Соғлом рақобат самарадорлиқ мезони


Мамлакатда иқтисодий ўсишни таъминлаш, рақобатбардошликни ошириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш, инвестицияларни, авваламбор иқтисодиётнинг базавий ва таркибий асосини ташкил этувчи соҳаларга жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги «Давлат активларини   бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва 2019 йил  24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилди.

Юқорида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва қарори ижроси доирасида бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг соҳани янада ривожлантириш бўйича 2019 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар “Йўл харитаси”га мувофиқ инсофсиз рақобат ва интеллектуал ­мулкка бўлган ҳуқуқларнинг бузилиш ҳолатларини ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимлари томонидан Нукус шаҳридаги бозорлар, дўконлар ва савдо комплексларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Ўрганиш давомида, савдо мажмуаларида сотилаётган маҳсулотлар кўздан кечирилганида бир хил турдаги маҳсулотларнинг товар белгиларида, уларнинг баъзи бир элементларида (чизиқлар, тасвирлар, геометрик фигуралар, сўзлар ва уларнинг бирикмалари, ранглар уйғунлиги ва бошқалар) айнан ўхшашлик ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшашлик ҳолатидаги 16 турдаги маҳсулотлар аниқланди.

Аниқланган маҳсулотларнинг Ўзбекистон ҳудудида қонуний рўйхатдан ўтказилганлиги ёки Мадрид битимига кўра халқаро рўйхатдан ўтказилганлиги ўрганилганда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк Агентлигининг расмий веб-саҳифасида жойлаштирилмаганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига маълумотлар тақдим қилиниб, бундай ҳолатларни бартараф этиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Султонбек Нажимов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бош мутахассиси.