Қорақалпоқ прозасининг сардори


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тантанали анжуман бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбир иштирокчилари дастлаб ёзувчининг хонадонида бўлишди. Юбилей муносабати билан ­Нукус шаҳридаги Ж.Сейтова кўчаси 28 хонадонга мемориал пешлавҳа ўрнатилди.

Тантанали анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи ­Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов Ўзбекистон Қаҳрамони, ­Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан иштирокчиларни табриклади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир ­айрат Мажид, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири К.Каримовлар сўзга чиқиб, ёзувчи Тўлепберген Қайипбергеновнинг ижоди хусусида батафсил тўхталдилар.

Тадбирда филология фанлари доктори, профессор К.Алламбергенов “Т.Қайипбергенов ижоди ва бугунги қорақалпоқ прозаси”, ­филология фанлари номзоди, ёзувчи  А.Абдиев “Т.Қайипбергенов повестларининг ўзига хос хусусиятлари” мавзуларида маъруза қилди.

Анжуманда меҳнат фахрийси Қ.Камалов, сенатор Г.Аннақиличева, шоир Р.Мусурмон, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси ­Ў.Абдирахманов, Қорақапоғистон халқ ёзувчиси М.Низанов сўзга ­чиқиб, ёзувчининг қорақалпоқ прозасини ривожлантиришдаги хизматларига тўхталиб ўтди.

Адибнинг яқинлари номидан укаси Ўрақбай Қайипбергенов ва ўғли Нурлибай Қайипбергеновлар сўзга чиқиб анжуман ташкилотчилари ва иштирокчиларига миннатдорлик билдирди.

Тадбир санъат усталари ва ёш ижрочиларининг концерт дастури, ёзувчи асарлари асосидаги саҳна кўринишлари билан якунланди.

Д.Абибуллаев.