БИР ЖИНОЯТ ИЗИДАН


Бундан икки йил илгари республикамиз туманларининг бирида истиқомат қилувчи Елмуратовлар (исмлар ўзгартирилди) хонадонида ёш боланинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган эди. Кўп ўтмай қотил ҳам аниқланди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан воқеа жойида олиб борилган дастлабки ўрганишларда маълум бўлишича, ўша куни боланинг отаси М.Елмуратов ва онаси Р.Умарова уйда бўлмаган. Фарзанди Асилбек эса онасининг биринчи никоҳидан туғилган ўгай опаси Шириной билан уйда қолган. Қўшниларнинг гувоҳлик беришларича, шу куни Елмуратовларни хонадонида бегоналар бўлмаган.

Наҳотки, содир этилган жиноят ҳақида яқин атрофдагиларнинг ҳеч бири ҳеч нарса сезмаган бўлса. Ҳа, Асилбекни ўлимига оид бу каби саволга тегишли идора вакиллари жавоб топиши лозим.

Хуллас, Асилбекни онаси Р.Умарова ўзининг биринчи турмуш ўртоғи билан ўн йилча бирга яшаган. Аммо, оилада юзага келган келишмовчиликлар туфайли у билан ажрашган. Эр-хотин ўртасида ­дунёга келган икки нафар фарзанд суд ажримига биноан она тарбиясида қолган.

Р.Умарова ўз тарбиясида қолган фарзандларининг каттаси Ширинойни меҳрибонлик уйига, ундан кичик ўғли Амирни эса гўдаклар уйига топшириб, ўзи ишлашга қарор қилган.

Шундай қилиб, орадан йиллар ўтади. Бу орада ­Р.Умарова М.Елмуратов исмли йигит билан танишиб, унга турмушга чиқади. Ўртада ўғил фарзанд дунёга келади. Эр-хотин ўзаро маслаҳатлашиб, фарзандига Асилбек деб исм қўяди.

Орадан йиллар ўтиб, Шириной меҳрибонлик уйида мактабни тамомлаб ўгай отасининг уйига қайтади ва ­кейинги ўқишини яқин атрофдаги таълим муассасаларининг бирида давом эттиради.

Шириной энди кичкина қиз эмас эди. У бироз улғайган, оқ-қоранинг фарқини тушуна бошлаган, шу билан бирга, унинг феъл-атворида ҳам сезиларли ўзгаришлар пайдо бўлганди.

Жиноят содир этиладиган куни ота одатдагидек эрталаб ишга кетган, она эса катта қизи ва ўғли Асилбек билан уйда қолади. Отанинг уйдан чиқиши билан эса онаси Ширинойга кеча мактабдан ўқитувчилари келиб, унинг устидан яна шикоят қилганлигини, шунингдек, бир неча кун аввал қўшниларнинг уни кўчада маст ҳолатда кўрганлигини айтиб урушади. Она-бола ўртасида жанжал юзага келади. Хуллас, онаси Ширинойни урушиб, уйдан чиқиб дўконга кетади.

Шириной онаси уйдан чиқиши билан аразлаб хонасига кириб ётиб олади. У шу ётишида ўгай отаси ва онасининг ўзига бўлган муносабатлари ҳақида, ўзи ва ўзи билан боғлиқ кейинги воқеалар ҳақида ўйлайди ва наҳотки, мен бу уйда ортиқчалик қилаётган бўлсам, деган хаёлга боради.

Айнан мана шу фикр унга тинчлик бермайди. У бир томондан ўзини ўгай ота хонадонида кераксиздек ҳисобласа, иккинчи томондан, ўз онасини укаси Асилбекдан қизғанди. Шу пайт хонасига Асилбек киради. У опасига одатдагидек эркалик қила бошлайди. Шириной унинг кўкрагидан итариб, ўзидан узоқлаштиришга ҳаракат қилар экан, Асилбек унга ёмон сўз айтади. Бундан жаҳли чиққан Шириной ўрнидан туриб Асилбекни дуч келган жойига уриб-тепиб ташлайди. У бу ҳаракатлари билан чекланмасдан, укасини кўтариб кроват устига ташлайди ва бўйнидан қўллари билан сўнг рўмол билан бўғади ва унинг ўлишини кутади…

Табиийки, бўлиб ўтган ушбу мудҳиш воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари бошланади. Воқеа жойини кўздан кечириш жараёнидаёқ ўз ҳаракатларида шубҳа пайдо этган Шириной ўзига берилган саволлардан сўнг қўл урган жинояти ҳақида бор ҳақиқатни гапириб беришга мажбур бўлади.

Кишида қанча ўкинч ҳиссини ўйғотмасин, ушбу қотиллик юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан айб­дорга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланди.

Жасурбек АЙБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси терговчиси.