САМАРАЛИ ВА СИФАТЛИ хизмат кўрсатишни ният қилганмиз


Якунланаётган  йил республикамизнинг барча соҳалари, шу жумладан, тадбиркорлик соҳасида ҳам янгиланишларга бой йил бўлди. Хусусан, ўзимнинг фаолиятим ҳамкорликда ишлаётган компаниянинг ривожи мисолида ҳам ушбу йилда катта муваффақиятларга эришди. 2018 йил Тўрткўл туманида “Imzo Akfa” компаниясининг дастлабки расмий дилерлик филиали очилди.

Тадбиркорлик фаолиятимизни бошлаганимизга ўн йилдан ошди. Дастлаб, 2008 йилда якка тадбиркор бўлиб иш бошладим. Кейинчалик 2010 йилда масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Ўтган йиллар давомида тумандаги ва республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги кўплаб қурилишларда иштирок қилдик. Энг дастлабки йирик буюрт­маларимиздан бири Тўрткўл савдо мажмуаси эди. Биз ишимизни сифатли ўз муддатида бажардик ва кейинчалик бу каби кўплаб объектлар қурилишида иштирок этдик.

Жумладан, Ўзбекистон почтасининг Тўрткўл филиали, “Алоқабанк”нинг Нукус шаҳридаги ва Хоразм вилоятидаги янги бинолари ва шу каби бир неча объектлар қурилишида қатнашдик.

Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш ва фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида “Микрокредит­банк”дан  100 миллион сўм кредит олиб, фаолиятимизни кенгайтирдик.

Бир сўз билан айтганда, 2018 йилда расмий дилерлик филиалини очишга эришдик. Кириб келаётган янги – 2019 йилда “Imzo Akfa” бренди билан янада самарали ва сифатли хизмат кўрсатишни ният қилганмиз. Зеро, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга, сифат ва самарадорликни оширишга кенг имкониятлар яратилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, халқимизни Янги йил байрами билан табриклайман.

Қаҳрамон Матёкубов,

“Imzo Akfa” компаниясининг

Тўрткўл тумандаги дилерлик маркази раҳбари.