Соғлом ҳаёт, ғалаба ва ифтихор спортнинг натижасидир


Бугун мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш,  спортнинг оммавийлигига эришиш, ёшларни спортга жалб этиш, замонавий спорт иншоатларини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Соҳага  қаратилаётган мана шундай эътибор натижасида спортчиларимиз республика, мамлакат ҳамда жаҳон миқёсида ўтказилаётган турли хил спорт мусобақаларида совриндор бўлмоқдалар.

Айтиш жоизки, спорт инсоннинг жисмонан соғлом бўлиши билан бир қаторда унинг дунёқарашини кенгайтириб,  маънавиятини бойитади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 апрелдаги қарорига мувофиқ, май ойи “Спорт ойлиги” деб эълон қилинди ҳамда спорт тадбирларини ўтказиш белгиланди.

Жорий йилнинг 1 май куни Нукус шаҳридаги марказий “Турон” стадионида “Спорт  ойлиги”нинг тантанали очилиш маросими юқори савияда ўтказилиб ва спорт мусобақаларига старт берилган эди.

Шу куннинг ўзидаёқ “Турон” стадионида спортнинг енгил атлетика ва футбол мусобақалари ўтказилди.

— 1-22 май кунлари Қорақалпоғистон Республикасида жами 257 та спорт мусобақалари ўтказилиб, унда 21 минг 676 нафар ёшлар иштирок этди, шундан 7097 нафари қизлардир, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси  Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш бўлими бошлиғи Қадирбай Асанов. — Ушбу тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, «Маҳалла» ҳайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, шунингдек тегишли ташкилот ва идоралар билан биргаликда ўтказилмоқда. Спорт ойлигини ташкил этишдан мақсад, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш билан бир қаторда уларни мамлакат, жаҳон миқёсида ўтказиладиган нуфузли мусобақалар, жумладан, спортчиларимизни 2020 йил Япония давлатининг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ҳамда  XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашдан иборат. Шу нуқтаи-назардан  бугунги кунда ўтказилаётган спорт тадбирлари спортчиларимиз учун ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.

Дарҳақиқат, спортнинг имкониятлари кўп. У инсонни жисмонан чиниқтириши, соғ­лом ва бақувват қилиши билан бир қаторда юрт нуфузини, шаънини кўкларга кўтаради, қалбларда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Барчамизга маълумки, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус ҳам аввало, ёшлар истиқболига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Унда иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишни назарда тутади.

Яқинда спортнинг якка кураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида оғир атлетика спорт залининг фойдаланишга топширилиши спортчиларимиз ҳаётида катта имкониятлар яратиши табиий. Шунингдек, малакали тренерлар томонидан  спортнинг кўпгина турлари бўйича маҳорат дарслари ўтказилмоқда.

Мухтасар айтганда, ­  ­спорт ойлиги доирасида ўтказил­а­ётган тадбирлар ва турли хил спорт мусобақалари ёшларимиз баркамоллигига хизмат қилади.

Ф.Нуруллаева.