МАНЗИЛИ ОБОДЛИК ЎЗБЕКИСТОНИМ!


(Янги йил табриги)

Салом азиз халқим, салом азиз дўст,

Янги йил, янги кун муборак бўлсин.

Ҳур Ўзбекистоним яйра, яшна, ўс,

Ҳар лаҳзанг, ҳар тонгинг нурларга тўлсин.

Ассалом орзулар, янги ниятлар,

Янгиланган умид мақсадлар салом.

Қаранг, ҳар кўнгилда тошиб қудратлар,

Юракдан тўкилар янги ҳур калом.

Юртим хазинаси бойлиги ёшлар,

Юртбоши меҳридан куч олган авлод.

Янги йил сиз учун, янги йўл бошлар,

Шу йўлда тобланар сиздаги сабот.

Мурожаат халқ учун меҳр ва қудрат,

Мурожаат янги йил солномасидир.

Тинчлик, фаровонлик, бахту-саодат,

Ҳар оиланинг оқ остонасидир.

Дунё сўзлар юртим саодатини,

Муҳаббатга тўла меҳрли оним.

Адолат, Ҳақиқат, Иноятини,

Янгилаган янги Ўзбекистоним.

Ассалом Янги йил, Янги авлодим,

Қалбингда яшарсин қадим ҳикматлар.

Ассалом тўрт ёни обод маконим,

Меҳрдан туғилган янги зурриёдлар.

Дўстим, янги ҳаёт, янги қанотдир,

Самони тўлдирсин янги парвозинг.

Ҳар мақсад жўш урган, янги саботдир,

Етти иқлим аро етсин овозинг.

Янги йил халқимнинг янги зафари,

Дўстим, фахр билан тўлсин ҳар онинг.

Қутлуғ бўлсин юртим янги сафаринг,

Манзили ободлик Ўзбекистоним!

Гулистон МАТЁҚУБОВА,

Қорақалпоғистон халқ шоири ?