УСТОЗИМДАН ЎРГАНГАНЛАРИМ марраларга етаклади


Илк ўқитувчилик фаолиятимни бошлаган дамлар ҳамон эсимда. Зеро, Кегайли туманидаги 18-сонли мактаб жамоасига қўшилганим, қолаверса мактаб директори Хожамберган Қурбонов устоз сифатида қалбимга муҳрлангани учун ҳам у дамлар мен учун қадрли.

Кўплар учун ибратли, мақсадга етишдан толмайдиган инсон Хожамберган оғадан кўп фазилатларни ўзлаштирдим. У раҳбарлик қилган мактабда ишлаш жараёнида дастлаб туман, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси миқёсидаги тажрибали муаллимлар қаторидан жой олишга эришдим. Бинобарин, раҳбар сифатида ундаги қаттиққўлликни, талабчанликни мен бошқаларда кўрмадим. Бир марта очиқ дарс ўтиш бўйича иш режа тузганим, уни Хожамберган оғага кўрсатганимда, «бўлмайди» деб бир неча марта қайтаргани, қимматли маслаҳатларини бергани ёдимда. Ана шундай талабчанлик боис, очиқ дарсим ўта сермазмун, ўқувчилар учун анча фойдали тарзда кечди. Бунинг учун устоздан, албатта миннатдорман.

Хожамберган оға нафақат тажрибали раҳбар, балки ўз ихтисослигининг устаси сифатида ҳам эътироф этилади.  1991-1994 йилларда ўтказилган «Оригинал кўргазмали қуроллар» танловида мамлакатимиз миқёсида учинчи ўринни эгаллаган бўлса, 1993 йилги «Йил ўқитувчиси» танловининг якуни босқичида ғолиб бўлди.

Х.Қурбонов Кегайли тумани халқ таълими бўлимида ўқув-методика бўлимини бошқарган йиллар янада самарали кечди. 1998-1999 ўқув йилида тумандаги 4-сонли мактабда «Қорақалпоғистон географияси», 5-сонли мактабда «Қорақалпоғистон тарихи» фанлари тажриба синовидан ўтди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат Тест марказининг 1999 йилги хулосасига кўра 4-сонли мактаб география фани бўйича Ўзбекстон Республикасида биринчи ўринни эгаллади. У 2016 йилда ўтказилган «Йилнинг энг яхши таълим муассасалари ўқув тарбия жараёнини методик таъминлаш кичик гуруҳи», «Ўз касбининг моҳир эгалари» танловларида мамлакат кўламидаги якуний босқичда ғолиб бўлиб, касбдошлари Ж.Жақсимуратов, Г.Отегенова билан бирга махсус дипломни қўлга киритишди. 2017 йилда Кегайли туман халқ таълими бўлими 21 та йўналиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг Давлат таълим стандартлари мониторинг бошқармаси хулосаси бўйича биринчи ўринни эгаллашида ҳам Хожамберган оғанинг муносиб ҳиссаси бор.

Иш тажрибаларини ўрганиш, илғор педагогик технологияларни ўқув жараёнига тадбиқ этиш, методик маҳоратни оширишда устоздан мунтазам маслаҳатлар олдим. Натижада 1996 йили «Йил ўқитувчиси» танловининг Қорақалпоғис­тон Республикаси босқичида иккинчи ўринни эгаллаб, «Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими аълочиси» деган унвонга сазовор бўлдим.

Туманимиздаги тажрибали география фани ўқитувчиларидан бири, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Елмурат Алламуратов шундай деган эди: «Мен Хожамберган оғани улкан мевали боғ яратган боғбонга ўхшатаман. У етиштирган туганмас мева — йиллар давомида тўплаган билими, изланишлари, жорий этган янгиликлари, услубий тажрибаларидир. Ундан ўрганадиганимиз кўп. Шунга яраша шогирдлари ҳам тобора кўпайиб бормоқда».

Хожамберган оға ўқитувчилар оиласи соҳибидир. Умр йўлдоши Сапаргул билан уч ўғил, икки қизни вояга етказишди. Уларнинг барчаси муаллим деган номни шараф билан оқлаб юришибди.

Устознинг меҳнатлари ҳам муносиб эътироф этилган. «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» унвонлари, «Дўстлик» ордени унинг хизматларига берилган баҳодир.

Ўқитувчи ва мураббийлар ўз касб байрамларини нишонлаётган шу кунларда устозни чин дилдан табриклаймиз.

Жумагул ХАЛМУРАТОВА,

биология фани ўқитувчиси,

«Шуҳрат» медали соҳибаси.