ШАҲРИМИЗДАГИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА НАВРЎЗ ТАНТАНАЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА


Шу йил 25 март куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ  давлат университетида “Азиз Ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” мавзусида театрлаштирилган бадиий мусиқали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда университет  ректори А.Реймов сўзга чиқиб, йиғилганларни ­янгиланиш ва яшариш айёми — Наврўз байрами билан табриклади.

Таъкидланганидек, республикамиздаги нуфузли олий даргоҳларнинг бири саналган университет профессор-ўқитувчилари томонидан замонавий билим ва илм сирларини эгаллаган, юртимизнинг буюк келажаги йўлида хизмат қилишга қодир бўлган етук мутахассисларни тайёрлаш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Жорий ўқув йилининг ўзида талаба-ёшлар орасидан 2 нафар Президент стипендиати, 2 нафар Беруний номидаги, 1 нафардан Навоий, Улуғбек, Ислом Каримов номидаги, 7 нафар Бердақ номидаги стипендия сов­риндорлари етишиб чиққанлиги бунинг ёрқин мисолидир.

Яқинда Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида университетнинг жисмоний маданият факультети талабаси Сапура Қаипназарова Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Бундан ташқари, жисмоний маданият факультети 2-босқич талабаси Клара Дарменбоева ўтган йилнинг октябрь ойида самбо бўйича Грузия давлатида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида, шу факультетнинг 3-босқич талабаси Бахтигул Балтаниязова эркин кураш бўйича Болгарияда бўлиб ўтган халқаро турнирда, Жалғасбай Бердимуратов грек-рим кураши бўйича Хорватия давлатида бўлиб ўтган Гран-при мусобақасида совринли ўринларни эгаллаб қайтгани бутун жамоани қувонтирди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида “Ёшлар келажак бунёдкорлари” шиори остида талабалар театр студиялари орасида ўтказилган фестивалда университетнинг “Жай­ҳун” театр студияси “Умрнинг тўрт куни” спектакли билан иштирок этиб, “Энг яхши спектакль” номина­цияси бўйича биринчи ўринни қўлга киритди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўтказилиб келаётган “Олий ўқув юртларининг энг яхши педагоги” ­анъанавий танловида университетнинг 3 нафар профессор-ўқитувчилари турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритдилар.

Байрам тадбири Хўжайлидаги 1-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ижросидаги чиқишлар билан бошланди.

Фольклор бўлимидаги талаба-ёшлар томонидан намойиш этилган “Тушов кесиш” тўйи композицияси йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, кураш ва арқон тортишиш мусобақалари ўтказилди.

“Жайҳун” қувноқлар ва зукколар гуруҳи аъзолари томонидан ҳавола этилган байрам ҳазилларини иштирокчилар мириқиб томоша қилишди.

Университетда турли миллат вакиллари ўз она тилларида билим олиш ҳуқуқига эга. “Халқ­лар дўстлиги” бўлимида қозоқ, туркман, корейс, рус миллий қўшиқ ва рақслари маҳорат билан ижро этилди.

Байрам томошалари “Ватан” қўшиғи билан якунланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмитаси раиси ­Д.Қурбаниязов иштирок этди.

Д.Абибуллаев,

ҚХА мухбири.

* * *

Ана шундай байрам тадбири Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ҳам бўлиб ўтди.

“Орол бўйида Наврўз айёми” мавзусида ­театрлаштирилган концерт дастури ва байрам сайили сифатида ўтказилган тадбирни институт ректори Байрам Утемуратов кириш сўзи билан очди ва халқимизни Наврўз байрами билан қизғин қутлади.

Байрам сайли доирасида институт тарихи ва бугунги куни ҳақида маълумот берадиган расмлар, китоблар, ­шунингдек, юртимиз тарихидан сўзловчи қадимий топилмалар кўргазмаси ­йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Арқон тортиш, қўл жанги, тош кўтариш, полвонлар кураши каби халқ ўйинлари орқали талаба ёшлар ўзаро беллашдилар. Наврўз ўзида ана шундай миллий қадриятлар ва маросимларни жамлаганлиги билан ҳам жуда қадрли байрамдир.

— Шундай шукуҳли кунларда мамнуният билан таъкидлаш жоизки, инс­титут профессор-ўқитувчиларининг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланмоқда, — дейди институт ректори Байрам Утемуратов. Бир неча йиллик меҳнатларининг самараси натижасида  О.Алеўовга Президентимиз фармони асосида “Фидокорона хизматлари учун” ордени, профессор К.Алламбергеновга “Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси” унвони, шунингдек, инс­титутимизнинг 11 нафар профессор ўқитувчиларига “Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси” унвонлари берилди. Бундай эътибор эса жамоамизда меҳнат қилаётган ҳар бир сафдошимизга келгуси ишларида янада куч-ғайрат бағишлайди.

Дарҳақиқат, нафақат институтда таълим бераётган ўқитувчилар балки, талаба ёшлар ҳам  бугунги имкониятлардан самарали фойдаланиб республика ва халқаро миқёсда ўтказилиб келинаётган ҳар хил танлов ва беллашувларда ­фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Камуна ЮСУПБАЕВА.