ЮРТИМИЗНИНГ ИЖОДКОР ЁШЛАРИ


Юртимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашда, уларни рўёбга чиқаришда турли кўрик-танловлар, фестивалларнинг ўрни катта бўлмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги республика «Баркамол авлод» болалар марказида «Ижодкор болалар» фестивали ташкил қилинди. Унда барча туман ва шаҳарлардаги  «Баркамол авлод» болалар марказларидан жами 100 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчи ёшлар иштирок этишди.  Фестиваль «Ёғоч ўймакорлиги», «Либослар дизайни», «Робототехника», «Автомодел», «Экодизайн», «Ландшафт дизайни» каби 6 та йўналиш бўйича ўтказилиб, иштирокчиларнинг ўз қўллари билан яратилган ижодий ишлари ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилди.

Ушбу фестивални ўтказишдан асосий мақсад ўқувчиларнинг ёзги таътилини тўгаракларда мароқли ўтказиш, уларнинг касб-ҳунарга бўлган кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда бадиий, техник, ўлкашунослик ва экология йўналишларига тўғри йўналтиришдан иборат. Фестиваль доирасида ўқувчи ёшларнинг ижодий ишлари ўрин олган махсус кўргазма ташкил этилди. Кўргазмани нафақат ота-оналар балки, тадбирга ташриф буюрган барча меҳмонлар қизиқиш билан томоша қилишди.

— Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 17 та «Баркамол авлод» болалар марказлари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур марказларда жами 488 та тўгарак ташкил қилинган бўлиб, уларга 13054 нафар болалар жалб қилинган. Шулардан 1485 нафари кам таъминланган оила фарзандлари, 120 нафари Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, 89 нафари имконияти чекланган болалар ва 7 нафари ички ишлар органларида профилактик ҳисобга олинган ёшлар ҳисобланади. Бу ёшларга 518 нафар педагоглар мактабдан ташқари таълим бериб келмоқда, — дейди Республика «Баркамол авлод» болалар маркази раҳбари Темур Нажимов.

Фестиваль якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Унда «Ёғоч ўймакорлиги» бўйича Анвар Каримбаев, «Либослар дизайни» бўйича Асем Халмуратова, «Робототехника» бўйича Сардорбек Убайдуллаев, «Автомодел» бўйича Амирбек Тилепбаев, «Экодизайн» бўйича Ерназар Сапарниязов ва «Ландшафт дизайни» бўйича Динара Бекмурзаевалар 1-ўринни қўлга киритишди. ­олиблар июнь ойининг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган фестивалнинг якуний босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритишди.

Фестивалнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.