ЮРТ СЎҚМОҒИ ЖАҲОНДАГИ ЙЎЛЛАРГА ТЕНГ


Шу кунларда халқимизнинг асрий орзуси бўлган, Ватанимизнинг қадим бой тарихида янги саҳифа очган, Ўзбекистон давлатини дунё ҳамжамиятида тенглар ичида тенг қилган, эркин ва озод ҳаётимизни таъминлаб берган шонли  мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллиги  кенг нишонланмоқда.

Шундай шукуҳли кунларда ўйлаб қоласан. Инсоният яралибдики, албатта унинг ҳаётида байрам, шодиёна, унутилмас саналар ҳам пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам дунёда байрамлар, тантаналар кўп. Бизнинг юртимизда ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимиз Давлатимиз мустақиллик олган кун — эрк ва озодлик, озод ва обод ҳаётимизнинг энг муқаддас байрами бўлиб нишонланиб келмоқда.

«Жонажон Ватанимиз — Ўзбекистонимиз миллий тараққиётнинг янги ­босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда демократик янгиланиш жараёнлари амалга оширилаётган бугунги кунда биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Шу маънода, мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, ҳар томонлама муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётимизда алоҳида муҳим ўрин тутади».

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 27 йиллик байрамига ­тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида таъкидланган ушбу эътироф Ўзбекистонимизнинг айниқса сўнгги икки йил ичида шиддат билан ривожланиш йўлига тушиб барча соҳаларда катта ютуқлар қўлга киритилаётганлигининг ёрқин гувоҳидир. Ана шундай тарихий лаҳзаларда ушбу сатрларни келтириб ўтмасликнинг ҳеч иложи йўқ;

Бу кунларнинг ҳар лаҳзаси йилларга тенг,

Саҳроларнинг ҳар чечаги гулларга тенг.

Дунё ҳавас қилар обод умримизга,

Юрт сўқмоғи жаҳондаги йўлларга тенг.

 

Ҳақиқатда ҳам шундай эканлигини ҳар биримиз кўриб, сезиб турибмиз. Бугун бутун дунё Ўзбекистонга интилмоқда. Нега, нима учун, дунёда ривожланаётган бошқа давлат йўқми, деган савол туғилади.

Бор албатта, лекин Ўзбекистонимиздаги бугунги демократик ўзгаришлар самарали бўлмоқда. Яъни ўтган давр ғоят муҳим бир ҳақиқатни такрор ва такрор тасдиқлаб бермоқда. Президентимиз Ш.Мирзиёев эркин ва фаровон ҳаётимизни, буюк келажагимизни фақат мустакиллик асосида қуришимиз, одамларимиз, эл-юртимизни фақат мустақил сиёсат асосида рози қилишимиз мумкинлигини ҳам сўзда, ҳам амалда тасдиқлаб, кўрсатиб турибди. Фақат мустақиллик Президентимиз раҳнамолигида  бугунги ва келгуси авлодлар учун мисли кўрилмаган имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Булар  юртимиздаги ҳар бир янгиланиш, бунёдкорлик ишларида ўз аксини топмоқда.

Сўнгги икки йил ичида Президентимиз томонидан қабул қилинган мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг барча йўналишларини белгилаб берувчи фармон ва қарорлар, уларнинг тезкор ижроси одамларимиз ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириб юборди. Энг аввало инсон ва унинг манфаатларини кўзлаб олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг  бахтли ва фаровон ҳаёти, ўзига ва юрт келажагига бўлган мустаҳкам ишончида намоён бўлмоқда.

Халқини севган, адолатпарвар, узоқни кўзлаб иш кўрувчи, доно юрт раҳбари энг аввало одамлар кўнглига йўл топди. Бугунги кунда Президентимиз фақат сўзда айтилиб, қоғозда ёзилиб келаётган инсон манфаати тушунчасининг асл маъно-моҳиятини очиб берди. Инсонлар дарду-ташвишлари, ҳал қилинмаган кундалик муаммолари ва уларни тезкор, мақсадли қарорлар, дастурлар ижроси билан ҳал қилиш юртимиздаги фаровонлик, тинчлик осойишталигимизнинг мезонига айланди.

Бугун энг яқин қўшнимиз ҳам, энг узоқ қариндошимиз ҳам ҳаётдан рози бўлиб яшаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳар ким ўз ҳаёти гўзал, мазмунли бўлиши, дастурхони тўкин-сочин, оиласи тинч-осойишта бўлиши фақат ўзига боғлиқ эканлигини тушуниб етди. Тадбиркор- элга ҳам, оиласига ҳам мададкор эканлигига ишонди.

Янги уйнинг калитларини олиб остонадан ҳатлаб ўтаётган отахон ва онахонми, ёки келин-куёв­ми, ногиронлик аравачасида ўтирган ўксик бир одамми ҳамма-ҳаммаси бу ҳаётга шунчаки келмаганлигини англаб етмоқдалар. Фуқароларимиз яхши еб-ичиб, яхши кийиб, тўй-томошаларга, саёҳатларга бориш, ҳаёт мазмунига мазмун қўшиб ўзидан яхши ном, ўчмас из қолдириб яшаш орзусидан баҳраманд бўлмоқдалар.

Айниқса,  барча эски уйлар ўрнига янги, миллий лойиҳалар асосида қурилаётган кўркам бинолар, сўлим ва гўзал хиёбонлар, ҳатто қишлоқларимизнинг, маҳаллаларимизнинг «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастурлари асосида янги қиёфа касб этаётганлиги Президентимиз яратиб бераётган имкониятлар самарасидир.

Буларни Қорақалпоғистонда ҳам “Обод қишлоқ” дастури бўйича олиб борилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин. Ҳар бир туманда 2 тадан қишлоқ, 30 та маҳалла йиғинлари ҳудудларида катта янгиланиш, бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Жумладан, якка тартибдаги 4460 та уй-жойлар таъмирланган, 36,8 км пиёдалар йўлаклари ободонлаштирилган, кўча чироқлари чарақлаб турибди, 110,6 км ичимлик суви таъминоти яхшиланди, 305 км электр тармоқлари, 159 та трансформаторлар, 122 км табиий газ тармоқлари таъмирланган. Бугунги кунда қишлоқларда 23 та бекатлар қурилиши давом этмоқда.

Беруний туманидаги “Бийбозор” қишлоғи қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганлигини алоҳида мисол қилиш мумкин.

— Бизга Ўзбекистондай бетакрор юртда, шундай озод ва обод бахтли кунларда яшаш насиб этган экан, — дейди бийбозорлик Янгибой Хўжанов. — Биз орзу қилардик. Энди давлатимиз раҳбари ҳар бир оилага эътибор,  ғамхўрлик кўрсатмоқда. Мен бир оддий деҳқонман. Қийналаётган эдик. Бугун ҳаммаси изга тушиб кетди. Уйимиз таъмирланди, — дейди у миннатдорчилик билан. Қишлоғимиз ҳам обод бўлиб, ҳамжиҳатликда яшаяпмиз.

Унинг фикрларига қўшилмасдан илож йўқ. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш бўйича “Бийбозор” ОФЙ ҳудудида 244 та уйлар таъмирланди, 7,3 км масофадаги ички йўллар янгидан қурилди.

Электр тармоқлари бўйича 7 км ҳаво линияси, 1 та трансформатор пункти янгидан ўрнатилди. 240 дона суюлтирилган газ баллонлари фуқароларга ўз вақтида етказиб берилмоқда.

26- 57-сонли мактабгача таълим муассасалари биносида таъмирлаш ишлари олиб борилди.

“Бийбозор” овулида яшовчи Хамза Рўзметов, Роза Ҳайтакова, сингари тадбиркорларга ер ажратиб берилиб, уларнинг ташаббуслари билан қишлоқда сунъий қопламали стадион, автобекат ва савдо дўкони, ҳаммом ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилишлари ҳам бошлаб юборилган.

 

* * *

 

Президентимиз қайси ҳудудга қадам қўйса ҳам аввало шу ҳудуд одамларининг дардини тинг­лайдики, барча давлат дастурлари халқ томонидан айтилган муаммоларнинг амалга ошиши учун ишлаб чиқилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигидан одамлар рози бўлиб, кўнгиллари тўлмоқда.

Ҳар сафар  янгиланган, кўркам, миллий лойиҳадаги кўп қаватли турар жой бинолари, мактаб, лицей, тиббиёт масканлари, савдо шохобчалари билан ХХI аср қиёфасига кирган пойтахтимизнинг кенг равон кўчаларини айланар эканмиз, халқимизнинг бу розилиги нақадар ҳақиқат, келадиган кунлар буюклигига мустаҳкам ишонч эканлигига қайта қайта амин бўламиз.

Мана бугун шаҳримизнинг А.Дўсназаров кўчасини айландик. Кўча бошида Нукус темир йўл вокзали, атрофидаги фавворалар, сўлим оромгоҳлари ва салобат билан нафақат йўловчиларни, меҳмонларни, фуқароларимизни ҳам дам олиш учун ўз бағрига чорлайди. Бу кўчада жойлашган барча хизмат кўрсатиш шохобчалари замонавий қиёфага кирган. Йўлакчалар атрофи йўловчилар ўтиши, юриши учун жуда қулай.

Мана, кўча кўркига кўрк бўлиб қўшилган гўзал хиёбонда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Ибройим Юсуповнинг салобатли бюсти узукка қош қўйгандек ярашиб турибди. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг шахсан ўз ташаббуси ва топшириғи билан қорақалпоғистонлик иқтидорли болалар учун 4,7 млрд. сўм ажратилиб қурилган, ўтган йил Мустақиллик байрами арафасида ишга тушган бу маконда ҳозир Қорақалпоғистоннинг барча туманлардан келган 216 нафар энг иқтидорли болалар таълим олмоқда. Уларга адабиёт, санъат ва бошқа фанлардан Г.Атаниёзова, Г.Хожалепесова, А.Қулымбетова, Қ.Ўтениёзова, П.Ўрозбоева, З.Давлеталиева сингари тажрибали, меҳрибон устозлари таълим бермоқда, адабиёт, санъат сирларини ўргатмоқдалар. Энг асосийси улар атоқли шоиримиз И.Юсупов яратиб кетган ижод мактаби сабоқларини ўқиб, шеърият сирларидан огоҳ бўлиб, ўзлари ҳам ижод қилмоқдалар.

Бугун улар анча тилга, кўзга тушиб қолдилар.  А.Смайлов, Б.Айтмуратов, А.Қалибоева, З.Ўринбоева, Л.Нурпўлатова, С.Қайипназарова, А.Худойбергенова, Г.Жўлдосбоева, Ш.Сайимбетов, Д.Шарибоевлар сингари иқтидорли ёшларни халқимиз И.Юсупов издошлари деб, меҳр билан ардоқламоқда. Ибройим Юсупов эса ўз авлодига шундай тилаклар тилаган эди:

 

Жасыл тоғайлардың саясы сизге,

Теңизде толқынлар намасы сизге.

Дәрья суўларының тазасы сизге,

Бәрин-бәрин сизге арнағым келер.

 

Ҳәй сиз алыс әўлад-бийтаныс урпақ!

Дүньяға келесиз сиз қай ўақ-бир ўақ.

Узақ өтмишлерден сизди улығлап,

Сизге таң сәлемин жоллағым келер!

 

* * *

 

Ўзбекистон Президентининг Қорақалпоғистондаги халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлари ўрганилганда 10 мингдан ортиқ турли соҳалар бўйича ёки шахсий муаммолар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилганлигини кўрамиз.

Булар албатта  Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган меҳнат ва бандлик, уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш, банк-молия масалалари, таълим соҳаси, суд қарорларининг ижро этилиши, табиий газ таъминоти, соғлиқни сақлаш, ички ишлар фаолиятига оид, фуқароликни қабул қилиш ва фуқароликдан чиқиш, паспорт олиш ва пропискага ўтиш масалалари, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги, йўлларни таъмирлаш, электр таъминоти, ундаги асоссиз қарздорлик, ичимлик суви, транспорт ва йўловчи ташиш хизматлари, тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолияти учун ер олиш сингари муаммолардир.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил  Қорақалпоғистонга ташрифи давомида қорақалпоқ халқининг келажаги, аҳоли турмуш фаровонлиги, соҳалар ривожланишини  таъминлаш мақсадида белгилаб берган вазифалари, йўл-йўриқлари ва топшириқлари биз юқорида тилган олган халқимизнинг тилак истакларидан келиб чиққанлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда Президентимизнинг барча топшириқлари бўйича  ўтган қисқа давр мобайнида бир қатор йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигидан ҳамда аҳолини қийнаётган муаммоли масалалар ўз ечимини топаётганлигидан халқимиз рози бўлмоқда.

Ўтган давр мобайнида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 109,7 фоизга, хизматлар ҳажми 106,4 фоизга ўсиши таъминланди. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига яратиб берилган шароит ва имтиёзлар натижасида ўтган йил — 1648 та, бу йил  6 ойда — 974 та кичик бизнес субъектлари янгидан ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 11623 тага етди. Ўтган 6 ой давомида саноат соҳасида 335 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида  681 та,  хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 1170 та лойиҳа ишга туширилди.

Нукус шаҳрида — “Нукус полимер” МЧЖ,  “Нукусэлектроаппарат” МЧЖ фаолият олиб бормоқда.  “Самсунг” бренди остида телевизор ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди.

Шунингдек аҳолининг ижтимоий муаммолари ҳам тезкор ҳал қилинишининг барча чора-тадбирлари кўрилмоқда. 40 та мактабда, 20 та мактабгача таълим муассасаларида, 9 та соғлиқни сақлаш объектларида, 3 та болалар спорти объектларида қурилиш ва реконструкция, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Хусусан Мўйноқ тумани аҳолисини марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича лойиҳа  қиймати 26,4 млрд. сўмни ташкил қилувчи 101 км “Қўнғирот-Мўйноқ” сув кувурини ва сув тақсимлаш иншооти қурилиб фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, ичимлик суви таъминоти оғир бўлган 7 та туманда “Маҳалла” ҳайрия жамоат фондининг маблағлари ёрдамида  19,1 км сув қувурлари янгидан тортилди ва фойдаланишга топширилди. Нукус шаҳри ва туманлардаги 511 та кўп қаватли уйларда 16 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди.

Маълумки, Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг энг шимолида жойлашган, ўзига хос иқлими, ўзига хос ер, сув муаммолари мавжуд ҳудуд. Шунинг учун ҳам Президентимиз Қорақалпоғистонда аграр соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ер майдонлариниг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича 69 минг гектар ер майдонларида илғор технология асосида иш олиб борилмоқда. Шунингдек  51,5 км ирригация тармоқлари янгиланди.

Нукус шаҳри марказидан ўтувчи “Дўстлик” каналининг икки қирғоғининг 500 метр масофасини ободонлаштириш мақсадида 2017 йилга белгиланган  манзилли дастур бўйича 2 млрд. сўмлик ишлар бажарилди. Бугунги кунда бу соҳил атрофлари халқимизнинг энг севимли масканга айланган.

Шунингдек,  2018 йилнинг ўтган даври мобайнида капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги соҳасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганлигини кўрамиз.

Хусусан, Инвестиция дастурига мувофиқ манзилли дастурларга 57 та ижтимоий соҳа объект­лари киритилиб, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Юқорида айтиб ўтилган, Инвестиция дастурига мувофиқ “Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси” маблағлари ҳисобидаги  224 та объектларда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Шундан: 54 та сув таъминоти, 39 та дренаж ишлари, 77 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш, болалар майдончаларини қуриш объектларида,  аҳоли пунктларини ободонлаштириш объектларида  “Бердақ” кинотеатри  қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатли ва тезкор суратда давом этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда 221 объектда 212,3 км йўлларни қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бошлаб юборилган.

Халқаро автомобил йўллари бўйича 10 та объектда жами  42,4 км йўл қисмини қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда.

 

* * *

 

Бу рақамлар шунчаки рақамлар эмас. Уларнинг ортида обод бўлган ота-маконимиз, унда бугунги кунидан рози бўлиб яшаётган халқимизнинг фаровон ҳаёти, ёруғ ва буюк келажагимиз кўринади. Бу рақамларни буюк бунёдкорлик ишларининг бошланаётганлигидан дарак бераётган яхши хушхабарлар деб ҳам тушинишимиз  мумкин.

Оддий халқ тушунчаси билан айтадиган бўлсак “Биз янгиланган ота маконда, янгича замонга қадам қўйдик”.

Ҳақиқатан ҳам янгиланган ҳаётимиз умримизни узайтириб, кексаларни яшартириб, ёшларни баркамолликка бошлаб озод ва обод Ватанимиз эса дунёлар билан бўйлашиб, энг ривожланган давлатлар билан тенглашиб орзу мақсадларимизга қанот бермоқда.

… Ҳар куни ишдан кейин “Дўстлик” каналининг обод бўлган икки соҳили одамлар билан гавжум бўлади. Беихтиёр улар орасига қўшиламиз. Суҳбатларини тинглаймиз:

— Президентимиз Ш.Мирзиёев қандай доно инсон экан, шундай қаровсиз қолган ерларни жаннатга айлантириб қўйди. Бу икки соҳил, қақраб ётган, кимсасиз бўшлиқ эди.  Қаранг, канал соҳилидан эсаётган муздай салқин намхуш шамол танангни яйратиб, кайфиятингни кўтаради, — дейди нуроний онахон менга караб. Сиз ҳам сув бўйида ҳар кун айланасизми?

— Ҳа, — дейман мамнун бўлиб онахон ва унинг ёнидаги неваралари билан саломлашар эканман…

Уларнинг қувонч тўла қайқириқлари, каналнинг тўлиб оқаётган оқимларига қўшилиб кетади. Улар ўз бувисини  музқаймоқ ейишга чақирадилар..

— Буларнинг қувончини кўриб, ҳеч ўлмасдан яшагинг келади, — дейди Гулзебо онахон. Қандай бахтли авлод булар. Юрт раҳбари ҳар бирини менинг фарзандим деб турса, буларнинг олмайдиган тоғи йўқ…

Онахон кулимсирайди. Унинг юзида бахт нашидасини кўраман, нафасидан ҳам бу ҳаётдан, тақдиридан  рози эканлигини сезаман.

— Қаранг, етмишдан ошсак ҳам, ҳали ўзимизни ёш жувонлардек тутамиз. Бизнинг юртимизда энди кексалик бўлмаса керак. Кампирларимиз ёш жувон-чолларимиз қирчиллама йигитдай….

Мен онахоннинг сўзларини маъқуллайман канал бўйидаги кўркам йўлаклар чеккаларида чироқлар ёна бошлайди. Рангли фавворалардан отилаётган сув янги ҳаёт қўшиқларини айтаётгандек гўё. Суҳбатимизга нукуслик устоз ўқитувчи Ҳожибой Эгамбердиев, нуроний Жаббор Рўзимовлар қўшилади.

Ҳар каломда шукроналик, ҳар сўзида Президентга миннатдорчилик, яқин атрофдан қўшиқ жаранглай бошлайди.

Озод юртим, тонгларингда, очиқ осмоним бор менинг.

Очиқ осмоним остида, озод давроним бор менинг.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам юртимиз озод, осмонимиз очиқ. Озод давронимиз шукуҳи, одамлар орзуси, мурод-мақсадимиз юртнинг равнақи, эртанги кунини янада бахтли кўриш, юртимизда  тинчлик осойишталик, Ватанимиз  дунёлар ичида дунё яратиб гуркираб ривожланмоқда.

Салом, сенга Мустақиллик! Салом сенга озод ва обод ҳаёт! Жаҳондаги йўлларга тенглашган, юртимнинг ҳар сўқмоғи, сенга ҳам салом! Бу сўқмоқлардан юртимизга, тўлиб-тошиб бойликлар кириб келмоқда. Фаровонлик, тинчлик, осойишталик, мангулик йўли — бу мустақиллик йўлидир. Салом, энг азиз, энг улуғ байрамимиз, Мустақиллик! Йўлларинг мангуликка туташиб кетаверсин!

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

 Жўқорғи Кенгеси депутати,

Сенат аъзоси.