Давлат мукофотлари топширилди


Президентимиз фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллик байрами арафасида ўзининг ёрқин истеъдоди, серқирра ижоди, илмий-инновацион фаолияти билан юртимизнинг илм-фан, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш йўлидаги самарали хизматлари ҳамда жамоат ишларида фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар, шунингдек, республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган бир қатор фаоллар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан фахрий унвонлар, кўкрак нишонлари билан мукофотланган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов мукофотланганларни самимий табриклади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимизнинг республикамизга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги натижасида Нукус шаҳри ва барча туманларда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Айниқса, Президентимизнинг шу йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида уч йиллик дастур ишлаб чиқилиб, бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.

Тадбирда давлат мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Мукофотланганлар номидан Қорақалпоғистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бош­қармаси вирусология лабораторияси мудири,  II даражали “Саломатлик” ордени соҳибаси, О.Миронец,  Шўманой тумани ҳокими, «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби Б.Янгибаев,  Кегейли тумани Ички ишлар бўлими катта тезкор вакили, «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби Г.Маткурбанов,  Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий бўлим катта инструктори, «Жасорат» медали соҳиби Ж.Абдраманов, шоир, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Г.Даўлетова, “Қорақалпоғистон тонги” газетаси Бош муҳаррири,  Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Н.Матякубовалар сўзга чиқиб, меҳнатларини юқори баҳолагани учун Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдиришди. Келажакда юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги  йўлида янада  фидойилик билан меҳнат қилишини  таъкидладилар.

— Бу мукофот камтарона меҳнатимга берилган юксак баҳо деб биламан ва уни чин маънода оқлашга ҳаракат қиламан, — дейди “Қорақалпоғистон тонги” газетаси Бош муҳаррири, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Н.Матякубова. — Мен журналист сифатида Қорақалпоғистон тараққиёти учун қилинаётган ишларни ниҳоятда кенг ракурсларда ёритишимиз керак деб ҳисоблайман. Бу аввало, халқимизнинг яхши яшаши учун олиб борилаётган давлат сиёсатидан аҳолининг хабардорлигини оширса, иккинчидан Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджини холис ва ҳаққоний ёритишга хизмат қилади.

Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишдаги фидокорона хизматлари, соҳалардаги юқори натижалари, ҳудудда экологик барқарорликни таъминлашдаги меҳнатлари ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллиги учун бир гуруҳ юртдошларимизга «Ардақлы нураный», «Ўатан пидайысы» ва «°мит ушқыны» кўкрак нишонларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов иштирок этди. 

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.