ТЕРМИТЛАРГА ҚАРШИ ҚАНДАЙ КУРАШИШ МУМКИН? мутахассис маслаҳат беради


Кўпчилигимиз зараркунандалар деганда қишлоқ хўжалиги экинларига зарар келтирадиган ҳашоратларни тушунамиз. Лекин, зараркунандалар орасида шундай бир ҳашорат борки, у аҳоли турар жойлари, маданий-тарихий обидалар, стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларга ҳам жуда катта зарар етказади. Ҳа, бу зараркунанда шубҳасиз термитлардир.

Биз, аҳолига ана шу зараркунанда ҳақида кўпроқ маълумот бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти “Ҳайвонотлар олами”  лабораторияси кичик илмий ходими Кулшат Дауылбаевага мурожаат қилдик.

— Кўпчилигимиз термитларни кўрмаганмиз. Шунинг учун аввало, термитларнинг кўриниши, физиологик хусусиятлари, кўпайиши ва тарқалиши ҳақида қисқача маълумот берсангиз?

— Термитлар жамоа бўлиб яшовчи ва катта колонияга эга ҳашоратдир. Уларнинг ташқи кўринишлари ҳар хил бир қанча ­кастлардан иборат.

Колониядаги асосий кастлари эркак ва урғочилар бўлиб, уларнинг (қанотли турлари) асосий вазифалари кўпайиш ва тарқалишини таъминлайди. Ишчилар эса, кўпроқ бўлимни эгаллаб, озуқа тайёрлайди,  авлодга ғамхўрлик қилади. Шунингдек, ёш термитларга уя қуришни ўргатади ва тарбиялайди. Уларда аскарлар колонияси душмандан асрайди. Термит колонияси яширин ҳаёт кечиради. Улар тупроқда уйлар девори ва томларда дарахтларда уя қуради. Баҳорда ёмғирдан кейин (эркак ва урғочи) термитлар ҳавога тез учиб чиқиб жуфтлашади. Тупроққа тушиб қанотларини ташлаб жуфт ҳолда учрашади, тупроқ ичига киради. Жуфтликлар янги уянинг биринчи камерасини қуриб авлод беришади. Дастлаб унча катта бўлмаган колония вужудга келади. Ҳар йил уя катталашади. Уядаги термитлар сони термитник ўлчамига боғлиқ бўлади. Қиролича кунига 30  минггча тухум қўяди. Асосан бош­қа ҳашоратлардан фарқи, улар қурғоқ ёғоч билан озиқланади

— Термитларнинг турлари ҳам кўп бўлса керак. Бизинг ҳудудимизда қандай турлари мавжуд ва улар қайси ҳудудларда учрамоқда?

— Албатта, дунёда термитларнинг 2800 дан кўпроқ тури маълум. Шулардан 160 тури ёғоч зараркунандаларидир. Ўрта Осиёда 4 та тури, Ўзбекистонда 2 та тури “Anacanthotermes”  каспий орти ва туркистон термити маълум. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистоннинг барча табиий майдонларида (Амударё) Қизилқум, Устюрт текислигида термитларнинг ареаллари кенгайганлиги ва термитлардан кўриладиган зарарларнинг кўпайиши кузатилмоқда. Бу муаммонинг асосий сабабалари чўл майдонларининг ортиши тупроқнинг шўрланиши, сув ҳавзаларининг қуриши, тўқайзорларнинг қисқаришидир. Негаки, қурғоқчилик термитлар яшаши учун қулай шароитларни вужудга келтиради.

Шу билан бирга чўлларни интенсив ўзлаштириш, аҳоли пунктларининг барпо этилиши, темир йўллар ва саноат объектлари қурилиши ҳам термитларнинг кўпайиши ва тарқалишига сабаб бўлади. Бундай ҳолатда техноген таъсири остида термитларнинг табиий ўчоқлари бузилишига, ва уларнинг яъни термитларнинг ҳаёт тарзи ўзгаришига (кўчишига) олиб келади. Қадимий ёдгорликлар, қўрғонлар ва қабристонлар ҳам термитлар тарқалишининг асосий ўчоқлари ҳисобланади.

Чўл ҳудудларида термитлар тупроқ юзасига шундай кўп миқдорда шўрланган  тупроқ олиб чикадики, термит уялари атрофида фақат шўрланган ерларга хос бўлган ўсимликлар ўсиши мумкин ёки бу ердаги тупроқда ўсимлик  умуман ўсмайди. Термитларнинг фаолияти таъсирида тупроқнинг термик, сув, ҳаво режими кескин ўзгаради.

— Республикамизнинг айнан қайси ҳудудларида термитлар ўчоқлари мавжудлиги ҳақида мълумотлар борми?

— Мен бошқа ҳашорат устида илмий изланишлар олиб бораяпман. Термитларни устозимиз, биология фанлари номзоди Закира опа Бекбергенова йиллар давомида ўрганган ва илмий изланишлар олиб борган. Саволингизга ҳам устозимиз берган маълумотлар асосида жавоб беришим мумкин. Унга кўра Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Элликқальа, Беруний, Амударё, Мўйноқ, Қўнғирот, Хўжайли, Тахтакўпир, Қораўзак, Кегайли, Нукус ва Тахиатош туманларида термитлар ўчоқлари мавжудлиги келтирилади. Шунингдек, Нукус шаҳрининг Таслақ- 1,  Таслақ -2,  Жайҳун, Наврўз, Қумаул, Қоскўл -3, Жийдели Байсин -1, Жийдели Байсин -2 маҳаллаларининг айрим ҳудудларида термитлар борлиги ҳақида маълумотлар бор.

— Термитлар асосан нималарга кўпроқ зарар етказади?

— Термитлар республикамизнинг асосан қум ва чўл зонасида жойлашган аҳоли пунктларига (мактаблар, болалар боғчалари, касалхоналар, фермалар, кутубхоналар, омборлар) айниқса, кўп зарар келтиради. Шу қаторда темир йўллар шпалларига, телеграф столбаларига, кутубхонадаги китобларга катта зарар келтириши мумкин. Энг ёмони аҳолининг йиллар давомида маблағ тўплаб, қурган иморатларига термитлар катта зарар келтиради. Ҳатто термитларнинг зарарли фаолияти оқибатида инсонлар ўзларининг уйларини ташлаб, кўчиб  кетишга мажбур бўлади.

Уйларда термитлар камералар, яъни уялар қуришиб, пол тагидан девор бўйлаб томга йўл очади. Айниқса, иморатлардаги ҳаво ўтказиш учун қўйилган тешикчалар ва печлар ён-атрофида кўпгина камералар қуришади. Сабаби, уйларда улар қиш ойларида ҳам иссиқлик таъсирида яшаши ва кўпайиши учун ўзларига қулай шароит яратади. Камера ва юриш йўллари қанча кўп бўлса, девор шунча ғовак бўлиб, инсонлар яшашига хавфи ортиб бораверади. Кўпчилик пайтлар термитлар уйларининг ёғоч конструкцияларига зарар келтиради. Шулардан пол, шифт, дераза ва эшик ромларининг чидамлилик даражаси пасайиб авария ҳолатига келади. Чунончи, шаҳар ва туман қурилиш ташкилотлари ва корхоналар термит ўчоғи устига уй қурмаслик учун олдин зараркунандага қарши курашиш профилактик ишларини олиб бориши мақсадга мувофиқдир.

— Мутахассис сифатида айтингчи, бу зараркунанда аҳолининг иморатларига хавф солмаслиги учун қандай тадбирларни амалга ошириш керак?

— Термитларнинг табиатан икки душмани бор, дейиш мумкин. Яъни уларнинг яшаши ва кўпайишига салбий таъсир кўрсатувчи иккита омил бор. Биринчиси намлик, иккинчиси қуёш нуридир. Улар асосан қуруқ ва қоронғу жойда яшаб, зарар келтиради.

Шунинг учун аҳолига аввало, ўй қуришга мўлжаллаётган ер майдонини суғоришни тавсия қилардим. Агарда уй қураётган ҳудуди қуруқлик ва қумлоқ жой бўлса, ишлатиладиган қурилиш материалларига эътибор беришлари лозим. Имкон қадар бетон, темир бетон, тош, пишган ғиштлардан фойдалансалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Албатта, бу материаллардан фойдаланиш имкони бўлмай, ёғочдан фойдаланиладиган бўлса уларни термитлардан ҳимоялавчи тадбирларни қўллаш лозим. Бунда ёғочларга антисептик, яъни креазит, тошкўмир, сланец, ёғлари билан ишлов бериш тавсия қилинади.

Шунингдек, термитлар борлиги аниқланган ҳудуддан ҳар хил буюмларни олиб келиб, қайта фойдаланиш ҳам мумкин эмас. Масалан, кимдир ёғоч материаллари, ёки мебелларини бошқа уйга кўчиб, ўтаётганида моддий қийматини ўйлаб, олиб кетади. Бизда, ана шу ҳолатлар ҳам термитларнинг тарқалишига замин яратмоқда, дейиш мумкин.

Термитларга қарши курашиш тадбирлари икки йўналишда олиб борилади. Юқорида келтирилганлари термитлардан сақланиш учун профилактик тадбирлардир. Агарда термитлар борлиги аниқланса, у ҳолда уларга қарши курашиш тадбирларига мутахассисларни жалб қилиш талаб қилинади.

— Айтингчи, дейлик аҳоли уй-жойида термитлар борлигини билди. Улар қаерга мурожаат қилишлари керак? Қорақалпоғистонда термитларга қарши курашувчи, профилактик тадбирларни амалга оширувчи идора ёки ташкилот борми?

— Аҳоли турар жойлари, маданий-тарихий обидалар, стратегик аҳамиятга эга бўлган объектлар, ишлаб чиқариш бинолари, иншоотлар ва бошқа турдаги объектларни сақлаш, уларга зарар етказаётган термитларнинг тарқалиши ва уларнинг зарарли фаолиятига қарши курашишни янада кучайтириш мақсадида 2012 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада термитларга қарши курашиш ишларини жадаллаштириш ва уларнинг зарарини бартараф қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида термитларга қарши курашиш хизматини кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти ҳузурида ва унинг муассислигида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи «Республика термитларга қарши курашиш маркази» давлат унитар корхонаси ташкил этилган.

Мазкур марказ термитларга қарши заҳарли ем-хўраклар ва курашиш воситаларини шартнома асосида ҳудудлардаги дезинфекция станциялари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш марказларига буюртмага асосан етказиб беради.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси дезинфекция станцияси аҳоли яшайдиган уй-жойларда, ижтимоий соҳа объектларида, корхона ва ташкилотларда ҳамда маданий-тарихий обидаларда термитларга қарши курашиш ва профилактика чора-тадбирларини амалга ошириб келмоқда. Агарда аҳоли ўй-жойларида термитлар борлигини билса, дезинфекция станциясига мурожаат қилишлари мумкин.

Шу ўринда термитлар борлигининг айрим белгиларини ҳам гапириб ўтсам. Агарда, уйнинг деворларида ғумбаклар, иссиқлик тармоқлари, яъни трубалар атрофида своққа ўхшаш  лой пайдо бўлса термитлар борлигидан далолат беради.

— Биламизки, Қорақалпоғистоннинг кўп қисми чўл ва қумлик ҳудудлар саналади. Бу дегани термитлар ўчоқлари ҳам кўпроқ ҳудуд назаримда. Шу жиҳатдан қараганда, Қорақалпоғистонда айнан термитларга қарши курашувчи алоҳида ташкилот ёки бўлим очиш зарурати туғилмаяптими?

— Сўнги пайтларда Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукумати республикамиз ҳудудларида термитларга қарши курашиш ва профилактик тадбирларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, 2019 йил 5 апрелда бу борада алоҳида чора-тадбирлар режаси ҳам ишлаб чиқилиб, унда термитларнинг зарарини камайтириш, профилактикасини кучайтириш бўйича бир қатор ташкилот ва идораларга топшириқлар берилган. Мазкур режанинг 3-бандида Қорақалпоқ давлат университети қошида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти ҳузуридаги «Республика термитларга қарши курашиш маркази»нинг Қорақалпоғистон бўлимини ташкил этиш масаласига ҳам эътибор қаратилган.

Агарда, марказнинг Қорақалпоғистон бўлими ташкил қилинса, албатта ҳудуддаги термитларни ўрганувчи олимлар ҳам бўлар эди. Бу ўз навбатида термитларга қарши янгича маҳаллий услубларда курашиш тадбирларини такомиллаштиришга, уларга қарши заҳарли ем-хўраклар ишлаб чиқаришга замин яратади.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ

суҳбатлашди.