Саксовул экилган майдон 103 минг гектардан ошди


Орол  муаммосининг оқибатларини бартараф этиш, экологик вазиятни яхшилаш, юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган саксовул экиш ишлари самарли давом этмоқда.

Бугунги кунга қадар Қорақалпо­ғистон Республикаси шаҳар ва туманларининг ўрмон хўжаликлари, ободонлаштириш бошқармалари ходимлари ҳамда маҳаллий аҳоли иштирокида саксовул уруғини йиғиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

20 янаврь куни ўтказилган тадбирларга жами 1040 киши, шундан  200 дан ортиғи  тайёрланган  уруғларни  қопларга  жойлаштириш, 775 нафари ерни экишга тайёрлаш ва экиш ишларида иштирок этди. Уларнинг 533 нафари бошқа вилоятлардан келиб ишлаётган фуқаролар ҳисобланади. Шунингдек, 65 нафар киши Орол бўйи ҳудудидаги участкаларга ўтин жамғармасини ташкил этиш ишларини олиб бормоқда. Мазкур ишларга жами 549 та техника, 2 та самолёт жалб қилинди.

Мавсум бошидан буён саксовул экиш учун жами 326060 гектардан ортиқ майдон тайёрланди. Шундан 103 минг 235 гектарига 412 минг 275 килограмм саксовул уруғи экилди.

Ушбу ишларга жалб қилинган  АН-2 самолёти ёрдамида 51800 гектар ерга 156600 килограмм саксовул уруғи сепилди.

Шу кунга қадар жами 622500 килограмм саксовул  уруғи тайёрланди.

Бугунгидек, қор ва ёмғирли кунларда саксовул экиш ишларида иштирок этаётган ишчиларга барча қулай шароитларни яратиш мақсадида иссиқ кийим-кечак, палаткалар ва вагонларда  дам олиш  жойлари ажратилган. Ишчилар уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.