Туманда электр таъминоти барқарорлашди


Мўйноқ туманида электр энер­гияни истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича 2018 йил давомида кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, тумандаги электр энергияси истеъмолчиларига ўтган йилда жами – 18,3 млн. кВт.соат электр энергияси етказиб берилди.

Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрда қабул қилинган “2017- 2021 йилларда паст кучланиш тармоқларни модернизация ва янгилаш Дастури тўғрисида”ги қарори асосида беш йил давомида Мўйноқ туманида 22,5 км. узунликда электр узатиш тармоқлари, 17 дона трансформатор пунктларини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари белгиланган бўлиб, бунинг учун 2,8 млрд. сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Ўтган йилда мазкур қарор доирасида 10,4 км. электр узатиш тармоқлари ва 3 та трансформатор пункти реконструкция қилинди ва янгидан қурилди. Натижада, “Учсой”, “Дўстлик”, “Таллиузак” ва “Тикузак” маҳаллаларидаги истеъмолчиларнинг электр таъминоти яхшиланди.

Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича 43,8 км. узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 19 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ 20 та маҳалладаги 3 600 дан ортиқ аҳоли хонадонлари, жойлардаги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг электр таъминоти барқарорлашди.

2019 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 14,1 км. электр тармоқлари ва 6 та трансформатор пункти реконструкция қилиниши ва янгидан қурилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2019-2020 йил куз-қиш мавсумига электр қурилмаларни тайёрлаш бўйича 48,4 км. узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 20 дона трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

ЎзА.