Коррупциянинг олдини олиш барчамизнинг бурчимиз


Бугунги кунда дунёда инсониятни ташвишга солаётган энг глобал муаммолардан бири – коррупция жиноятидир. Коррупция жамиятни турли йўллар билан исканжага олувчи иллат эканлиги, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиши, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши барчамизга маълум.

«Коррупция» сўзи лотинча «corruptio» сўзидан олинган бўлиб, «бузиш, сотиб олиш» деган маънони билдириб, юридик энциклопедияда «Коррупция» сўзи амалдор шахслар ўзларига берилган лавозимлардан фойдаланиб, ўзининг шахсий манфаатини ўйлаб бойлик орттириш мақсадида мамлакат қонунларига қарши келадиган ҳар хил пора олиш, пора бериш жиноятлари билан шуғулланиш деб таърифланган.

Коррупция мансабдор шахснинг ўз ваколатидан фойдаланиб, ўзининг манфаатларини кўзлаб, ахлоқ ва одоб қоидаларини бузган ҳолда амалга оширган жиноий ҳаракатлари йиғиндиси бўлиб, бу жиноий ҳаракатлар пора олиш воситасида амалга оширилади. Содда қилиб айтганда, пора иш битказиш йўлидир. Майда порахўрликлардан илдиз отган коррупция ортидан бир қанча жумладан, талон-торож қилиш, контрабанда, одил судловга қарши, божхона, солиқ соҳасидаги жиноятлар содир бўлади. Коррупция деганда мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият тушунилади. 

Бир қанча йирик жиноятлар майда ҳуқуқбузарликларнинг йиғиндисидан ва уларга чора кўрилмаслиги оқибатида юз беради. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, олиш бериш усули ҳар хил, лекин моҳияти битта – пора, коррупция. Пора олиш, пора бериш коррупцияга қараганда торроқ тушунча бўлса-да, айнан коррупция аталмиш салбий иллатнинг бир кўриниши ҳисобланади.

Коррупция учун фақат пора олувчи мансабдор шахслар эмас, балки берувчи шахс ҳам жавобгар бўлади.

Коррупция биринчидан,жамиятда адолатсизлик, тенг­сизлик ва қуйи табақаларнинг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳалардаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди, иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Шу билан бирга, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта тузилди. 

Сўнги уч йилда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, “Йўл хариталари” ҳамда чора-тадбирлар режалари тасдиқланди. Қолаверса, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун билан ҳар бир давлат органининг вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Аммо, шундай бўлса ҳам коррупция ҳолатлари ҳали ҳам кузатилаётгани, бундан халқимиз азият чекаётгани бор гап.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги қарори билан эксперимент тариқасида, дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳани бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этиш белгиланган эди. Ўйлаймизки, бу каби тизимли ишлар албатта ўз самарасини беради.

Г.САДАТДИНОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси бош юрисконсульти.