Узоқ йиллик ва тинимсиз меҳнат нашидаси


Мана, бир неча кундан буён 27 июнь –Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан жойларда байрамга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, юртимизда ва дунёда юз бераётган янгиликларни кенг жамоатчиликка етказиб келаётган, ўзининг ажойиб журналистлик асарлари билан эътироф этилаётган бир гуруҳ журналистлар ҳамда техник ходимлар рағбатлантирилмоқда.

Сўнгги йилларда журналистларга, уларнинг машаққатли меҳнатига Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани боис уларнинг жамият ҳаётидаги нуфузи тобора ортиб бормоқда.

Шу йил 27 июнь куни байрам муносабати билан Тошкент шаҳридаги Ўзбек Миллий академик драма театрида ўтказилган тантанали тадбирда Президентимизнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилиб, бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Эътиборлиси, мазкур тадбирда 2009 йилдан буён Қорақалпоғистон ахборот агентлиги бош муҳаррири лавозимида фаолият юритиб келаётган Қуўатбай Есебаев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

Қ.Есебаев мана 41 йилдирки, ушбу соҳада самарали меҳнат қилиб келмоқда. У ўз фаолиятини Нукус туманидаги газета таҳририятидан бошлаб, кейинчалик республика нашри — “Қарақалпақстан жаслары” ҳамда “Жеткиншек” болалар ва ўсмирлар газетасида мухбир, бўлим бошлиғи, масъул котиб лавозимларида ишлади.  Шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети журналистика бўлимида ўқитувчи, Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раҳбари лавозимида фаолият юритиб, журналистика соҳасининг машаққатли ва масъулиятли йўлини босиб ўтди.

У матбуот соҳасида ўз фаоллиги, меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги билан танилди.

Қ.Есебаевнинг фидокорона меҳнатлари инобатга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг Фаҳрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

У фақатгина меҳнат жамоаси эмас, балки, барча ижодкорлар орасида ҳам журналистлик маҳорати, камтарлиги, фидоийлиги билан ҳурматга сазовар бўлди.

Қ.Есебаевнинг айниқса, Президент фармонлари, қарорлари, Давлатимиз раҳбарининг чет эл давлатларидаги ва мамлакат миқёсидаги сафарлари тўғрисидаги тезкор ва расмий материалларни қорақалпоқ тилига таржима қилиб, халқимизга етказиб беришдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қ.Есебаевнинг журналист мутахассисларни тайёрлашда ҳам муносиб улуши бор. У 1992-2000 йилларда талабаларга журналистика соҳаси бўйича таълим берган ва бугунги кунда шогирдлари радио, телевидение, матбуот ҳамда бошқа жабҳаларда фаолият юритмоқда.

У ўзининг ижодий фаолияти давомида истиқлол ғояси ва юртимизнинг ижтимоий-сиёсий соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти, ёшлар тарбияси, маънавий-маърифий ишлар, маданият, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат, ишлаб чиқариш, таълим, спорт соҳасидаги эришилган ютуқлар, муҳим масалалар ҳақида материаллар тайёрлаб келмоқда.

Ёш журналистларга ўзининг ижодий ва ҳаётий бой тажрибаси билан устозлик қилади.

Унинг турмуш ўртоғи Райхон Сейдуллаева Нукус педагогика коллежида  бўлим бошлиғи, ўғли Ислам Матеков ота йўлини давом эттириб, журналистика соҳасида фаолият юритиб келмоқда.

Келини Соҳибжамол Есемуратова ҳам журналист. Қизи эса болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлайди.

Биз касбдошлари ва шогирд­лари Қ.Есебаевга берилган мукофотни республикамизнинг барча журналистларига билдирилган юксак ишонч деб биламиз. Келгусида юртимиз ривожи учун ўзининг ўткир қалами орқали муваффақиятли хизмат қилишига ишонамиз.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.