Депутатлар аҳоли орасида


«Адолат» социал-демократик партиясидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Ибрагимова Элликқалъа туманида аҳоли билан сайёр қабул ўтказди.

Қабул давомида фуқароларнинг ижтимоий ёрдам, электр энергияси ва газ таъминоти, ички йўллар каби масалалар бўйича мурожаатлари тингланди. Уларнинг кўпчилиги жойида ҳал этилди. Муддат талаб этувчи муаммоларнинг ечими юзасидан туманнинг тегишли мутасадди ташкилот ва идораларига топшириқлар берилди. Мурожаатларнинг ижросини назоратга олиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Куннинг иккинчи ярмида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати билан яқиндан танишди. Учрашувда тиббиёт ходимлари томонидан таклиф ва мулоҳазалар ҳам билдирилди.

Депутат тумандаги 61-умумтаълим мактабида, “Қаватқалъа”, Навоий, “Янгиер”  “Элликқалъа”, “Ақчакўл” овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. Ҳудудлардаги кам таъминланган, эҳтиёж­манд оилалар ва ногиронлиги бор шахслар ҳолидан хабар олиниб, уларга маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, Навоий маҳалла фуқаролар йиғинидаги ногиронлиги бўлган фарзандини тарбиялаётган М.Атажанованинг оиласига газ плитаси совға қилинди. Бундан ташқари, “Элликқалъа” ҳамда “Ақчакўл” овул фуқаролар йиғинларида ногиронлиги бўлган фарзандлари бор оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

* * *

Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёев Раислигида 16 декабрь куни қиш мавсумига тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида янги йил байрами арафасида талаб ошишини инобатга олиб, расталарни маҳсулотлар билан тўлдириш, деҳқон бозорлари ва йирик савдо объектларида ярмаркалар ташкил этиб, уларга товарларни арзонлаштирилган нархларда етказиб бериш муҳимлиги қайд этилган эди.

Жўқорғи Кенгес депутатлари Назира Матяқубова ва Ўрингул Оллобергеновалар Тўрткўл тумани деҳқон бозорида бўлиб, Янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси билан танишдилар. 

Ушбу ярмаркани янада кенгайтириш, маҳсулотларни кўпайтириш бўйича ўз тавсияларини бердилар.

Д.Абибуллаев.