Касаба уюшмалари конференцияси


Нукусда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишлар якуни, келгусидаги вазифаларга бағишланган VII конференция онлайн шаклда ўтказилди.

Тадбирда бирлашма Кенгаши раиси У.Жалменовнинг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан 2015-2020 йиллар давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.

Унда таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот асосан халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилиб, бу ўз навбатида жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Ҳозирги давр талабидан келиб чиққан ҳолда ушбу ислоҳотларни янада такомиллаштириш, юртимизни ривожлантириш, аҳолининг кенг қатлами, тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, улар томонидан билдирилган фикр ва таклифларни эътиборга олган ҳолда ривожланган чет давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта асосий йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Бунда асосий эътибор, давлат ва жамият қурилишини тубдан такомиллаштириш, юртимизнинг ҳар бир фуқароси миллати, тили, динидан қатъий назар эркин, тинч ва фаровон ҳаёт кечириши, бугунги кундан рози бўлиб яшашига қаратилган. Шу боис, ­Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил юртимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Касаба уюшмалари ўз фаолиятини юртимиздаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаёт­ган кенг қамровли ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда, ижтимоий шериклик тамойилига асосланган уч томонлама суҳбатлар юритиш орқали жамоавий битимларни қабул қилиш ишларини амалга оширмоқда. Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид ­  Бош битимнинг, шу асосда Қорақалпоғис­тон Республикаси бошқармаси ва Қорақалпоғистон касаба   уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ўртасидаги ҳудудий Битимнинг, жойларда жамоавий шартномаларнинг қабул қилиниши меҳнат муносабатларига доир масалаларни самарали ҳал этиш  имконини бермоқда. 

Ҳисобот даврида корхона, ­муассаса ва ташкилотларда ­фаолият юритувчи ходимларнинг жамоавий –шартнома муносабатлари билан қамраб олиниш даражаси ортиб бормоқда. 2015 йилда мулкчилик шакли бўйича ушбу кўрсаткич 97,9 ­фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб,  100 фоизга етди. Қорақалпоғистон касаба уюшмалари аъзолигидаги 5816 юридик тарафнинг деярли барчасида жамоавий шартнома қабул қилинган. Ҳар йили Давлат дастурлари асосида муассаса, корхона ва ташкилотларда қабул қилинадиган жамоавий шартномаларнинг тегишли банд­ларига асосан фаолият юритувчилар, пенционерлар, олдин ишлаганлар, ишчиларнинг фарзандлари ва  фуқаролардан ҳисобот даврида жами 61221 нафар кишига 19 миллиард 66,6 миллион сўм ёрдам кўрсатилди.

Касаба уюшмалари фаолиятининг муҳим жиҳатларидан бири бу аъзоларга иш ҳақиларининг ўз вақтида берилишини таъминлаш ва назорат ўрнатишдир. Ҳисобот даврида касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан   иш ҳақи, пенсия, стипендия, мажбурий ва компенсация тўловларнинг ўз вақтида берилишини таъминлаш  юзасидан мониторинг таҳлили ўтказилиб, иш ҳақидан қарздорликни бартараф қилиш мақсадида иш берувчиларга 31 марта, маҳаллий ижро ҳокимияти органларига 5 марта расмий талабнома қўйилди. Натижада, 26 миллиард 178 миллион сўмдан зиёд муддати ўтган қарздорлик ундириб берилди. Шунингдек, 249 та корхонанинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилган ишлари ўрганилганда, 1054 ҳолатда меҳнатни муҳофаза қилишнинг қонуний талаби, қоидаси ва меъёрлари бузилганлиги аниқланди.

Ҳисобот даврида бирлашма Кенгашига фуқаролардан 1343 та ёзма, 118 та электрон тарзда ариза ва мурожаатлар келиб тушган бўлса, шундан 547 та мурожаат қаноатлантирилди. 223 та мурожаат бўйича иш берувчиларга таклифлар киритилди. 114 та мурожаат тўлиқ ҳал этилган бўлса, 79 таси қаноатлантиришдан воз кечилди. Ушбу таклифлар бўйича фуқаролик ишлари бўйича судларга 43 та даъво аризаси киритилиб, шундан 35 таси қаноатлантирилди. 7 та даъво аризаси тарафларнинг келишувига биноан ўз ечимини топди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 270-моддаси билан 18 нафар фуқарога судларга даъво аризаси киритишига ёрдам берилиб, 15 нафар фуқаронинг даъво аризаси қаноатлантирилди. Жами 729 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 1 миллиард 45,8 миллион миқдордаги иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ундириб берилди.  

Ўтган давр мобайнида мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ўзлигимизни англаш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида турли тадбирларни ўтказиш, спортнинг оммавийлигига эришиш ҳамда касаба уюшмалари аъзолари ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш мақсадида “Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмасин”, “Касаба уюшмалари-болаларга”, “Касаба уюшмалари-ёшларга”, “Касаба уюшмалари-кексаларга”, “Касаба уюшмалари — хотин-қизларга”, “Аёл оила чароғбони”, “Ватан — фидойи фарзандларини унутмайди”, “Кексаларнинг дуосини олайлик”, “Меҳрибонлик уйи – касаба уюшмалари эътиборида” мавзуларида акция­лар ўтказилиб, кам таъминланган оилаларга, кексаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга, етимларга, Меҳрибонлик уйи ва махсус мактаб-интернат тарбияланувчиларига хайрия ёрдамлари кўрсатилди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 нафар талабага 18 миллион сўмлик касаба уюшмалари стипендияси, 3 нафар ёш касаба уюшмаси аъзосига санаторийларга йўлланма берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича акцияси доирасида республикамиздаги 417 нафар боланинг суннат, 225 та ёш оиланинг никоҳ тўйлари ўтказиб берилди. Бу тадбирларга 2 миллиард 30,4 миллион сўм маблағ сарфланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги  қарори  ижроси юзасидан 103 та кам таъминланган оила турар жой билан таъминланган бўлса, 560 та оиланинг уйлари таъмирлаб берилди. 191 та оилага тиббий ёрдам кўрсатилиб, 3444 та оила маиший буюмлар билан таъминланди. Жорий йилда Мўйноқ туманида “Оқ кема” болалар соғломлаштириш маркази фойдаланишга топширилди.

Конференцияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғис­тон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси У.Жалменов қайта сайланди. Шунингдек, бирлашма Кенгаши назорат комиссиясининг аъзолари ва раҳбари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурилтойига делегатлар сайланиб, Федерация Кенгаши аъзолари таркибига вакиллар тавсия этилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилинди. Тадбирда Қорақалпо­ғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ­Қ.Сариев иштирок этди. 

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.