ЗАРГАРЛИК — ХАЛҚ АМАЛИЙ САНЪАТИНИНГ ЭНГ МУРАККАБ ТУРИДИР


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони нафақат соҳа ­ходимлари балки, кенг ­жамоатчиликнинг эътиборини тортди.

Мазкур фармонда заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш, сифатли ва рақобатбардош заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тармоққа чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни ҳар ­томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Маълумки, заргарлик маҳсулотларига бутун дунёда талаб ҳамиша юқори бўлган. Юртимизда заргарлик асосан тақинчоқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Аслида  ушбу соҳанинг йўналишлари кўп. Заргарликни чинакам саноат даражасига олиб чиқиш асосий мақсад сифатида қаралмоқда.

Мазкур фармонга мувофиқ, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни мустақил равишда чакана тартибда сотиш, шунинг­дек, аҳолидан қимматбаҳо ­металл парчалари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган ­буюмларни ишлаб чиқариш мақсадларида сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлишади.

Шунингдек, 2022 йилнинг 1 июлига қадар қимматбаҳо металлар ва маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш обороти қўшилган қиймат ва акциз солиғидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилиниши белгиланди.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг охирига қадар тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳар бир ҳудудда камида иккита, Тошкент шаҳрида эса – камида ўнта тайёр заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган тўлиқ жараённи ўз ичига олувчи замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш назарда тутилган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Қорақалпоғистонда заргарлик соҳасини ривожлантириш борасида бир қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, бу соҳада илмий тадқиқотлар жуда кам. Заргарлик бугунги кунда халқ ҳунармандчилигининг жуда кам тадқиқ этилган турларидан бири саналади. Қорақалпоқ халқига тегишли этнографик манбааларда ҳунармандчиликнинг бу тури етарлича ёритилмаган. Бунинг сабаби — ҳунар эгалари бўлмиш заргарларнинг ХХ аср бошларидаёқ бу касб билан шуғулланмай қўйганлигидир.

Заргарлик — халқ амалий санъатининг энг мураккаб тури бўлиб, касб эгасидан катта эътибор, сабр-бардош ва моҳирликни талаб этади. Айниқса, аёл-қизларнинг безак буюмлари, йигитларнинг белбоғ, камарлари ҳамда от анжомлари юксак дид билан ишланиб, заргарларнинг бор маҳоратини ўзида жамлайди. Қорақалпоқ заргарлари ясаган безак ­буюмларида кам ҳолларда тилладан, асосан кумушдан фойдаланилган ва  улар ҳар хил тошлар билан безатилган. Қорақалпоқларда кумушдан ишланган заргарлик буюмларининг кенг қўлланилишига сабаб, унинг инсон соғлигига ижобий таъсир кўрсатиши, шунингдек, кумушнинг нисбатан арзон метал бўлганлигидир.

Тошлар ҳақидаги қадимий ёзма манбааларда сердолик халцедон тошининг бир хили эканлиги, қизил, тўқ қизил, тўқ сариқ рангларда бўлиб, соғлиқ учун фойдали, бахт келтирувчи, ўзаро низолардан сақловчи, асабни тинчлантирувчи, қонни тўхтатувчи хусусиятларига эга эканлиги қайд этилган.

Маржон (коралл) тошини қорақалпоқ заргарлари ёш қизларнинг, аёлларнинг безак ­буюмларида кенг қўллашган. Маржон тоши ер юзида 550 миллион йиллардан буён мавжуд бўлиб, илиқ сувли океанларда 3 метрдан 300 метргача бўлган чуқурликда ривожланади. Энг сифатли маржонлар Тунис, Жазоир, Италия, шунингдек, Корсика бўғози атрофларида учрайди. Маржон тошнинг қизил, тўқ қизил, оч қизил, сарғиш-қизғиш турлари кўп учраса, кўк, қора ­рангли маржонлар жуда камёб тошлар эканлиги тасдиқланган. Бундай тошлар ҳаттоки “қирол тоши” деб ном олган. Қорақалпоқ заргарлари асосан қизил рангли маржонлардан фойдаланган.  Маржон тоши тиббиёт соҳасида ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, инсон хотирасини кучайтиришда, яраларни даволашда, юрак касалликларининг олдини олишда ёрдам беради, деб ҳисобланган.

Феруза (бирюза) тоши ҳам юқорида таърифи келтирилган тошлар сингари жуда қадимги даврлардан буён маълум. Қадимий феруза конлари Синай ярим оролининг ғарбида, Пешер саҳроларида бўлса, сўнгги даврларда унинг асосий ўчоқлари сифатида Яқин Шарқ ва Ўрта Осиё  бутун дунёга довруғ таратган. Тошларнинг хусусиятларини ўрганган академик А.Е.Ферсман ўз асарларида бу тошни “Феруза-Шарқ тоши” деб атаб ўтган. Ўрта асрларда мусулмон элларида феруза тоши катта аҳамият касб этиб, қиммати ортган.

Феруза тошидан қорақалпоқларнинг қуйма билагузук, айшиқ, онирмоншақ ва сирға каби безакларида майда шаклда фойдаланилган. Шунингдек, музейнинг энг бебаҳо экспонати – саукеле ва тобелик реставрация қилинган пайтда кўп сонли маржон ва феруза тошлар билан безалган.

Қадимги Мисрда, шунингдек, ислом дини ривож топган мамлакатларда ҳам бу тош қимматбаҳо саналган. Маржон, сердолик ва феруза тошларига талаб кучли бўлганлигини “Буюк ипак йўли” ва бошқа савдо карвонларида буюртма орқали ташилганлиги ҳам исботлайди. Айрим ёзма манбааларда Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Султон Увайс бобо тоғ тизмалари атрофларида феруза конларининг мавжуд бўлганлиги ёзилган.

Ўзининг бебаҳо экспонатлари билан дунёга танилган ­И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида сақланиб келинаётган безак буюмлари, уларда қўлланилган тошлар бўйича келгусида илмий ишлар олиб борилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Президентимизнинг «Ўзбекис­тон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони Қорақалпоғистонда ҳам заргарлик соҳасидаги қатор муаммоларни ҳал этиш ва соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, албатта.

Айгул Пирназарова,

И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи этнография бўлими катта илмий ходими.