ЮКСАЛ, ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНИМ


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг Қорақалпоғистонга ташрифидан сўнг туғилган ўйлар

 

 

 

 

Ассалом Ватаним, бахтинг муборак,

Янги давру даврон, янги кунларинг.

Жаҳонда тикланган тахтинг муборак,

Янги мақсадларинг, оқ умидларинг,

 

* * *

 

Баландроқ ҳилпира ҳур байроғимиз,

Мовий коинотдан олиб андоза.

Яшил рангларингда сахий боғимиз,

Бугун ҳаёт янги, мақсадлар тоза.

 

Уфқлардан кўчган ойинг, юлдузинг,

Қирмизи чизиқлар аждодлар қони.

Ҳар чизиқда шонли тарихнинг изи,

Ҳар рангда авлодлар руҳи равони.

 

Баландроқ ҳилпира миллат шаънидан,

Қувват олсин ўзга сайёралар ҳам.

Оталар хокидан, халқим жонидан,

Куч олиб баландла шонли, мукаррам.

 

Ҳилпира, жаҳоннинг аренасида,

Спортда, санъатда, илму-урфонда.

Дунёлар лол қолсин юрт маррасига,

Сен улуғлаб турган азиз Ватанда.

 

* * *

 

Қорақалпоқ юртим, ота маконим,

Устюртим, Қоратоғ маъданларга кон.

Конституциям – улуғ Ватаним,

Халқим бахти учун муқаддас девон.

 

Бугун яйраб, яшнар ҳар тўрт ёғимиз,

Ҳар шаҳар бир жаннат, ҳар овул обод.

Қайта янгиланар ҳур–Мўйноғимиз,

Халқимиз қувонар ўз бахтидан  шод.

 

Президент ташрифи Қорақалпоққа,

Улуғ келажакка қўйди пойдевор,

Қадамлари қутлуғ келиб Мўйноққа,

Янги турар жойлар қурилар қатор.

 

Кенг равон йўллари, сувлари сероб,

Мактаб, боғчалари кенг ҳамда ёруғ.

Онгида билим-у қўлида китоб,

Мўйноқ ёшларининг эртаси улуғ.

 

«Қорақалпоғистон» янги шаҳарча,

Байроғу-Гербимиз нур сочиб турар.

Равон йўллари ва темир излардан,

Янги мақсад, янги орзулар келар.

 

Орол инқирози–чекинар энди,

Туз, қумлар бағрида яшил ўрмонлар.

Меҳнатсевар халқим боғласа белни,

Яна янгиланар, янги замонлар.

 

Президент БМТ минбарда сўзлаб,

Орол дарди– Олам дарди»дир деди.

Дунё юзин бурди, қорақалпоққа,

Орол ўрни нурга тўлади энди.

 

Орол кетди, халқим мақсади кетмас,

Президент меҳридан чўлга кирар жон.

Қорақалпоғистон  ҳар ўғил-қизи,

Юртини улуғлаб қилар фаровон.

 

Транс жамғармалар тузилди энди,

Жаҳон ёрдам қўлин чўзар элимга,

Бутун дунё  қорақалпоққа етди,

Янги кентлар бўй тиклайди элимда.

 

Обод овулларда бахтли уйларда,

Янгиланар қорақалпоқ ҳаёти.

Янги режалар бор, ақлу ўйларда.

Ортиб борар халқинг кучи-қудрати.

 

Қоратоғ бағрида ўнлаб маъданлар,

Янги корхоналар пойдеворидир.

Бугун Устюртимиз машҳур жаҳонда,

Қорақалпоқ элин ифтихоридир.

 

Тебин булоқ кони – фаровонликнинг,

Эшигини очган ризқ булоғидир.

Ўрмонлар яралар зумрад рангларда,

Эл бахтин ўстирар, юртим боғлари.

 

Булоқларда сузар «олтин» балиқлар,

Бахтдан сўзлар Бердақ бобо баёзи,

Энди халқ шодлигин айтиб ёрлиқар,

Ажиниёз чалган дуторнинг сози.

 

Олтин боғлар, сулув чаманлар унар,

Бу ерларга янги авлод келади.

Ота юрт қадрини ёш авлод билар,

Қорақалпоғистон зўр юрт бўлади.

 

Бердақ бобо Чимбой – ота-маконда,

Қайтадан тирилди жаннат бир боғда.

Бу ёдгорлик энди бутун дунёни,

Чорлаб турар азиз қорақалпоққа.

 

Ибройим оғанинг ёруғ мактаби,

Ёш истеъдодларнинг зеҳнини очди.

Достонлар тирилди, азиз боболар,

Янги авлодига илм нурин сочди.

 

Буюк ипак йўли қорақалпоққа,

Туташтириб турар бутун жаҳонни,

Дунё интилади бориб кўрсам деб,

Жаннатга айланган Ўзбекистонни.

 

Қорақалпоқ юртин фарзандиман деб,

Президент ўстирар бу миллат шаънин.

Элнинг мўл ризқини, тинчлик ғамин еб,

Орттирар Қорақалпоғистоннинг шонин.

 

Қорақалпоқ халқин қўли дуода,

Сийлаб, олқишлайди Президентини.

Бу юрт ҳали зўр бўлади дунёда,

Деб Президент суяр ҳар фарзандини.

 

Президент тилаги энг олий ҳикмат,

Юксал, гулла менинг ота маконим.

Ҳар дилда шижоат, ҳар дилда шиддат,

Зўр бўл, яшна Қорақалпоғистоним.

 

Қадр – қимматимсан туғилган элим,

Таянч, ифтихорим, саждагоҳимсан.

Халқимнинг ғурури, кўзимиз нури,

Бизга ота мерос зар тупроғимсан.

 

* * *

 

Ассалом Ватаним, бахтинг муборак,

Янги давру даврон, янги кунларинг.

Жаҳонда тикланган тахтнинг муборак,

Янги фикрларинг, оқ умидларинг.

Гулистон МАТЁҚУБОВА,

Қорақалпоғистон халқ шоири.

2018 йил Ноябрь.

Нукус.