Халқаро стандартлар қандай талабларни қўяди?


Бугунги кунда, барча даражада миллий ­экспортни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш ва маҳаллий экспортчиларнинг халқаро ­бозорларга чиқишини самарали рағбатлантириш Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг ­устувор йўналишларидан биридир.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, дунё харидорлари маҳсулотнинг сифати, унинг хавфсизлигига талабчан бўлиб, сотувчилардан (экспортчилардан) товарнинг халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини хоҳлайдилар. Албатта, бундай талабни иқтисоди ривожланган давлатларга чиқишни истаган юртимиз ишлаб чиқарувчилари (хизмат кўрсатувчилари) инобатга олишлари лозим. Ушбу мамлакатларда деярли барча товарлар нархи билан эмас, балки сифати, экологик тозалиги, истеъмолчилар ва атроф-муҳитга хавфсизлиги билан рақобатлашади.

Тўғри, аксарият МДҲ мамлакатлари харидорларининг талаблари жуда юқори эмас, қолаверса маҳсулотингизнинг тегишли О‘zDST стандартлари, давлатлараро ГОСТ ёки ТУ (TSH) ларга мос бўлиши кифоя. Бироқ, юқорида айтиб ўтилган иқтисоди ривожланган давлатларга кириш учун ISO Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг стандартлар сертификатларини олиш масаласи муҳимдир.

ISO стандартларининг ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки, улар маҳсулотнинг ўзига эмас, балки ишлаб чиқариш бошқаруви тизимига тўғридан-тўғри талаб қўядилар. Экспортчилар учун муҳими ISO 9001:2015 халқаро стандартлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун ISO 22000 серияларидир. ISO 9001:2015 – менежмент сифат тизимининг халқаро стандарти – ушбу стандарт маҳсулот ва хизматлар сифати бошқарувига бир неча талабларни қўяди ва таъминлайди. Бундай талаблар корхона фаолиятининг бир неча тармоқлари – маркетинг, молия, таъминот, савдо-сотиқ бўлими ва албатта маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни ва хизматлар тақдимотига қаратилган.

Халқаро стандарт ташкилотининг ISO 9001:2015 менежмент сифат тизими сертификатини олган Ўзбекистон корхона ва ташкилотлари, рақобатчиликда ўзига хос имтиёзга эга бўладилар. Бу эса халқаро тендерларда, экспорт шартномаларини тузишда, чет эл капиталини жалб қилишда, банклар, инвестиция, суғурта ва юридик компаниялар ишончини қозониш эҳтимолини оширади.

ISO 22000:2007 – озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича менежмент тизимининг халқаро стандарти. ISO 22000 халқаро стандартини қўлга киритган деҳқон ва фермер хўжалиги, Ўзбекистон агрофирмалари, озиқ-овқат маҳсулотлари хом-ашёсини қайта ишлаб чиқарувчилари, тайёр озиқ-овқат маҳсулот етиштирувчилар ва уларга боғлиқ ташкилотлар чет эллик ҳамкорларининг ишончига сазовор бўлишига имкон беради.

Кўриниб турибдики, бу стандартларни қўлга киритиш, корхонанинг экспорт салоҳиятини янада оширади.

Маҳсулотга кафолат бериш ва сотилгандан сўнг хизмат кўрсатиш ҳозирги замон бизнесининг ажралмас қисми ҳисобланади. Сиз ўзингизнинг маҳсулотингизга кафолат беришга тайёр туришингиз керак, чунки хориж истеъмолчилари сифатли маҳсулот кутишади. Компаниялар ўз маҳсулотларини рақобатчиларга нисбатан илдамроқ кўрсатиш мақсадида бир вақтнинг ўзида сифат кафолатини ҳам реклама қиладилар. Янги хориж бозорига кириш учун сифат кафолатини олиш жуда муҳимдир.

Маҳсулот сотилгандан сўнг унга хизмат кўрсатишга алоҳида аҳамият бериш лозим. Қоидага кўра маҳсулот қанчалик мураккаб бўлса, у сотилишидан олдин ва сўнг хизмат кўрсатишни талаб қилади. Бу асосан электротехника, авто улов, асбоб-ускуналар ва бошқа сервис товарларига тегишлидир.

Бугунги кунда экспорт салоҳиятини ривожлантириш иқтисодиётнинг реал секторларидаги корхоналарни модернизация қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий банк­лар ва халқаро молиявий институтларнинг инвестициялари ва кредит линияларини жалб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Аман Нургалиев,

“Қорақалпоғистон синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси, маҳсулотни экспорт қилишга кўмаклашиш Бюроси вакили.