Жонкуяр шифокор ва давлат арбоби эди


Жонкуяр шифокор ва давлат арбоби Рейпназар Бабаназаров ҳозир ҳаёт бўлганида 100 ёшга кирарди. Халқимизда “Чинорнинг узунлиги қулагандан сўнг билинади” деган ибратли нақл бор. Оқсоқол қорақалпоғистонлик касбдошлари, кенг жамоатчилик ва халқ орасида  фикри теран нотиқлик маданияти кучли, ташкилотчилик қобилияти юксак инсонлардан бири сифатида ҳурмат қозонган эди.

1966 йилнинг 5 июль санасида Рейпназар оға билан илк бор учрашганим  ҳамон ёдимда. У соғлиқни сақлаш вазири, мен эса Тошкент тиббиёт институтини тамомлаган, қалби шижоатга тўла ёш мутахассис эдим. Сир эмаски, Тошкентдек азим шаҳарда ўқиб келганимдан сўнг, республика пойтахти Нукусда қолдиришини илтимос қилдим. Вазир вазмин, салоҳиятли эди. Даставвал уни кўриб бироз ҳаяжонлансам ҳам ўзимни тутишга ҳаракат қилдим. У киши сўзларимни диққат билан тинглаб, яшаш шароитимни, оилавий ҳолатимни сўради. Мен барчасини гапириб бердим. У инсоннинг ҳар бир сўзи чуқур мушоҳадали эди.

–Мен сизларнинг овулларни жуда яхши биламан. У жойлар аҳолиси кўп, зич жойлашган масканлардир. Мутахассис шифокорлар Нукусга ҳам керак. Аммо, туғилиб ўсган, ота-бобонг яшаган овулингга бориб ишлашдан бош тортсанг, уни сенга ким яхшилаб беради!? Ўз  юртига, элига хизмат қилиш инсон учун бахт эмасми? — деган фикрлари менга катта таъсир қилди. Қишлоғингга борасан, дея мени Кегейли тумани Кенес овули ҳудудидаги 30 ўринли шифохонага бош шифокор сифатида юборишди ва ўша ерда 1973 йилга қадар фаолият юритдим.

Рейпназар Аметович Бабаназаров туманимизга ташриф буюрганида шифохонани кўриб, ҳолат билан яқиндан танишишга ҳаракат қиларди. Ишларни янада яхшилаш борасида ўз маслаҳатларини, таклифларини берарди. Фаолиятимиз давомида оқсоқол билан кўп маротаба учрашиб, ибратли ишлари, теъран фикрларидан ўзимизга улги олганмиз.

Оқсоқол 1921 йилда дунёга келган. Ота-онасидан ёш пайтида етим қолиб, қариндошлари қарамоғида  кун кечирган. Кейинчалик уларнинг ёрдами билан Тўрткўл шаҳридаги болалар уйига жойлаштирилиб, ўша ерда тарбияланган. 1939 йилда республикамизда илк бор ташкил этилган тиббиёт ўқув маскани –Тўрткўл фельдшер-акушерлик мактабида ўқиб, уни 1941 йилда тамомлаган. Ўша йили уруш бошланиб, биринчилар қаторида урушга отланган. Унинг ҳарбий фельдшер сифатидаги  меҳнат фаолияти Иккинчи жаҳон урушида Москва шаҳри учун бўлган қонли жангларда  бошланади. Она Ватан озодлиги, ғалаба учун кечган жангларда кўп йўқотишларга қарамасдан, душман устидан ғалаба қозонилади.

Москва шаҳридаги дастлабки ғалабадан бошлаб, Рейпназар оға Аметович юртимиз чегарасини, Болтиқ бўйи республикалари, Польша ва Европанинг бошқа  давлатларини душмандан озод этишда машаққатли йўлларни босиб ўтган.  Уруш майдонида яраланган ҳар бир ҳарбийни дўлдек ёғилаётган ўқлар зарбасидан омон олиб чиқиб, уларга тиббий ёрдам бериб, душманнинг асосий қўрғони саналган Берлинга қадар етиб борган. Буюк ғалабадан сўнг бир йил давомида ўша ерда ишлаб, 1946 йилда юртимизга қайтиб келган. Кўкси тўла орден ва медаллар билан урушдан соғ-саломат қайтган оқсоқолимиз 1946-1948 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида катта санитар эпидемиолог лавозимида ишлаган. Ўз мутахассислик билимини такомиллаштириш ва олий маълумотга эга бўлиш мақсадида Тошкент тиббиёт институтида ўқиб, уни 1954 йилда тамомлаган. Талабалик даврида ҳам профессор-ўқитувчилар ва талабалар орасида унинг обрўси жуда баланд эди. Қорақалпоғистондан бориб ўқиётган талабаларга таълим олиши, талабалар уйи (ётоқхона) да яшаши, степендия масалаларининг ижобий ҳал этилишида катта ёрдам берарди. Рейпназар оға талабалик пайтида уйланганлиги боис, институт ректори А.Т.­уломов уларга ётоқхонадан бир хона ажратиб берган. Тўнғич ўғли Дамир ўша ерда туғилган. 1954 йилда институтни тамомлаб келган. Олий маълумотли касб мутахассислигини эгаллаган оқсоқолимиз Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, 1959 йилдан бошлаб эса вазир лавозимида фаолият юритган.

Бу йиллар Қорақалпоғистонда умумий тиббиёт мутахассислари етишмаслиги, аҳолининг тиббий маданияти паслиги, даволаш муассасаларининг моддий-техник базаси анча қийинчиликлар туғдираётган пайтлар эди. Мазкур масалаларни бартараф этиш, трахма, сил, лепра, безгак, газ, сузак каби кенг тарқалган юқумли касалликларнинг олдини олишда оқсоқолимиз сезиларли даражада фаоллик кўрсатиб, ишга алоҳида масъулият билан ёндашди.

1965 йилнинг август ойида Қорақалпоғистонда холера эпидемиясининг пайдо бўлиши барчамиз учун катта синов бўлди. Москвадан келган СССР Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари генерал полковник А.И.Бурназян, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси раиси М.Мусахановлар  холеранинг пайдо бўлишига йўл қўйилганлиги учун Бабаназаровни партиядан чиқариб, ишдан бўшатишни талаб қилишади. «Шунда област партия қўмитаси жазоловчи орган эмас, уни ишдан бўшатиб, янги келган раҳбардан  ҳам бирдан самарадорликни талаб қила олмаймиз, у ҳолат билан танишгунча яна вақтдан ютқазамиз. Озгина фурсат бериб кўрайлик, агарда иш ўз натижасини бермаса чора қўлланармиз, дея катта зарбадан омон сақлаб қолдик. У ўша куни уйига қайтмай ўз ишхонасида тунаб қолибди. Эртасига эрталаб ишга келсам, сочлари бир зумда оқариб кетибди, жуда раҳмим келди Рейип Аметовичга», дея хотирлайди ҳурматли  оқсоқолимиз Қаллибек оға Камалов.

Республикамизда 45 кунлик карантиндан сўнг тарқалган эпидемияни бартараф этиш бўйича Москвадан, Ўзбекистондан сезиларли даражада ёрдамлар кўрсатилган. Қорақалпоғистон раҳбарлари, Рейпназар оға Аметович ҳам алоҳида жонкуярлик билан бор билими, қобилияти, ғайрат-шижоатини ишга солган. Эпидемия давридаги фидойилиги ва самарали меҳнатлари учун Р.А.Бабаназаров ўша даврдаги юксак орден билан тақдирланган. Кейинчалик эпидемияни бартараф этишдаги қўлланган услублари тўғрисида диссертация ҳимоя қилиб, тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олган, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган шифокор унвонига сазовор бўлган.

Бугун ўша даврларга бир назар солсангиз, у вазир ўринбосари ёхуд вазир бўлиб ишлаган 18 йиллик фаолияти давомида Қорақалпоғистонда тиббиёт муассасалари фаолияти анча яхшиланиб, тараққий этганининг гувоҳи бўламиз. 1961 йилда Микробиология лабораторияси ташкил қилинган, Нукусда тиббиёт учелищесининг янги биноси, 3 та поликлиника, Мўйноқда лепра диспансер бинолари қурилган. Нукусда дерматовенерология институти, медтехника базаси очилган. Нукус шаҳар болалар шифохонаси республика бўлиб қайта ташкил этилган.

Унинг ҳар томонлама фаолияти, сиёсий саводининг етуклиги эътиборга олиниб, республика раҳбарлари Р.А.Бабаназаровни 1969 йилда  Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимига тайинлаган ҳамда 1970 йилда Нукус шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб сайланган.

Бу йилларда пойтахтимизни ободонлаштириш, кўчаларни асфальтлаш, шаҳар инфратузулмасини яхшилашдан ташқари, Аччиқ кўл, Грачевка номли аҳоли дам олиш масканларининг тозалигини сақлаш, ҳар хил зараркунандаларга қарши дизенфекция ишларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Рейпназар оға уруш йилларидаги қуролдошларини унутмасдан деярли ҳар йили 9 май куни Москва шаҳрида  ҳарбий биродарларининг учрашувларини ташкил қилиб, бу ишларда ўзи бош қош бўлар ва иштирок этарди.

ТошМИ талабалар ётоқхонасида ­туғилган тўнғич фарзанди Дамир ҳам ота изидан бориб, 1997-2001 йилларда вазир лавозимида ишлагани эътиборлидир.

Ўша даврда бир неча маротаба Ўзбекистон, Қорақалпоғистон Жўқорғи Советларига депутат бўлиб сайланган, ўзининг жангоҳлардаги мардлиги ва фаолиятидаги фидойилиги учун 19 та орден ва медаллар билан тақдирланган, ҳарбий шифокорликдан таниқли давлат арбоби даражасига кўтарилган буюк инсон Р.А.Бабаназаровнинг ёрқин хотираси биз шифокорлар учун халққа халол хизмат қилишнинг ёрқин намунаси саналади.

А.Мамбеткаримов,

Ўзбекистон Врачлар Ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи,

 “Дўстлик” ордени соҳиби,

 Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган шифокор нуроний.