ҚОРАЎЗАКДА ЁШЛАР ФОРУМИ


Қораўзак туманида “Эзгу ғоядан хайрли мақсад сари!”шиори остида “Беш ташаббус-беш имконият!” мавзусида ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Президентимиз ташаббуси билан ижтимоий, маънавий-маърифий  йўналишлардаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида илгари сурилган бешта ташаббус доирасида ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда туман ҳокими Р.Жумабаев, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Р.Ҳамидов, ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Х.Ешимбетов ва ­бошқалар сўзга чиқиб, мазкур тадбирнинг ёшлар ҳаётида тутган ўрни, аҳамияти ҳамда бешта ташаббус бўйича туман миқёсида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, бешта ташаббус ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш,  ҳар қандай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, истеъдодли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизлар банд­лигини таъминлашда муҳим омил саналади.

Биринчи ташаббус яъни, ёшларнинг мусиқа, адабиёт, театр ва санъатнинг ­бош­қа турларига қизиқишини ошириш, истеъдодларини юзага чиқариш мақсадида тумандаги “Дўстлик” маданият ва дам олиш боғида “Истеъдод” шоу танлови ўтказилди. Унда умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари, олий ўкув юртларидан икки юз нафардан ортиқ, шунингдек, имконияти чекланган ёшлар қатнашди. Қораўзак иқтисодиёт коллежи ҳамда қишлоқ хўжалиги қоллежи ёшлари иштирокида “Қувноқлар ва зукколар” мусобақаси ўтказилди.

Иккинчи ташаббус доирасида ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спортдаги қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган  шахмат, 100 ва 1000 метрга югуриш, футбол ва баскетбол бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. Имконияти чекланган ёшлар орасида “Умид йўли” спорт мусобақаси ўтказилиб, ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар орасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган бўлиб, туман ёшларининг интернетдан фойдаланиши учун “WI FI room” маркази ташкил этилди.  Шунинг­дек, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш бўйича семинар ўтказилди. Тадбир сўнгида компьютердан тез ва тўғри фойдаланиш бўйича “Олтин бармоқ” танлови ўтказилиб,  ғолиблар аниқланди.

Тўртинчи ташаббус бўйича ёшлар маънавиятини бойитиш, улар орасида китобхонликни тарғиб этиш мақсадида “BOOK ROOM” марказининг очилиш маросими бўлди. Марказ беш юздан ортиқ номдаги ўзбек ва қорақалпоқ тилидаги китоблар билан тўлдирилди. Бу ерга келган одамлар ўз таклифлари, ёшларга тилакларини билдириши учун махсус “Guest book” (меҳмонлар китоби) жавони қўйилди.Унга биринчилардан бўлиб ЎзХДП Марказий Кенгаши, ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, туман ҳокими ўз имзоларини қайд этишди. Китобхон ўқувчилар ўртасида “Билимдон” танлови ўтказилиб, китоб ярмаркаси уюштирилди.

— Танлов иштирокчилари уй шароитида билим олаётган бир қатор ёшларнинг ҳолидан хабар олиб, китоблар совға қилишди, — дейди тумандаги  “Маданият” овул фуқоролар йиғини ҳудудида яшовчи Камила Аллашева. Давлатимиз раҳбари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек, ёшларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Китоб ўқишга ҳамда ҳунармандчиликка қизиқаман. Яқинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ўтказилган “Ватан менинг нигоҳимда” мавзусидаги танловда республика миқёсида биринчи ўринни олиб, кейинги бос­қичга йўлланмани қўлга киритдим.

Бешинчи ташаббус асосида, хотин-қизларни  тадбиркорликка жалб қилиш бўйича туман ҳокимлиги, манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Унда тумандаги муассаса, корхона, ташкилотлар, таълим муассасалари ўзларининг 450 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Тумандаги Банд­ликка кўмаклашиш маркази, тижорат банклари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси томонидан 160 нафар фуқарони ишга жойлаштириш чоралари кўрилди, 70 нафар хотин-қизларга кредит олиш бўйича тушунчалар берилди.

Тумандаги кам таъминланган 10 та оилага имтиёзли кредит ҳисобидан қора мол  тарқатилди. Туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳомий ташкилотлар билан биргаликда имконияти чекланган, ­ногиронлиги бўлган, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган икки нафар аёлга ­тикув машинаси ҳамда мини печь совға қилинди.

Форум давомида ўтказилган танловлар, спорт мусобақалари ғолиблари ва фаол қатнашган ёшлар диплом, медаллар, кубоклар ҳамда ташкилотчилар ЎзХДП Қорақалпо­ғистон Республикаси Кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир иштирокчиларига республикамиз санъат усталари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.