«Хавфсиз хонадон» тадбири қўриқлаш хизматига бўлган ишончни оширмоқда


Юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришлар, кенг кўламдаги ислоҳотлар натижасида барча соҳа ва тармоқлар замонга мос равишда такомиллашмоқда. Хусусан, ички ишлар идоралари ҳузуридаги қўриқлаш хизматлари фаолиятида ҳам замонавий технологиялар, янгиликлар жорий қилинмоқда. Биз, бу борада республикамизда олиб борилаётган ишлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Т.Бердахов билан суҳбатлашдик.

— Биламизки, барча фаолият турлари меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олиб борилади. Аввало, қўриқлаш хизматини такомиллаштиришга оид ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳозирги пайтда республикамизда қўриқланаётган объектлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз?

— 2016 йил 16 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунида ички ишлар органларининг вазифа ва ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мус­таҳкамланди. Ушбу органнинг ваколатлари доирасида 16 асосий йўналиш бўлиб, улардан бири давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашдир.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда ички ишлар идоралари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари барча зарур жиҳозлар ва воситалар билан таъминланган. Сўнгги русумдаги алоқа ва автотранспорт воситалари оператив гуруҳлар қўриқлаш хизматини самарали ташкил қилишга замин яратмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида техник қўриқлаш пунктлари объектлари сонини ошириш ва фуқаролар хонадонларини ҳам қўриққа олиш ҳамда уларнинг ишончли қўриғини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Ҳозирги кунда республикада фаолият кўрсатаётган жами 11 та техник қўриқлаш пунктлари томонидан 775 та турли мулкчилик шаклидаги халқ хўжалиги объектлари ҳамда 1177 та фуқаролар хонадонлари қўриқланиб келинмоқда.

Жами қўриқланаётган 1061 та объектларнинг 73 фоизини ТҚП объектлари ташкил қилмоқда.

Хизматнинг техник қўриқлаш пунктлари томонидан объект ва  фуқаролар хонадонларини қўриққа олишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари ўтказилмоқда. Натижада аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, хизмат кўрсатувчи объектлар, фуқаролар хонадонлари, мактабгача таълим муассасалари ва бошқа  ташкилотлар хавфсизлигини ва моддий-бойликларини асраш борасида самарали ишлар йўлга қўйилмоқда.

Қўриқлаш нарядлари томонидан объектларнинг ишончли қўриқланиши ва хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида қўриқловдаги объект ва хонадонларда ўғрилик ва бошқа кўнгилсиз ходисалар юз бермади.

— Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда ҳуқуқбузарлик, жиноятчиликнинг олдини олишга оид тегишли қарорлар қабул қилиниб, видеоселектор йиғилишларда бир қатор топшириқлар берилмоқда. Мана шу вазифалар ижроси юзасидан республикамизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган қарорлар ва бу борада берган алоҳида топшириқларининг ижросини таъминлаш натижасида юртимизда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича мутлақо янгича тизим шакл­лантирилди. Масалан, Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизда ҳафтанинг пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгиланди. Республикамизда фуқароларларнинг хавф­сизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан шахсий мулкларини ишончли қўриқлаш юзасидан шаҳар ва туманларда қишлоқ ва маҳалла фуқаро йиғинларида, корхона ва ташкилотларда учрашув ва суҳбатлар ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди. Натижада 244 та объект ва 1058 та фуқаролар хонадонлари янгитдан қўриққа олиниб, жойлардаги Техник қўриқлаш пунктлари қўриғига уланди.

Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ­раислигида 2018 йилнинг 27 июль куни жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулятини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ички ишлар органлари қўриқлаш хизматига берилган топшириқларидан келиб чиққан ҳолда, қўриқлаш бўлинмалари томонидан қўриқланаётган объект ва фуқаролар уйларининг сонини кўпайтириш, ўрнатиладиган сигнализация воситалари ва бошқа қурилмаларни бепул ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

— Айтингчи, қўриқлаш хизмати томонидан фуқароларнинг хонадонларига қўриқлаш хизматини кўрсатиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

— Ҳозирги кунда аҳоли хонадонларига қўриқлаш хизматини кўрсатиш борасидаги ишлар янада такомиллаштирилмоқда. Масалан, 2018 йил 31 июль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қўриқлаш Бош бошқармаси бошлиғи полковник Т.З.Наджимов раҳбарлигида ўтказилган қўриқлаш хизматида фуқаролар хонадонлари ва тадбиркорлик объектларини янгидан қўриққа олиш, уларнинг ишончли қўриғини таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида 2018 йилнинг август, сентябрь ойларида фуқаролар хонадонларини қўриққа олиш бўйича «Хавфсиз хонадон» махсус тадбири ўтказилиши белгиланди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Қўриқлаш хизмати томонидан ўтган август-сентябрь ойлари давомида 66 та объект ва 861 та фуқароларнинг хонадонлари қўриқлашга қабул қилинишига эришилди.

— Қўриқланаётган объектлар ва уларни огоҳлантирувчи жиҳозлар билан таъминланиш даражаси қандай?

— Ҳозирги кунга келиб, республика бўйича жами 150 та банк ­муассасалари ва унинг филиаллари қўриқланиб, тўлиқ қўриқлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланишига эришилди.

Республика техник қўриқлаш пунктлари томонидан қўриқлана­ётган объектларда ўрнатилган қўриқлаш ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализация воситаларига қўриқлаш хизматининг 53 та ­электромонтёрлари томонидан хизмат кўрсатилиб келинмоқда.

Қўриқдаги объектларнинг сигнализация воситалари билан жиҳозланганлик даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 235 тага ёки 24,2 фоизга ошди.

Қўриқдаги объектларнинг ишончли қўриғини таъминлаш, техник мустаҳкамлигини ошириш мақсадида замонавий қўриқлаш ва ёнғиндан огоҳлантирувчи воситалар билан жиҳозланмоқда. Шунинг­дек, объектлар қўриғида қоравул итлардан ҳам фойдаланиш йўлга қўйилган.

— Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан ўғрилик ва шу каби қоидабузарлик ҳолатларини аниқлаш ва бартараф қилиш бўйича қандай натижаларга эришилмоқда?

— Қўриқлаш хизматининг саф бўлинмалари ходимлари томонидан халқ хўжалиги объектларидан майда ташмачиликлар содир этгани учун республика бўйича жами 348 та шахс ушланди. Қонунбузарлардан мусодара қилинган жами 48 млн 596 минг сўмлик моддий товар бойликлари мулк эгаларига қайтарилди.

Майда ташмачиликлар содир этилган корхона ва муассаса маъмуриятига 348 маротаба ахборотномалар тақдим этилди ва корхона, муассаса ишчи-ходимлари билан 593 маротаба суҳбат-учрашувлар ўтказилди.

Қўриқланаётган ўта муҳим, тоифаланган ва банк муассасаларида ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари, ҳудудий ҳокимликлар, тез ёрдам, авария-қутқарув хизматлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда жами 177 марта амалий-тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Уларнинг 22 таси ўта муҳим тоифаланган объектларда ва 155 таси банк муассасаларида  ўтказилди.

Қўриқлаш хизматининг афзалликлари тўғрисидаги тарғибот тадбирлари натижасида бундай объектлар сони ортмоқда. Масалан, 90 та объект янгитдан қўриққа олинган бўлса, шундан 25 таси тунги саф йўналиши кўриғига, 2 таси қоравул, 3 таси ҳарбийлаштирилган соқчилик кўриғига ҳамда 3 таси саф бўлинмалари кўриғига олинди.

Бугунги кунда «Хавфсиз хонадон» тадбири доирасида амалга оширилаётган ишлар аҳолининг қўриқлаш хизматига бўлган ишончини оширмоқда. Ушбу ишончни оқлаш ва қўриқлаш хизмати сифатини янада ошириш мақсадида ходимларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлиги ошириб борилмоқда. Тегишли ташкилотлар билан хамкорликда амалий-ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ

суҳбатлашди.