Уруш қатнашчисига пул мукофоти ва совғалар топширилди


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ­М.Ерниязов Хотира ва қадрлаш куни олдидан Қораўзак тумани А.Досназаров овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Генжемурат Алланиязовнинг хонадонида бўлиб, байрам совғаларини топширди.

Республикамиз раҳбари фахрийни 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги билан қизғин табриклади.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йил 23 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш, уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу фармонга мувофиқ, фахрийга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 7 500 000 (етти миллион беш юз минг) сўм миқдоридаги пул мукофотини республикамиз раҳбари тантанали равишда топширди. Шунинг­дек, бир бош соғин сигир, телевизор ва кир ювиш машинаси ­совға қилинди.

— Биз уруш фахрийларига кўрсатилаётган бундай алоҳида ғамхўрлиги учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирамиз, — дейди Генжемурат ота Алланиязов. — Осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз янада обод, фарзандларимиз бахтли бўлишсин.

Д.Абибуллаев.