Тест синовларида қандай янгиликлар жорий этилади?


2019 йил 14 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтихонларида қандай  янгиликлар жорий этилади? Бу каби ўзгаришлардан кўзланган мақсад нима? Абитуриентлар учун тест имтихонларида қандай имкониятлар мавжуд? Тест синовлари қачон, қандай тартибда ўтказилади ҳамда абитуриентларнинг тест синовларида иштирок этиши учун қанча миқдорда йиғим ундирилиши белгиланган?

Биз бугунги мақоламизда Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи М.Абдуллаев билан мазкур масалалар юзасидан суҳбатлашдик.

— Аввало, мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти,  ёшларимиз, айниқса, абитуриентлар учун аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз?

— Сўнгги йиллар мобайнида республикамизда олий таълим тизимини ривожлантириш ва таълим сифатини янада ошириш бўйича бир қатор дастурий чора-тадбирлар қабул қилиниб, изчил амалга оширилмоқда. Талабаликка қабул қилишнинг шаффоф ва очиқ тизими яратилди. Ёшларга олий таълим олиш борасида кўпроқ имтиёз ва имкониятлар яратиш учун халқаро тажрибалар ўрганилди. Таълим соҳаси ривожланган сари ёшларимизнинг олий маълумотли касб эгаси бўлиш истаги тобора ошиб бормоқда. Қайд этиш керакки, тест синовларини 2018 йилдаги тажрибадан келиб чиқиб, катта сиғимли бино ва иншоотларда ўтказишни давом эттириш белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган ва “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, тест синови тизимини такомиллаштириш ва миллий ҳамда хал­қаро баҳолаш тизими сертификатларини татбиқ этиш бўйича кўпгина янгилик ва ўзгаришлар жорий этилмоқда.

Булар олий таълим муассасаларига қабул жараёнини соддалаштириш, тест синовларининг янада очиқлиги, холислиги ва шаффофлигини таъминлаш, абитуриентларга имкониятлар ҳамда имтиёзлар яратиш тизимини тубдан яхшилашга хизмат қилади.

— Ушбу ҳужжатга кўра янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қандай ўзгаришлар жорий этилмоқда?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қуйидаги янгилик ва ўзгаришлар киритилди:

Жорий йилдан бошлаб абитуриентлар давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекис­тон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар;

олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари июль-август ойларида ўтказилиши белгиланди;

жорий ўқув йилидан бошлаб абитуриент бир вақтнинг ўзида 3 та бакалавриат таълим йўналишида (учтагача олий таълим муассасасида фанлар мажмуасига мувофиқ келувчи жами учта бакалавриат таълим йўналишида) танловда иштирок этади – учтагача таълим йўналишини танлашда тест синови топшириладиган фанлар мажмуасининг мослиги эътиборга олинади;

олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг ярим баробари миқдорида йиғим ундирилиши белгиланди (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно);

абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;

2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест фанлари мажмуаси икки бўлимга ажратилиб, 1-бўлимга барча тест топширувчи абитуриентлар учун мажбурий 3 та фан – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилиши белгиланди;

Шунингдек, абитуриентга ўзи рўйхатдан ўтадиган, аниқроғи, доимий истиқомат қиладиган жойида ёки бошқа қулай деб билган ҳудудда тест синовида иштирок этиш имконияти берилиши мумкин – бу ортиқча вақт, маблағ сарфланишининг, сарсонликларнинг олдини олади.

— Айтингчи, тест синовларининг айнан июль-август ойларида ўтказилиши абитуриентларни бироз шошилтириб қўй­майдими? Демоқчиманки, уларнинг аксария­ти мактаб, лицей ва коллежларни битираётган ёшлардир. Уларнинг олий таълим муассасаларига ўқиш­га топширишлари учун ҳужжат тайёрлаш жараёни ҳам бироз вақтни талаб этса керак?

— Жорий ўқув йилида умумтаълим мактаблари, коллеж ва академик лицейларни битирувчи ёшлар сони ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ. Ташкилий жиҳатларнинг кўп вақт ва куч талаб қилиши, абитуриентлар сонининг кескин ортиши муносабати билан олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари июль-август ойларида ўтказилиши, абитуриентлар томонидан ҳужжатларини рўйхатдан ўтказишлари учун ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмаслиги белгиланди. Яъни абитуриент томонидан ҳужжатларни тайёрлашга ҳеч қанча вақт сарфланмайди.

— Шу ўринда яна бир савол туғилмоқда. Ай­тинг­чи, абитуриент қандай қилиб бир вақтнинг ўзида олий таълим муассасасига ўқишга киришда учта таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиши мумкин?

— 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб абитуриент бир вақтнинг ўзида 3 та бакалавриат таълим йўналишида (учтагача олий таълим муассасасида фанлар мажмуасига мувофиқ келувчи жами учта бакалавриат таълим йўналишида) танловда иштирок этади – учтагача таълим йўналишини танлашда тест синови топшириладиган фанлар мажмуасининг мослиги эътиборга олинади. Бунда абитуриент ҳужжат топ­шираёт­ган вақтда таълим йўналишларига устуворлик белгиланади. Абитуриент тест синовларида бир марта иштирок этади ҳамда у устувор сифатида танлаган таълим йўналиши бўйича натижалари эълон қилинади. Бунда, дастлаб, абитуриентнинг асосий деб танлаган таълим йўналишида ўқишга тавсия этилгани ёки этилмагани кўрилиб, агар тавсия этилмаган бўлса, иккинчи таълим йўналиши бўйича ва ­кейин­гиси кетма-кетликда кўриб чиқилади. Абитуриент танлаган таълим йўналишларидан устуворлик бўйича қайси бирига тавсия этилган бўлса, шу жойда натижа чиқарилиш тўхтатилади.

— Қайд этиш керакки, ёшлар, айниқса, кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортган масалалардан бири бу қарорда белгиланган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун йиғим ундириш масаласидир. Айтингчи, ундирилиши кутилаётган йиғимлар айнан қандай мақсадларда ишлатилади? Бу ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз?

— Қайд этиш жоизки, қарор билан Давлат тест маркази ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Жамғармага тушган маблағлар тест синовларини янада сифатли ва қулай шароитларда ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиявий таъминлашга йўналтирилиши режалаштирилган бўлиб, бунда Давлат тест марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимлар малакасини ошириш ва стажировка ўташ, юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижий экспертларни ишлаш учун жалб этиш, тест синовларига жалб этилган иштирокчиларга (бино раҳбари ва гуруҳ назоратчиларига) иш ҳақи тўлаш, биноларнинг ижара тўловларини амалга оширишга йўналтирилиши белгиланган.

— Жорий ўқув йилида абитуриентлар учун тест синовларини топшириш жараёнидаги қулайликлар, айнан уларнинг ота-оналари ва яқинлари учун яратиладиган шароитлар ҳамда тест синовлари ўтказиладиган бинолар ҳолати ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз?

— Юқорида қайд этиб ўтилган имкониятларга қўшимча, шуни айтиш ўринлики, тест синовлари ўтказиладиган бино ва павильонларда мўътадил ҳарорат юзага келтирилади, тест ўтказилиши жараёнида абитури­ентлар ручка ва ичимлик сувлари билан таъминланади.

Қайд этиш керакки, тест синовларини 2018 йилдаги тажрибадан келиб чиқиб, катта сиғимли бино ва иншоотларда ўтказиш белгиланди. Тест жараёнининг максимал даражада ошкора ва шаффофлигини таъминлаб, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан, абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовларини онлайн режимида кузатиб боришларига имконият яратилади.

Бугунги кунда ёшларга берилаётган имкониятлар тизимини янада ошириш мақсадида 2019 йил 13 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизими сертификатларини татбиқ қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, мазкур қарор ўзида чет тилини билиш даражаси бўйича тегишли сертификатга эга бўлган абитуриентларни қўллаб-қувватлаш ва 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда хал­қаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш, шунингдек кириш синовларида белгиланган имтиёзларни (миллий ёки хал­қаро сертификатлар асосида имтиҳонларсиз максимал балл берилишини) акс эттирган. Бунда:

2019/2020 ўқув йилида чет тиллари асосий фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори даража белгиланди;

2019/2020 ўқув йилида чет тиллари асосий фан сифатида киритилмаган бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В1 ва ундан юқори даража белгиланди;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили фани киритилган барча (асосий ёки асосий бўлмаган фан эканлигидан қатъи назар) бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори даража татбиқ этилади.

Тошкент давлат юридик университети учун алоҳида сертификат даражаси бўйича тартиб белгиланди.

2019 йилга қадар Давлат тест маркази томонидан берилган миллий сертификатнинг имтиёзи ушбу сертификатларнинг амал қилиш муддати даврида сақлаб қолинди.

Ушбу қарорларнинг қабул қилиниши тест синовларининг янада очиқлиги, холислиги ва шаффофлигини таъминлаш, олий таълим муассасаларида қабул жараёнини соддалаштириш, абитуриентларга имкониятлар ҳамда имтиёзлар яратиш тизимини тубдан яхшилашга хизмат қилиши аниқ.

Феруза Нуруллаева,

суҳбатлашди.