Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Т.Ерниязовнинг Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи


Ассалому алайкум, ҳурматли меҳмонлар!

Қадрли ватандошлар!

Аввало, cизларни ва cизлар орқали бутун халқимизни юртимиз тарихидаги энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами билан қизғин қутлашга рухсат этгайсизлар!

Шуни мамнуният билан таъкидлашимиз керакки, бугунги кунда мард ва бағрикенг халқимиз Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида тараққиётнинг янги босқичлари сари ишончли қадам қўймоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг махсус қарори асосида бу йилги байрам тадбирлари “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётгани инсонлар қалбида ҳар қачонгидан ҳам катта таассуротлар қолдирмоқда.

Бунда албатта мамлакатимизни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда жорий “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”нинг ўзаро уйғун экани ҳаётимизда алоҳида ўрин тутмоқда.

Ҳурматли дўстлар!

Мустақил юртимиз байроғи остида яшаб, меҳнат қилаётган халқимиз учун меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликнинг юксак қадрият даражасига кўтарилганлиги, тинчлик ва барқарорлик ўрнатилгани ҳеч нарса билан таққослаб ва баҳолаб бўлмайдиган тенгсиз бойлигимиздир.

Бугунги байрам арафасида бевосита Муҳтарам Президентимиз ғояси асосида пойтахтимизда эни 8, узунлиги 15 метр бўлган элимиз байроқларининг 55 метр баландликка кўтарилгани қалбларда ифтихор туйғусини уйғотадиган тарихий воқеадир.

Мана бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз бошлаб берган эзгу ишлар асосида халқимиз ҳаётида ўзгаришлар ва янгиланишларни, юртимиз иқтисодиётининг юксак даражадаги ривожини кўришимиз мумкин.

Сўзимнинг мисоли сифатида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи ярмида бюджет даромадларининг ортиғи билан бажарилиши ҳисобига 487 миллиард сўмга яқин маблағлар халқимиз фаровонлиги учун қолдирилгани, ўтган ойлар давомида Россия, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Латвия, Швейцария ва бошқа мамлакатлар билан 360 миллион долларлик савдо айланмаси йўлга қўйилгани халқимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Шу билан бирга “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида 234 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги байрам арафасида Ёш томошабинлар театри, хотин-қизлар “Мурувват уйи” фойдаланишга топширилганлиги, жорий йилнинг ўзида туманларимизда арзонлаштирилган 1269 турар жой бунёд этилгани одамларга ўзгача қувонч бағишламоқда.

Нукус шаҳри, Тахиатош ва Беруний туманларида 676 квартирали 15 та кўп қаватли уй-жойларнинг қуриб битказилганлиги, йил бошидан буён ижтимоий ёрдамга муҳтож ва имконияти чекланган инсонлар учун шаҳар ва туманларда юздан кўп, шунингдек, кечагина Нукус шаҳрида 42 ва Қўнғирот туманида 12 квартирали тураржойларнинг бепул берилганлиги, бундан ташқари кам таъминланган 74 та оилага намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйларнинг дастлабки тўлови учун 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилгани, шаҳар ва туманларимизда кенг ва равон йўлларнинг қурилгани, саноат корхоналари ишга туширилганлиги байрам олдидан амалга оширилган хайрли ишлардандир.Республикамизнинг иқтисодий ва саноат салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаёт­ган йирик лойиҳалар ҳақида сўз кетганда, Қораўзак туманидаги “Тебинбулоқ” кони негизида 2024 йилдан бошлаб йилига 1 миллион тонна пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган “Кон металлургия комплекси”ни ишга тушириш чора-тадбирлари бошланганлигини айтиш мумкин.

Бугунги кунда ушбу ерда тўлиқ геология тад­қиқот ишлари олиб борилмоқда ва руда захирасининг аниқ ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, келгуси йилда бу ерда темирбетон ва шағал ишлаб чиқарадиган завод ишга туширилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга Тўрткўл туманидаги “Шўрбулоқ” сув омборида айни пайтда 6,5 миллиард сўмлик қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Муҳтарам Президентимизнинг махсус қарори асосида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга солиқ ва бошқа тўловларда имтиёз­лар бериш, янги иш ўринларини яратиш, саноат салоҳиятини янада ошириш мақсадида Чимбой, Қўнғирот, Тахиатош, Хўжайли, Амударё, Беруний туманларида саноат зоналари ташкил этилди.

Ўзининг бебаҳо асарлари билан адабиётимизда мустаҳкам ўрин эгаллаган Кунхўжа ва Бердақ шоирлар хотирасига Чимбой туманида мақбара ва музей қурилиши якунланаётгани, пойтахтимиздан 450 километр узоқликда жойлашган “Қорақалпоғис­тон” посёлкасида 19 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилаётгани, буларнинг барчаси шаҳар ва туманларимиз улкан бунёдкорлик майдонига айланаётганини яна бир бор исботлайди.

Энг муҳими, кўз ўнгимизда юз бераётган бундай ўзгариш ва янгиланишларни барча шаҳар ва қишлоқларимиз ҳамда соҳалар мисолида кўплаб учратишимиз мумкин.

Бу албатта, Муҳтарам Президентимизнинг халқимизга оталарча ғамхўрлигининг самарасидир ҳамда бундай юксак эътибор учун Муҳтарам Юртбошимизга минг-минглаб раҳматлар айтамиз!

Қадрли дўстлар!

Шуни ишонч билан айтишимиз мумкинки, ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда мамлакатимизда дунёда бўлмаган яхши тажрибалар қўлланилмоқда.

Биргина “Ёшлар -келажагимиз” дастури асосида 50 миллиард сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилганлиги, шу асосда 370 лойиҳани рўёбга чиқариш орқали 3 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилганлиги, кечагина Хўжайли туманида “Ёшлар меҳнат гузари” фойдаланишга топширилгани, Нукус шаҳрида 48 квартирали “Ёшлар уйи” ўз эгаларини кутаётгани, бундан ташқари шаҳар ва туманларда ёшлар учун 50 дан ортиқ тураржойлар қурилаётгани, “Мард ўғлон” давлат мукофоти жорий этилгани ёшларимизга бўлган юксак эътибор ва ишончнинг ёрқин ифодасидир.

Ўз навбатида ёшларимиз бундай ғамхўрликка жавоб сифатида бутун хал­қимиз фахрланадиган даражадаги улкан зафарларни қўлга киритмоқда.

Бугунги кунда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларида 7 спортчимиз иштирок этаётганини, уларнинг орасида спортнинг эшкак эшиш тури бўйича Ислам Мамбетназаров кумуш ва бронза медалларини қўлга киритганини, оғир атлетика бўйича Рустам Жангабаев 3-ўринни эгаллаганини фахр билан таъкидлаш жоиз.

Энг муҳими, тадбиркорлик, фан, таълим, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда ана шундай ютуқларни қўлга киритаётган ёшларимиз сафи кун сайин кенгайиб бормоқда.

Юртимизда ёшларга яратиб берилган бундай имкониятлар учун барча ота-оналар, устоз-мураббийлар ва бутун халқимиз номидан Муҳтарам Президентимизга яна бир марта чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Қадрли ватандошлар!

Сизларни, шунингдек, бугунги байрамни катта қувонч билан кутиб олаётган бутун халқимизни яна бир марта ушбу айём билан қизғин табриклайман.

Юртимизнинг янада гуллаб ривожланиши, ­хал­қимизнинг бахтли ва фаровон турмуши йўлидаги барча эзгу ишлар­ингиз ўнгидан келсин, деймиз!

Илоҳим аждодларимиз асрлар давомида орзу қилган мустақиллигимиз абадий бўлсин, она Ватанимизнинг буюк келажагини қуришга ҳисса қўшиш бахти ҳаммамизга насиб қилсин!