Ўзбекистон театрларининг республика фестивали


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Сени куйлаймиз, замондош!” Ўзбекистон театрлари V республика фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон республикалари халқ артисти О.Назарбеков сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда миллий маданиятимиз ҳамда санъатимизни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор хусусида батафсил тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек,  2011 йилдан буён ўтказилиб келинаётган фестивалнинг асосий мақсади, миллий қадриятларимиз ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини мадҳ этувчи, Ватанимиз мустақиллиги, осойишталиги ва фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, ақл-заковатли, дунёқараши кенг замондошларимиз образлари тасвирланган замонавий мавзулардаги спектаклларни яратишдан иборат. Шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш, томошабинларни юртимиз театр санъатининг энг сара спектакллари билан яқиндан таништириш назарда тутилган.

Ўзбекистогн Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан ташкил этилган V республика фестивалида юртимизнинг 11 та давлат театрлари ўзларининг замонимиз қаҳрамонларини мадҳ этувчи спектакллари билан иштирок этмоқда.

— Бизни самимият ила кутиб олгани учун Қорақалпоғистон ­халқига чексиз миннатдорлик билдирамиз, — дейди Ўзбекистон давлат драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров. — Бундай тадбирларнинг ўтказилиши бугунги куннинг ҳақиқий қаҳрамонларини халқимизга яқиндан таништириш, ўз навбатида театрларимизнинг бир-бири билан тажриба алмашишига хизмат қилади.

Тадбирда меҳмонлар республикамиз санъат усталари ижросидаги концерт дастури, сўнгра, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри томонидан саҳналаштирилган Ч.Айтматовнинг “Жамила ” спектаклини томоша қилишди.

Тадбирнинг иккинчи кунида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон давлат драма театрининг “Ер барибир айланаверади” номли спектакли намойиш этилди.  Ш.Бошбеков муаллифлигидаги,  режиссёр О.Салимов томонидан саҳналаштирилган ушбу спектаклда асосан юртимизда сўнги бир-бир ярим йил ичида амалга оширилган ўзгаришлар хусусида сўз боради. Шунингдек, истиқболдаги вазифаларни бажаришга халақит бераёт­ган иллатлар ва уларга қарши кураш ҳолатлари тасвирланади.  Шу куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри томонидан К.Каримовнинг “Саховат боғи” спектакли, Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида Самарқанд вилояти мусиқали драма театри томонидан М.Комилжоновнинг “Она юраги” спектакли намойиш этилди.

— Президентимиз ташаббуси билан республикамизда, жумладан, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари вақтида мана шундай фестивалларнинг ўтказилиши муҳим аҳамият касб этади, — дейди Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театри директори, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби Пўлат Айтмуратов. — Жамоамиз фестивалга “Мўйноқнинг бахтли тонглари отди” ҳамда “Турна парлари” спектакллари билан қатнашмоқда. Ўзларининг ажойиб асарлари билан келган барча иштирокчиларга омад тилаймиз.

Фестиваль доирасида ­театрлар жамоалари республикамизнинг Мўйноқ, Қонликўл, ­Тахтакўпир, Шўманой, Чимбой, Амударё, Элликқалъа туманларида бўлиб, спектаклларини ­намойиш этишди.

Шунингдек, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида “Саҳнада замон қаҳрамони образи” мавзусида драматурглар семинари, Ёшлар марказида Ўзбекистон маданият ва санъат институти Нукус филиали талаба-ёшлари билан ижодий учрашув ва бошқа тадбирлар ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланиб ўтказилаётган фестиваль 15 июнга қадар давом этади.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.