Инновация ва тадбиркорлик дастурлари имкониятлари янада кенгаяди


Нукусда «Ижтимоий инновациялар ва ижтимоий тадбиркорлик дастурлари орқали ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик Халқаро маркази»нинг (ICBA, БАА) Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ бўйича Тошкент шаҳридаги минтақавий ваколатхонаси, Оролбўйи Халқаро инновация маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлигининг «Қорақалпоғистон Республикасидаги иқтисодий ва ижтимоий соҳалар ва тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришга, замонавий билим ва мустақил фикрлашга эга юқори малакали кадрларни тайёрлашга, янги ёндашувларни жорий этиш ва тадқиқотларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат илмий-техник дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорини имзолаш маросими бўлди.

Мазкур қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Қорақалпоғистон Республикасининг илмий фаолиятига оид ҳудудий лойиҳалар илмий экспертизасини амалга ошириш мақсадида фанлар йўналишида тегишли илмий-техник кенгаш тузилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида «Стартап» лойиҳаларини молиялаштириш бўйича ҳамкорликда танловлар ўтказилади. ­олиб бўлган лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан молиялаштирилади. «Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик Халқаро маркази»нинг ICBA, БАА билан ҳамкорликда аёлларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича тадбирлар амалга оширилади.

Шу жумладан, илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар доирасида 2020-2023 йиллар мобайнида умумий қиймати 39,2 миллиард сўмлик 26 та амалий ва инновацион лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган.

–Қўшма қарордан кўзланган асосий мақсад олимларимизга шарт-шароитлар яратиш, уларнинг лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини аниқлаш, келгуси йилда иқтисодиётимизга йўналтириладиган ишланмаларни қўллаб-қувватлашдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмонов – Энг асосийси, ёшлар ғояларини танлаш ва уларни молиялаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг фанлар йўналишлари бўйича Қарақалпоғистон Республикаси  Илмий-техник кенгашининг биринчи мажлиси ўтказилди.

Семинар доирасида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик Халқаро маркази»нинг CBA, БАА билан ҳамкорликда эълон қилинган «Орол денгизининг шўрланган ҳудудларида инновацион стартап лойиҳалари танлови»нинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ғолибларига лойиҳанинг махсус сертификатлари тантанали равишда топширилди.

Тадбирда стартап лойиҳалар ғолиблари ва бошқа иштирокчилар ўз тақдимотларини намойиш этишди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.