ЮКСАК РАҒБАТГА ЯРАША баҳамжиҳатликда меҳнат қиламиз!


Биз, ҳар янги йил байрами арафасида якунланаётган йилнинг турли соҳалар бўйича сарҳисобини қиламиз. Шу нуқтаи назар билан қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳақида гапирсак, якунланаётган 2018 йил – миришкорлар учун ўзига хос синов йили бўлди. Минтақамизда кузатилган табиат инжиқлиги, сув тақчиллигига қарамай деҳқон-фермерларимиз бор меҳнати ва матонатини кўрсатдилар.

Мен мана 40 йилдирки қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб келмоқдаман. Ушбу  вазирликда фаолият юритаёт­ганимга эса 20 йилдан ошди. Ўтган йиллар давомидаги тажрибамдан келиб чиқиб айтмоқчиманки, деҳқон учун ҳосил етиштирда осон бўлган йилнинг ўзи йўқ. Лекин, 2018 йил — ҳақиқатан ҳам қийин йилларнинг бири бўлди. Шундай вазиятларда биз каби Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва туман бўлимлари мутахассислари имкон қадар юқори самарадорликка эришиш бўйича фермер-деҳ­қонларга тегишли тавсиялар бериб келамиз.

Сўнги йилларда Муҳтарам Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида фермер хўжаликларимиз фақатгина пахта ва ғаллачилик билан шуғулланиб қолмасдан фаолиятини кўп тармоқли қилишга кенг имкониятлар яратилди. Натижада кўп тармоқли фермер хўжаликлари 28 фоизга кўпайиб, уларнинг сони 2800 тага етди. Айниқса, якунланаётган 2018 йилда бу борадаги ишларга алоҳида эътибор қаратилиб, минг­дан ортиқ фермер хўжаликларини кўп тармоқлига айлантириш натижасида ҳудудларда 2 минг 300 дан ортиқ иш ўринлари яратишга эришилди.

Мазкур фермер хўжаликларида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқларини ташкил қилиш халқимизнинг гўшт, сут, балиқ ва асал маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга, бозорларимизда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилаётир.

Барчамизга маълумки, ўтган йилдан бошлаб бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” байрам сифатида кенг нишонланадиган бўлди. Жорий йилги “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” байрами арафасида Президентимизнинг фармони билан бир гуруҳ соҳа ходимлари фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.

Мен ҳам Президентимиз фармонига кўра «Дўстлик» ордени билан тақдирландим. Менга берилган ушбу мукофот бутун қорақалпоғистонлик миришкорларга ҳамда вазирлик фаолиятига Президентимиз томонидан қаратилган эътибор ва муносиб рағбат, деб биламан.

Фурсатдан фойдаланиб, деҳқон-фермерларни, бутун халқимизни янги йил байрами билан табриклайман. Кириб келаётган 2019 йилда ҳам юксак рағбатга яраша юртимиз иқтисодиётини юксалтириш йўлида фермер ва деҳқонларимиз билан баҳамжиҳатликда меҳнат қиламиз!

Мурат Курбаниязов,

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги агротадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, «Дўстлик» ордени соҳиби.