Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўптомонлама шериклик асосида Траст фонди тақдимоти ва матбуот конференциясидаги маърузаси


Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Бугун мен Оролбўйи минтақасининг деярли 2 миллион аҳолиси номидан сўзга чиқар эканман, ушбу ҳудуд халқи Орол денгизининг кескин гуманитар ва экологик фожиаси оқибатларидан ҳаммадан кўп ва бевосита жабр чекаётганини билдирмоқчиман.

Бу денгиз яқин ўтмишда катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллаган кўл ҳисобланиб, ўзининг бой ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга бўлган.

Бугунги кунда Орол денгизи жонсиз ва биологик тирик организмларнинг ҳаёт кечириши учун яроқсиз бўлиб ҳисобланади. Орол денгизининг қуриган ҳудудида 5 миллион гектардан зиёд майдонда заҳарли пестицидлар билан тўйинган қумли-тузли чексиз саҳро пайдо бўлди. Ҳудуднинг 40 фоизга яқин халқи ичимлик суви сифатида ерости сувларидан фойдаланади.

Тортилган тоза ичимлик суви таркибидаги тузлар миқдори жаҳон стандартларидан 10 марта кўп. Экологик фожиа оқибатида нафас йўллари касалликлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бутундунё Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотлари бўйича, сил билан касалланиш кўрсаткичи 100 минг одамга 50 дан ортиққа тўғри келса, бу эпидемия ҳисобланади. Қорақалпоғистонда эса бу кўрсаткич 78 ни ташкил этади.

Бундан ташқари, камқонлик, онкологик ва ­бошқа касалликлар кўпаймоқда. Қорақалпоғистонда гўдаклар ўлими ўртача кўрсаткичдан икки марта юқори. Оналар ўлими бўйича ҳам мана шундай ачинарли ҳолатни кўриш мумкин. Қолаверса, Орол денгизи қанча яқин бўлгани сари касалланиш ва ўлим даражаси шунча баланд.

Экологик фожиа туфайли ҳар 4-5 йилда ҳудудда сувсизлик юзага келиб, у 2-3 йиллаб давом этмоқда. Бу бутун агросаноат комплексига, жумладан қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саноатда қайта ишлаш ва бошқа соҳаларга салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Бу ўз навбатида ишсизлик даражаси ошишига, аҳолининг иш излаб республикадан ташқарига кетишига-ташқи миграциянинг ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистонда Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш учун кўп ишлар қилинмоқда. Ўтган қисқа даврда мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев томонидан Оролбўйи минтақасини, шунингдек Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жуда муҳим бўлган махсус қарорлар қабул қилинди. Шу йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Президентимиз Қорақалпоғистонга, жумладан экологик фожиа ўчоғи ҳисобланган Мўйноқ туманига ташриф буюрди. Ушбу ташриф якунлари бўйича яқин икки йилга мўлжалланган давлат дастури қабул қилиниб, унда жами 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 793 лойиҳа амалга оширилиши назарда тутилган.

Шундай бўлса ҳам, фожиа кўламининг катталиги шунчаликки, унинг оқибатларини халқаро жамоатчиликнинг фаол иштирокисиз юмшатиш деярли мумкин эмас. Биз БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга кўрсатаётган ёрдами учун чин қалбдан миннатдорчилик билдирамиз.

Бош котиб 2017 йилнинг июнь ойида Мўйноқ туманига ташриф буюрганида Орол экологик фожиасининг ачинарли оқибатларини ўз кўзи билан кўриб, гувоҳи бўлган эди.

Бугун бутун Қорақалпоғистон халқи Оролбўйи минтақаси учун Траст фонди тақдимотини катта умидлар билан кузатиб бормоқда. Ташкил этилаёт­ган фонд Ўзбекистоннинг ушбу ҳудудида яшовчи кўп сонли халқнинг яшаш шароитини чиндан ҳам яхшилашига ёрдам беради, деб ишонамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!