолияти бошланишига бағишланган йиғилишдаги маърузаси


Муҳтарам Антониу Гутерриш жаноблари!

Муҳтарам тадбир қатнашчилари!

Энг аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига, БМТнинг инсон хавфсизлиги бўлимига, БМТнинг Ўзбекистондаги вакилларига ва БМТнинг кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди идорасига Бош Ассамблея майдонида ўтказилётган бу тадбирни ташкил этишдаги ёрдами, шунингдек Орол денгизи йўқ бўлиб кетиши оқибатида юзага келган экологик фожиа шароитида яшаётган Қорақалпоғистон халқи номидан сўзга чиқишимга имконият берилгани учун чуқур миннатдорчилик билдираман.

Бугун таъкидланганидек, бир пайтлар Орол денгизи катталиги бўйича дунёдаги кўллар орасида тўртинчи ўринни эгаллаб, ўзининг табиий бойликлари билан донг таратган. Афсуски, сўнгги 50 йил ичида денгизнинг сув сатҳи 8 мартага камайган.

Орол сувидаги туз миқдори бир литрга 130 граммни ташкил этади. Бугунги кунда денгиз ўрнида майдони 5 миллион гектардан кўп қумли-тузли саҳро пайдо бўлди.

Олимларнинг маълумотига кўра, ҳар йили атмосферага 75 миллион тоннадан зиёд чанг ва туз кўтарилмоқда.

Ҳудуддаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ярмидан кўпи йўқолиб кетди.

Германия олимларининг маълумотига кўра, Оролнинг қуриган ҳавзасидан Қорақалпоғистоннинг ҳар гектар экин майдонига йилига 5 тоннага яқин туз ва чанг кўчар экан. Шундай бўлса ҳам, бизнинг минтақада ­халқнинг 29 фоизга яқини аграр секторда фаолият олиб бормоқда.

Шу билан бирга, ҳудуддаги экин майдонларининг 77,3 фоизининг мелиоратив ҳолати пасайди ва экин майдонларга Оролнинг салбий таъсири жараёни давом этмоқда.

Шундай қилиб, Оролнинг қуриган ҳавзасининг ўзи бутун ер шари учун хавфли бўлган тузли чанг тарқатувчи манбага айланди.

Бу жараённи тўхтатишнинг самарали усулларидан бири-дунё жамоатчилиги ёрдамида Оролнинг қуриган ҳавзасига тузга чидамли чўл ўсимликларини экишни давом эттириш, шунингдек минтақанинг аграр секторида сувни тежовчи инновацион технологияларни жорий этиш, деб ҳисоблаймиз.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасида ўта оғир экологик муаммо-Орол фожиасига яна бир марта эътибор қаратиб, бу масалада бутундунё жамоатчилиги кучларини бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Юксак минбарда туриб муҳтарам Президентимизнинг Орол денгизи харитасига дунё халқлари эътиборини қаратганини, бу муаммони халқаро даражага кўтарганини халқимиз кўзда ёш билан қабул қилганини таъкидлагим келади.

Оролни қутқариш халқаро фонди ташкилотчи давлатлар раҳбарлари Кенгашининг 2018 йил 24 августда Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида бизнинг муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан БМТ ҳомийлигида Оролбўйи минтақаси учун махсус Траст фондини ташкил этиш ва конструктив минтақавий ҳамкорлик тўғрисидаги ташаббуслари иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Орол фожиаси масаласига катта эътибор қаратмоқда ва Ўзбекистон Ҳукумати билан биргаликда дастурлар ва лойиҳалар (жумладан, БМТнинг Оробўйи минтақаси бўйича қўшма дастури) доирасида Қорақалпоғистонда экологик фожиа оқибатларини юмшатишга қаратилган бир қатор чоралар амалга оширилмоқда.

Оролбўйига 2010 йили БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ва 2017 йили Антониу Гутерришнинг келиши, Мўйноқ туманига бориб, ҳудуд аҳолиси билан бўлган учрашувлари БМТ томонидан Орол муаммосига катта эътибор қаратилаётганидан дарак беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида кейинги йилларда экологик фожиа оқибатларини юмшатиш бўйича давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган тадбирлар янада жадаллашди.

Атроф муҳитни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар ва иқтисодий ислоҳотлар ҳудуд аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишда сезиларли натижалар бермоқда.

Сўнгги йилларда кўплаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли даромади ошмоқда, Қорақалпоғистоннинг энг чекка аҳоли ­пунктларида ҳам ижтимоий инфратузилма сифат жиҳатидан яхшиланиб бормоқда.

Бизнинг муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистонда, жумладан Мўйноқ туманида бўлиши, маҳаллий аҳоли билан учрашиб, уларни қийнаётган масала ва муаммоларни ўрганиши, халқнинг бахтли ва фаровон турмушини таъминлаш мақсадида жуда муҳим қарорлар ва дастурлар қабул қилиши инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиши учун хизмат қилмоқда.

Лекин, шундай бўлса ҳам Орол денгизи минтақасидаги экологик фожиа кўлами қанчалик катталигини ҳисобга олсак, у битта мамлакат кўламида ўз ечимини топа олмаслигини англаш қийин эмас.

Чунки, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан маҳаллий аҳолининг умумий турмуш кечиришига, саломатлигига атроф муҳитнинг салбий таъсири давом этмоқда.

Масалан, шу йилнинг май ойида юз берган чангли-тузли довул атроф муҳитнинг экологик фожиа олдида қанчалик ожиз эканлигини кўрсатди.

Тез-тез бўлиб турадиган чангли тўзонлар ҳудуддан ташқарига ҳам заҳарли чангни учириб, тарқатиб, табиий экологик фожиани янада кескинлаштирмоқда ҳамда нафақат маҳаллий аҳолининг, балки бошқа давлатлар ва қитъалар халқларининг ҳам саломатлигига зарар етазмоқда.

Экологик фожиа марказида жойлашган Қорақалпоғистон йирик инвестицияларга, Оролбўйи экологик аҳволини барқарорлаштириш бўйича тизимли ҳамкорликдаги ҳаракатларга, иқтисодиётни тенг ривожлантиришга, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва ҳудуд аҳолисини иқлим ўзгаришларига мослаштириш учун янги технологик ва инновацион ечимларга муҳтож.

Минтақани қийнаётган муаммоларни ҳал этишда Оролбўйи учун тузилаётган кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фондининг роли беқиёс, у ҳудудда инсон хавфсизлиги мустаҳкамланишига кафолатдир.

Қорақалпоғистоннинг маҳаллий ҳукумати БМТ раҳбарлигида Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича мақсадли фонд тузилишини тўла қўллаб-қуватлайди.

Тузилаётган мақсадли фонд доирасида донор заҳираларининг жамланиши дунё жамоатчилигини Орол муаммоси атрофида бирлаштириб, зарур дастурлар ишлаб чиқилишини қўллаб-қувватлайди ҳамда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича дастурларнинг амалга оширилишини жадаллаштиради, деб умид қиламиз.

Сўзимнинг якунида барчангизга Орол денгизи фожиаси оқибатида жабрланган халқ учун, бебаҳо флора ва фаунаси учун ҳамкорлик қилаётганингиз ва ёрдамингиз учун яна бир бор миннатдорчилик билдираман.