Мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги муҳокама қилинди


Яқинда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташаббуси билан Қорақалпоғистондаги халқ таълими муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни бўйича онлайн семинар ўтказилди.

Унда Таълим инспекцияси раҳбари Улуғбек Ташкенбаев, Қорақалпо­ғистон Республикаси Халқ таълими вазири Аманжол Аяпов, тегишли бош­қармалар, инспекциянинг ҳудудий бўлими, шаҳар ва туман халқ таълими раҳбарлари, шунингдек, хал­қаро баҳолаш дастурларига ихтисослаштирилган 26 та таянч мактабларининг директорлари қатнашди.

Тадбир давомида таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёр­лаш бўйича ҳаракатлар дастурида белгиланган тадбирлар ижроси, ўқиш қорақалпоқ тилида олиб бориладиган умумтаълим фанларидан онлайн дарсларга тайёргарлик ҳолати, халқаро баҳолаш дастурларига ихтисослаштирилган таянч мактабларида амалга оширилган ишлар, янги қурилишлар ҳамда давлат дастурлари асосида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари юзасидан маълумотлар тингланди.

Таъкидланганидек, 7 август кунги ҳолат бўйича 726 та мактабдан 677 таси янги ўқув йилига тахт қилиниб, 378 та мактабда оптик алоқа линиялари ташкил этилган.

Семинарда 2020 йилда режалаштирилган педагог кадрлар аттестациясига тайёргарлик, комиссияларнинг вазифалари ва уларнинг қарори билан педагог кадрларга сертификат топшириш жараёнларида камчиликларга йўл қўймаслик бўйича ҳам фикрлар алмашилди.

Шунингдек, коронавирус пандемияси сабабли жорий йил давомида малака сертификатларининг амал қилиш муддати 31 декабрга қадар узайтирилгани маълум қилинди. Муҳокама давомида педагогларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва натижаларни баҳолаш мезонлари бўйича иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.