Сайловга тайёргарлик муҳокама қилинди


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловининг ҳуқуқий асослари” мавзусида республика амалий семинари бўлиб ўтди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси С.Турманов бошқариб борди.

Таъкидланганидек, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг тўлиқ иштирокини таъминлаш мақсадида қонунда юртимизнинг ҳар бир ҳудудидаги аҳолининг сонини ҳисобга олган ҳолда, фуқароларнинг энг кам вакиллик меъёри белгиланди. Унга мувофиқ, фуқароларнинг энг кам вакиллик меъёри сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Шунингдек, жорий йилги сайловдаги ўзгаришлардан бири, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддати икки ярим йилдан уч йилга узайтирилди.

Республикамизда бугунги кунда 256 маҳалла, 142 қишлоқ, 13 посёлка жами 411 фуқаролар йиғинида сайловга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Уларда 1 миллион 866 минг 882 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1 миллион 307 минг 158  нафар фуқаро сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Сайловни 323 та умумтаълим мактаби, 55 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, 3 та олий ўқув юрти, 7 та маданият уйи, 12 та фуқаролар йиғини ҳамда 1 та тиббиёт муассасаси биноларида ўтказиш режалаштирилган.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.