Халқ қабулхоналарига хизмат автомашиналари топширилди


Пойтахтимиз Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман Халқ қабулхоналарига хизмат автомашиналарини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ­Раиси М.Ерниязов сўзга чиқиб, ­Президентимиз раҳбарлигида Халқ қабулхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларга кенг имкониятлар ва шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли ­муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳоли мурожаатлари билан ишлаш  тизимини янги босқичга кўтариш,  муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал қилишда юзага келаётган камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Ушбу фармонга мувофиқ Халқ қабулхоналари муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаши ва ҳал қилиши ҳамда давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутадиган янги тизим жорий қилинмоқда.

Ҳақиқатан ҳам Президентимиз томонидан белгилаб берилган “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил халқимизнинг бугунги турмушидан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Шаҳар ва туман Халқ қабулхоналарининг хизмат автомашиналари билан таъминланиши уларнинг олис овуллардаги аҳоли орасига ҳам етиб бориб, муаммоларни тезда ҳал қилишида юқори самара бериши шубҳасиздир.

— Бу эътибор ва ғамхўрлик бизларга янада масъулият юклайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Эллик­қалъа тумани Халқ қабулхонаси раҳбари А.Раззақова. — Халқимизнинг, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларининг ­муаммоларини ҳал қилишда ўзларимизнинг бор билим ва тажрибамизни аямаймиз.

Тадбирда шаҳар ва туман Халқ қабулхоналарига 16 дона хизмат автомашиналари тантанали равишда топширилди.

Тадбирда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳ.Халимов иштирок этди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар

агентлиги мухбири.