ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ ЙИГИРМА БЕШИНЧИ СЕССИЯСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ


Жорий йил 27 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар, корхона-ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.

Депутатлар сессиянинг Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида белгилаб берган вазифалари кенг кўламли бунёдкорлик ишларга руҳлантирмоқда. Айниқса, Мўйноқ  тумани халқи учун барча қулай шароитларни яратиш, Орол денгизи атрофида экологик ҳолатни яхшилаш бўйича кўрсатмалари ҳаётимизда юз бераётган тарихий воқеаларнинг асосига айланмоқда. Натижада, Мўйноқ туманини комплекс ривожлантириш бўйича махсус дастур қабул қилинди.

Шу дастур  асосида 2019-2021 йилларда жами 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш  ва реконструкция ишларини олиб бориш режалаштирилди. Жорий йилнинг ўзида 622 миллиард  сўмлик  ишларни бажариш белгиланган бўлиб, бугунги кунда  40 та ижтимоий объектда қурилиш-таъмирлаш, 20 та кўп қаватли уйларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Орол денгизининг сувсиз қолган ҳудудида жорий йилнинг ўзида 419 минг гектардан ортиқ майдонда саксовул экилди. Қувонарлиси, дастлабки экилган уруғлар бир текис униб чиқмоқда.

Шу билан бир қаторда, Мўйноқ, Қўнғирот, Қораўзак, Кегейли ва Тахтакўпир туманлари ҳокимларининг экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинди. Президентимизнинг топшириғи билан Қонликўл  туманида ҳам қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.  Бугунги кунда бу ишларга жами 90 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилмоқда. Шунингдек, туманда тижорат банклари томонидан 13 та турар жойлар қуриш режалаштирилмоқда.

Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳалари иқтисодиётимизни янада мус­таҳкамлашда алоҳида ўрин тутади. Мазкур соҳаларда 2019-2021 йилларда жами 11 триллион 283 миллиард сўмлик 793 лойиҳани амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, Хитой, Корея ва Япония давлатларидаги элчилар билан ҳамкорликда инвестициялар киритиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Хитой инвесторлари билан Нукус шаҳрида 60 миллион долларлик алюмин фольгасини ишлаб чиқариш, “Нукус текстил” корхонасида 5 миллион 800 минг долларлик ип-калава ва тайёр текстил маҳсулотлари, Мўйноқ туманида 25 миллион 500 минг долларлик қамишни қайта ишлаш орқали ДСП ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Корея инвесторлари билан ҳамкорликда Қораўзак туманида лойиҳа баҳоси 400 миллион долларлик цемент заводини, Нукус шаҳрида 100 миллион долларлик лак-бўёқ заводини қуриш, Япония инвесторлари билан ҳамкорликда Қўнғирот туманида қизилмия илдизини қайта ишловчи баҳоси 1 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Оролбўйи жамғармаси ҳисобидан 153 объектда 157,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, шунингдек, жорий йили ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан ичимлик суви таъминоти оғир бўлган туманларга қўшимча 28 миллиард сўм маблағ ажратиш, 2019-2020 йилларда Мўйноқ ва Қонликўл туманлари марказларида жами 21,5 миллиард сўмлик 17,6 километр узунликдаги оқава сув тармоғини қуриш, Осиё тараққиёт банки иштирокида Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Мўйноқ ва Нукус туманларида 172 миллион долларлик 120 километрдан ортиқ ичимлик сув таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкциялаш, 2019-2022 йилларда муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларнинг майдонини 3 миллион гектарга етказиш ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йил “Шимбай автотранс” корхонаси томонидан имтиёзли кредит ҳисобидан 100 дона “Исузу” автобуси олиб келинди. 2019-2020 йилларда Элликқалъа ва Нукус туманларида жами 2000 гектарда янгидан узумзорлар барпо этиш, Тўрткўл туманида 1,5 миллион  долларлик ипак қурти уруғини етиштиришга ихтисослаштирилган корхона ташкил қилиш, Элликқалъа туманида “Бўстон силк” корхонасида пиллани қайта ишлашни йўлга қўйиш каби кенг кўламли ишлар давом этмоқда.

Президентимизнинг ташаббуси билан Нукус шаҳрида “Президент мактаби”нинг қурилиш ишлари олиб борилиб, уни белгиланган муддатда топшириш учун маҳаллий бюджетдан 54 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Нукус шаҳрида 3 та олий ўқув юртининг филиалини очиш режалаштирилиб, шундан бугунги кунда Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетининг, Самар­қанд ветеринария тиббиёт институтининг филиаллари очилган бўлса, Навоий давлат кончилик институтининг филиали 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб очилади.

Ижтимоий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига, фарзандларимизнинг комил инсонлар бўлиб тарбияланиши йўлидаги эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Бунинг амалий натижаси сифатида жорий йил ижтимоий ёрдамга муҳтож 112 оилага 9 миллиард сўмлик турар жойларнинг бепул берилиши режалаштирилмоқда. Жумладан, яқиндагина 54 нафар фуқарога 4 миллиард сўмлик турар жой топширилди. Жорий йил 54 та ижтимоий объектда 185 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, 19 та умумтаълим мактабида, 4 та болалар мусиқа ва санъат мактабида, 18 та мактабгача таълим муассасасида, 11та соғ­лиқни сақлаш объектида қурилиш реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, соҳада маҳаллий бюджет ҳисобидан 290 миллиард сўмлик реконструкция ва таъмирлаш ишларини бажариш  назарда тутилмоқда.

Сессияда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг ­лойиҳаси бўича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси С.Турманов маъруза қилди. Бу масала бўйича Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Т.Романов сўзга чиқди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг, Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Бюджет, иқтисодий-ислоҳотлар ва инвестициялар масалалари қўмитасини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.  Бу қўмитани тузишдаги асосий мақсад, бюджет тушумларини янада кўпайтириш бўйича Президентимиз топшириқларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, жорий йил янгидан қабул қилинган Солиқ сиёсати концепциясини амалга ошириш, тадбиркорларга қулай шароитларни яратиб беришдан иборатдир. Депутатлар бу масалани кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилдилар.

Янги қўмита ташкил этилиши муносабати билан «Жўқорғи Кенгеснинг айрим қўмиталари таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Бюджет, иқтисодий-ислоҳотлар ва инвестициялар масалалари қўмитасининг раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Ушбу қўмитанинг раиси лавозимига 4-сонли «Ерназар Алакоз» сайлов округидан депутат Халмурза Бекчановнинг номзоди таклиф қилинди ва у мазкур қўмитанинг раиси лавозимига сайланди.

Шундан кейин ўтган йилнинг якунлари ва жорий йилга белгиланган энг муҳим вазифалар тўғрисида Қорақалпо­ғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари А.Тажетдинов маъруза қилди. Бу масала бўйича Мўйноқ тумани ҳокими С.Данияров сўзга чиқди.  Депутатлар  бу масала бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Сессиянинг кун тартибидаги норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ўтган йил давомидаги фаолияти бўйича Қорақалпо­ғистон Республикаси Адлия вазири С.Худайбергенов ахборот берди. Бу бўйича Чимбой  тумани ҳокими П.Ешанов сўзга чиқди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Шунингдек, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан ўтган йил давомида олиб борилган ишлар бўйича қўмита раиси ­Т.Хожаназаров маъруза қилди. Бу масала бўйича депутат А.Юлдашев сўзга чиқди ва депутатлар бу бўйича ҳам тегишли қарор қабул қилди.

Шундан сўнг сессияда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси томонидан ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар бўйича Б.Алланиязовнинг ахбороти тингланди. Бу бўйича Беруний тумани ҳокими А.Сапарбаев ўз фикрларини билдирди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессия­лар оралиғида қабул қилинган тегишли қарорларни тасдиқлаш тўғрисида  қарор қабул қилинди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма бешинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмита раиси Б.Матмуратов иштирок қилди ва нутқ сўзлади.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.