КОРРУПЦИЯ — ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ


Демократик давлат, фуқаролик жамиятини қуриш йўлида ривожланаётган ҳар бир мамлакат ўзининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, моддий ва маънавий тараққий топиши учун барча имкониятларини ишга солади.

Жамиятнинг ривожланиши йўлида юртнинг ҳақиқий фарзандлари ўзининг матонати ва касбига садоқати билан жон куйдириб меҳнат қилсалар, ­мамлакат тақдирига бепарво айрим фуқаролар эса ­фақат ўзини ўйлаб, уни “кемирадилар”.  Миллат ­кушандаси дея аталмиш коррупция иллати ҳам ҳар бир давлат ривожига катта тўсиқ бўлувчи вабо саналади.

Бугун дунё мамлакатлари қатори бизнинг Ватанимизда ҳам коррупция иллатига қарши кескин ва муросасиз муносабатни шакллантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комис­сиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурларининг қабул қилинганлиги юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши ­курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилинганлиги бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад эса юртимизда коррупцияга қарши курашиш ­тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ­ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг ­халқаро майдондаги ижобий имиджини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.

Божхона органлари фаолиятида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, божхона ходимларининг ҳалол, масъулиятли, софдил ва адолатли бўлишлари юзасидан доимий равишда тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилиши йўлга қўйилган. Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими томонидан жорий йил давомида ўтказилган 21 та маъруза, 39 та ходимлар билан индивидуал профилактик суҳбат ҳамда ходимларнинг яқин қариндошлари иштирокидаги ­йиғилишлар ҳам айнан тизим ходимлари ­онгида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва пок, виждонан амалга оширишлари тарғиботи йўлида амалга оширилди.

Яна бир марта эслатиб ўтиш жоиз, барча жисмоний ҳамда юридик шахслар, божхона соҳасига оид саволлар ҳамда мурожаатларини Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ёки Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасидаги 61 224-90-86 ишонч рақамига қўнғироқ қилиб йўллашлари мумкин.

Руслан Ещанов,

«Даўит-ата» чегара божхона постикатта инспектори.