Танлов ғолибаси аниқланди


Нукусда “Ҳамшира -2019” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Унда шаҳар туман ва тиббиёт муассасаларида ўтказилган босқичларда ғолиб бўлган 22 нафар ҳамшира учта шарт бўйича ўзаро беллашди. Биринчи шарт “Ҳамширанинг келиши” деб аталиб, унда ҳамширанинг ўзи, касби, яшаётган шаҳар ва туманидаги янгиликлар, янгиланишлар, ислоҳотлардан хабардорлигини саҳна кўриниши орқали намойиш этишди.

Иккинчи шартда уларнинг тиббий соҳадаги билимлари синалди. Шунингдек, иштирокчиларнинг салоҳияти берилган саволларга жавоблари орқали аниқланди.

Танлов шартларининг бажарилиши мутахассислар томонидан баҳолаб борилди.

Беллашув якунида Республика силга қарши курашиш болалар санаторийси ҳамшираси Дилбар Сапарбаева биринчи, Кегейли тумани тиббиёт бирлашмасининг ҳамшираси Салтанат Жолдасбаева иккинчи, Элликқалъа тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Шаҳноза Бегжанова учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар ташкилотчилар томонидан махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.