АМУДАРЁЛИК ПАХТАКОРЛАРНИНГ БАЛАНД ХИРМОНИ


Амударё тумани пахтакорлари 34900 тоннадан зиёд пахта топшириб, шу йилнинг 19 октябрь куни режани бажаришга муваффақ бўлишди.

Жорий йилда ҳам туман фермер хўжаликлари эрта баҳордан чигит экиб, ўз вақтида агротехник тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида юқори ҳосил етиштиришди.

Эътиборли жиҳати, бу йил етиштирилган ҳосил тўлиғи билан туманда ташкил қилинган кластер корхонаси томонидан ҳарид қилиниб, шу тизимда тўлиқ қайта ишланадиган бўлди. Президентимиз ташаббуси билан амалиётга татбиқ этилаётган инновацион пахта-тўқимачилик кластери тизими ўз афзаллиги, янгилиги, халқимизнинг турмуш шароитининг яхшиланиши ва юртимизнинг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу янги тизим хомашё етиштиришдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўз ичига қамраб олиши билан иқтисодиёт ривожида муҳим ўрин тутади. Бу нафақат пахта етиштиришда, балки, қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида фойдали бўлиб, бунда маҳсулот етиштирувчи деҳқон ва фермерлардан тортиб, қайта ишловчиларгача барча бирдек манфаат кўрмоқда.

Тумандаги пахтачиликка ихтисослаштирилган 362 та фермер хўжалиги томонидан 15 минг 250 гектар майдонга, жумладан, 3 минг 350 гектарига “C 47-27” нави, 8 минг 985 гектар экин майдонга “Султон” нави, 2 минг 915 гектар майдонга янги навдаги чигит экилди. Вегетация даврида барча агротехник тадбирлар сифатли олиб борилди. Фермер хўжаликлари томонидан 34900 тонна пахта хомашёсини етиштириш бўйича “Amudaryotex” масъулияти чекланган жамияти чет эл корхонаси билан контрактация шартномаларини тузди.

Пахта йиғим-терими мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди. Шу мақсадда 290 та терим отряди ташкил қилиниб, уларга жами 23 минг 266 нафар теримчи жалб қилинди. Шундан 9283 нафарини фермер хўжалиги ишчилари ташкил этган бўлса, қолган 13 минг 983 нафари уюшмаган аҳоли бўлиб, улар шартнома асосида пахта теримида иштирок этдилар. Теримчилар учун барча шароит яратилиб, аҳолини мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик бўйича назорат тадбирлари мунтазам олиб борилди.

Жорий йилги мавсумда йиғиб-териб олинган 22461 тонна пахтага 1000 сўмдан, 12139 тонна пахтага 1400 сўмдан, жами 40 миллиард сўмга яқин маблағ терим пули сифатида берилди ва пахта теримида алоҳида намуна бўлаётган теримчилар рағбатлантириб борилмоқда.

Юксак хирмонни бунёд қилишда Қиличбой, Ўртақалъа, Тошёп, Оқ олтин, Намуна каби овул ва маҳаллалардаги фермер хўжаликлар муносиб ҳисса қўшдилар. Жумладан, Оқ олтин овулидаги ­“Гавҳар Якубова”, Тошёп овулидаги “Бекмон Aллаберганов”, “Дўрман” овулидаги “Пирназаров Тўрабой”, Ўрта қалъа овулидаги “Эрмонов Ўрозбой” фермер хўжаликлари пахта режаларини энг олдингилар сафида ортиғи билан бажардилар.

— Баланд хирмон яратилишида ҳудудимиздаги 19 та фермер хўжалиги ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишди, — дейди “Йўлдош Ўрозбоев” номидаги алтернатив машина-трактор парки раҳбари Қурбанғали Бешбаев. — Жорий йилда фермерларимиз томонидан 888 гектар майдонга чигит экилиб, 2055 тонна пахта етиштирилди ва белгиланган шартнома режаси бугунги кунда 110 фоизга бажарилди. Бундай муваффақиятга эришишимизнинг асосий омили қишлоқ хўжалиги, жумладан, пахтачиликда кластер тизимининг жорий этилишидир.   

Дарҳақиқат, янги тизимга ўтиш билан бир қаторда далаларни томчилатиб суғориш технологияларининг жорий қилиниши мавжуд сув манбаидан оқилона фойдаланиш ва сув танқислиги муаммосининг олдини олишда аҳамиятлидир. ­Ғўза ниҳолларини  парваришлаш даврида сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида Бўзёп овули ҳудудидаги “Султонов Собир” фермер хўжалигининг 30 гектар, “Йўлдошбой Насимбек” фермер хўжалигининг 10 гектар, Бобур овули ҳудудидаги “Хайтаков Улуғбек” фермер хўжалигининг 10 гектар, Намуна маҳалласи ҳудудидаги “Собир Эшчон” фермер хўжалигининг 10 гектар, Ўрта қалъа овулидаги “Эрманов Ўрозбой” фермер хўжалигининг 12 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.

Далаларда ҳосил мўл. Қолган ҳосилни ҳам нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш мақсадида туманда йиғим-терим ишлари қизғин давом этмоқда. 

Д.АБИБУЛЛАЕВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.