ТАЖРИБАЛИ ВА ТАШАББУСКОРЛАР томорқасини даромад манбаига айлантирмоқда


Ўлкамизга баҳор кириб келди. Табиат уйғонди. Бобо деҳқонларимиз дала майдонларини экишга тайёрлаб, барака уруғларини сепишга тараддуд кўраётган бўлса, боғбонларимиз мевали дарахт кўчатларини ўтқазиб, янгидан боғлар бунёд қилиш ишларини бошлаб юборишган. Ўз навбатида юртимиздаги ҳар бир томорқа ер эгаси ўзларига тегишли майдонлардан самарали фойдаланишга, томорқасига юқори даромад берадиган экинларни экишга киришмоқда.

Бугунги кунда томорқадан самарали фойдаланиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Негаки, ҳар бир оила ўзига тегишли ер майдонидан мақсадга мувофиқ фойдаланса, унда етиштирган маҳсулот аввало, оиласи дастурхонини, ундан ортгани эса, бозорларни тўлдиради.

Маълумотларга кўра Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 273 минг 802 та деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари бўлиб, уларга 31 минг 219 гектар ер майдонлари ажратилган. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа майдонларининг 27 минг гектардан ортиғига эртаги ва ўртаки сабзавот-полиз экинларини экиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 7 минг гектардан ортиқ майдонда экиш ишлари бажарилган. Сир эмас томорқа ер эгаларининг барчаси ҳам бирдек ўзларига берилган ер майдонларидан самарали фойдаланмаяпти.

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 22 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва юқори даромад берадиган экинларни тўлиқ экиш ишларини тизимли ташкил қилиш бўйича топшириқ берилган эди. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган топшириқлар асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида “Томорқа штаби” ташкил қилинди. Бугунги кунда барча шаҳар ва туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари томонидан уйма-уй юриб, аҳоли ўртасида томорқага экин экиш масаласида тарғибот-ташвиқот, маслаҳат ва кўмак бериш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар ушбу штаб орқали назоратга олинган бўлиб, кунлик мониторингги юритилмоқда.

— Республикамизнинг барча ҳудудларида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича тарғибот ва назорат гуруҳлари  ташкил қилинган, —  дейди  Қорақалпоғистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Деҳқон ва томорқа ер  экин  майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўлими бош мутахассиси С.Шарибаев. — Тўртта сектор раҳбарлари ва тегишли ходимлар  уйма-уй юриб, республикамиздаги ўн бешта туман ва Нукус шаҳридаги томорқа майдонларидан фойдаланиш ҳолатларини ўрганиб, эҳтиёжманд оилалар томорқа ерларини экиш, уларни уруғ ва кўчатлар билан таъминламоқдалар. Шунингдек, йиллар давомида ўзларига берилган ер майдонларига экин экмай келаётган 6 мингдан ортиқ томорқа эгалари огоҳлантирилди.

Аҳолининг томорқа майдонларидан самарали фойдаланишларини таъминлашга қаратилган тадбирлар доирасида 3 мингдан ортиқ иссиқхоналар қуриш белгиланган. Ҳозирги кунда ҳудудларда мингга яқин иссиқхоналар қурилди. Кўпчиликка маълумки, авваллари томорқасида иссиқхоналар қуриб, қиш фаслида ҳам сархил маҳсулотларни етиштириш бизнинг ҳудудимизда унчалик ҳам оммалашмаган эди. Бу масалага ҳукумат даражасида эътибор қаратилиб, банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилаётгани  туфайли доимий иш ўрнига эга бўлиб, томорқасидан даромад топаётган юртдошларимиз сони орт­моқда. Масалан, 2-сектор ҳудудига қарашли Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа туманларида жорий мавсум олдидан беш юзга яқин ана шундай иссиқхоналар қурилиб, уларда турли хил кўчатлар етиштириш йўлга қўйилган.

Эътиборлиси, тарғибот гуруҳлари томонидан амалга оширилаётган тадбирлар натижасида республикамизда томорқадан самарали фойдаланиш янада оммалашмоқда. Юртдошларимизнинг ташаббускор ва тажрибалилари томорқасини даромад манбаига айлантирмоқда.

Ғ.ОТАЖОНОВ.