Дастурлар ижроси — жамоатчилик назоратида


Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа да институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ташкил қилинган гранд танловида  “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижроси юзасидан жойларда жамоатчилик назоратини таъминлаш” лойиҳаси бўйича ғолиб бўлган эди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини  тубдан ошириш, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини янада юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини ошириб бориш, аҳоли айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва шу орқали янги иш ўринларини яратиш, ҳудудларда бўлаётган ўзгариш ва ривожланишларда аҳоли фаоллигини ошириш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назоратини таъминлаш каби муҳим йўналишларни ўзида жамлаган мазкур гранд танлови республикамиздаги нодавлат –нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда.

Яқинда Нукус шаҳрида мазкур лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутасаддилари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти инс­титутлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, лойиҳа ташкилотчиси К.Реймов, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг масъул ходими Т.Юсуповлар сўзга чиқиб,  бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида  “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг амалга оширилиши, мазкур дастурлар доирасидаги лойиҳалар, маблағларнинг мақсадли сарфланиши, лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши билан бир қаторда жойларда учраётган камчиликлар, уларни бартараф этишда жамоатчилик назоратини таъминлаш каби масалалар хусусида атрофлича маълумот беришди.

Маълумки, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳар бир туман ва Нукус шаҳридан 2 тадан маҳалла ва қишлоқлар мазкур дастурга киритилиб, жами 34 та ўринда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши назарда тутилган.

— Лойиҳа уч босқичда ўтказилиши белгиланган, — дейди лойиҳа ташкилотчиларидан бири Қ.Бегимов. — Эътиборли жиҳати шундаки, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурининг бажарилиш жараёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ва самарадорликка эришиш мақсадида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури журналистлар нигоҳида” мавзусидаги танлов эълон қилиниб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши белгиланган.

Дарҳақиқат, аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган мазкур дастурлар ижросида эндиликда, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокини янада кучайтириш ва жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши албатта ўзининг ижобий самарасини беради.

Феруза Нуруллаева.