Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари муҳокама қилинди


Яқинда Халқ депутатлари Мўйноқ туман Кенгашининг навбатдаги ўн еттинчи сессияси бўлиб ўтти.

Сессияда Мўйноқ туманини 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва келгуси йил учун белгиланган режалар хусусида туман ҳокими Е.Еденбаевнинг халққа мурожаати тингланди.

Таъкидланганидек, туманда 2020 йил давомида умумий баҳоси 34,8 миллиард сўмлик 49 та лойиҳа амалга оширилиб, 131  та янги иш ўрни яратилди. Йил якунига қадар саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 121,6, қурилиш ишлари 154,6, хизматлар кўрсатиш ҳажми 53,1, чакана савдо ҳажми 46,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамжи 206,7 млрд. сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Сессияда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ўсиш суръатлари, ижтимоий ҳимоя, аҳолининг реал даромадларини ошириш, бандлик масалалари, шунингдек, бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Сессияда кун тартибида кўрилган масалалар бўйича таклифлар билдирилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

* * *

Нукус туманида  Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги  XIX сессияси бўлиб ўтти.

Сессияда туман ҳокими О.Уснатдиновнинг 2020 йилда туманда амалга оширилган ишлар якуни ва келгуси йилда  ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари юзасидан халққа мурожаати тингланди.

Туманда саноат маҳсулотлари, истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ҳудудий экспорт салоҳияти, қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди. Сессияда коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳолати ва турмуш шароити оғир бўлган оилаларнинг бандлигини таъминлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар билан олиб борилган ишлар юзасидан ҳам тўхталиб ўтилди. 

Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Л.Сейтова сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг ижросини таъминлаш  бўйича фикр-таклифларини билдирди.

Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.