ТАДБИРКОРЛАР МАНФААТЛАРИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА


Жорий йил 8 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Ҳамраев бошқариб борди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ­­   Бош прокурори Н.Йўлдошев сўзга чиқиб, ­Президентимиз раҳбарлигида юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда республикада тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, солиқ тизими тубдан янгиланди, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига доир бўлмаган режали текширувлар бекор қилинди. Жумладан, 42 та лицензия ва рухсатнома бериш тартиби бекор қилинди.

Тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган шу каби алоҳида имтиёзлар самарасида уларнинг юртимизда ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улуши 45,5 фоизни, иш ўринларини  яратишдаги улуши  76,5 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони тадбиркорлар, шу жумладан, чет эл инвесторларининг мурожаатлари билан ишлашни ташкил қилиш сифатини ва тезкорлигини ошириш, улар билан бевосита мулоқотни таъминлаш, тадбиркорларнинг қонуний талабларини бажариш ҳамда муаммоли масалаларни ҳал қилишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда уларнинг реал улушини кўпайтириш, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, ҳамда даромадларини ошириш асосий масалалардан саналади. Мазкур фармон асосида Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил қилинди.

Тадбирда бир қатор тадбиркорлар сўзга чиқиб, ўзларининг фаолиятида учраётган ­муаммолар ҳақида гапириб ўтдилар.

Йиғилишда тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммоли масалаларни соҳа раҳбарлари билан биргаликда ўрганиб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилиши таъкидланди.

Қ.Х.А.