Тадбиркорлик ташаббуслари учун кенг имкониятлар


Бугун мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига жадал одимлаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, халқимизнинг фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришини таъминлаш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда.

Бу жараёнда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аҳолининг тадбиркорлик ­фаолияти билан шуғулланиши учун барча зарур шароитларни яратиш, бу борадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, хорижлик сармоядорларга қулай инвестицион муҳитни шакллантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Лекин сир эмас, ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш учун максимал даражада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар қатор тизимли муаммо ва камчиликларга дуч келмоқда.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3939-сонли қарори қабул қилингани ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, ­шунингдек, бўш турган объектлар, ер участкалари ва бошқа инфратузилмадан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мазкур қарорга биноан Ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ҳамда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳлар ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан ҳам мазкур қарорнинг ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2018 йилнинг 30 ­октябрь ҳолатига кўра, ишчи гуруҳ томонидан 700 дан ортиқ тадбиркорлар билан мулоқот қилинди ҳамда жойларга чиқилиб, уларни қийнаётган муаммолар атрофлича ўрганилди.

Мулоқотлар ва ўрганишлар давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 414 тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари рўйхатга олинган бўлиб, шундан кредит олиш масаласида 238 та (57%), жумладан 149 та мактабгача таълим лойиҳаларига маблағ ажратиш  бўйича мурожаат қилган.

Мурожаатларнинг кўпчилиги ижобий ҳал қилинди. Хусусан, кредит маблағлари ажратиш бўйича 57 та, бино-иморатларни ижарага бериш бўйича 2 та, ер майдонларини ажратиш бўйича 6 та, коммуникацияларга улаш бўйича 6 та, шунингдек, бўш турган ер майдонларини ажратиш бўйича 38 та, давлат объектларини сотиб олиш ва ижарага олиш бўйича 25 та, муҳандислик коммуникацияларига уланиш бўйича 10 та, ҳамда бошқа қатор мурожаатлар шулар жумласидандир.

Қорақалпоғистон Республикасида фойдаланилмай турган ер майдонларини сотувга қўйиш бўйича айни пайтгача Республика бўйича 689 бўш турган ер майдони аниқланган. Шундан «YER ELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимида 279 лот қўйилган (шу жумладан, ПҚ-3939-сонли қарор бўйича 112 лот, ВМҚ-493-сонли қарори бўйича 167 лот).

Айни кунгача 26 та ер участкаси мазкур аукцион орқали сотилди.

Шунингдек, ушбу кунга қадар тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан кредитлар ажратишда учраётган ­муаммолар бўйича ишчи гуруҳга 89 та тадбиркор мурожаат қилган бўлиб, шундан 32 таси ўз ечимини топди. Мазкур кредитлар миқдори эса 10,8 миллиард сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ томонидан Беруний туманида гуручни қайта ишлаш, калава ип ҳамда полипропилен қоп ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 593 минг АҚШ долларилик кредит маблағи ажратилди. Мазкур лойиҳа доирасида 20 та янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган муаммоларни бартараф этиш, ҳудудларнинг эҳтиёжи ва салоҳиятидан келиб чиқиб, инвестиция киритишни талаб этадиган истиқболли лойиҳаларни тезкор кўриб чиқиш, салоҳиятли инвесторлар билан музокаралар ва учрашувлар ўтказиш, жойларда давлат органлари ва ташкилотлари даражасида ҳал қилинмаган тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал қилиш, шунингдек, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳамда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари дирекцияларининг тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга ошириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳам қатор ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Сизда ушбу масалаларда, яъни тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга ошириш истаги бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ташкил этилган ишчи гуруҳнинг investrk3939@gmail.com электрон почтаси ва  (0861) 222-48-58 ҳамда (899) 459-39-39 рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ахборот хизмати