Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш оғир оқибатларга олиб келади


Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари қонун ҳимоясидадир.

Айниқса, фуқароларнинг соғлиги ва ҳаётига, тинчлигига тажовуз қилувчи омилларга, шу жумладан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида қонунчилигимизда ва амалиётда кўплаб ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 7 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги нут­қида асосий қонунимиз билан барча фуқаролар зиммасига Конституция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр қимматини ҳурмат килиш мажбурияти юклатилганлиги, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг шаклланиши, авваломбор, тарбия ва муҳит билан боғлиқлиги таъкидланган эди. Шу жиҳатдан қараганда барча ҳуқуқбузарликлар каби йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳам аввало жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг қай даражада эканлиги билан бевосита боғлиқ.

2018 йил 23 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг транспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ бир қанча моддаларга жазо чораларини оғирлаштириш юзасидан ўзгартиришлар киритилди.

Аммо, аксарият ҳолларда жазо чораларининг оғирлаштирилиши ҳуқуқбузар­ликларнинг камайи­шига олиб келмаётганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз.

Жумладан, ўтган 2018 йилнинг биринчи чорагига қараганда жорий йилнинг биринчи чорагида Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судлари томонидан кўрилган транспорт­ни бошқариш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар сони 352 тага яъни 8,2% га ошган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, транспорт воситаларининг ҳаракати бўйича ҳуқуқбузарликларнинг аксариятини спиртли ичимлик исътемол қилган ёки бош­қача тарзда маст ҳолда транспортни ­бошқариш оқибатида содир этилган жиноятлар ташкил қилади.

Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги назарда тутилган ҳолда, ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганликда ­айбланган шахсларга энг кам иш хақининг ­йигирма беш баравари миқдорида жарима жазоси ­тайинланиб, транспорт бошқариш ҳукуқидан маҳрум қилинади. Агар ушбу ҳуқуқбузарлик транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир қилинса, энг кам иш ҳақининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка маъмурий тартибда қамоқ жазоси қўллашга сабаб бўлади.

Аёллар томонидан транспорт воситаларининг бошқарилиши қувончли ҳол албатта. Аммо, афсуски, аёлларимиз томонидан ҳам спиртли ичимлик ичган маст ҳолда транспортни бош­қариш ҳолатлари учраб туради.

Бугунги кунда маъмурий судлар томонидан ҳуқуқбузарликлар жумладан, транспортни бошқариш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш йўлга қўйилган. Бу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли орасида, ўқув юртлари, корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Аммо, фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари эмас, балки кенг жамоатчилик бундай ҳолатларга  қарши биргаликда курашсак мақсадга мувофиқ бўларди.

Р.Худайберганова,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси.